ҲАЗРАТИ ХАЙЁМ
Дунё дегани бу – тўнтарилган жом,
Дам бу дамдир – асли энг гўзал айём.
Юрак хумдонида минг йиллик май бор,
Тўйиб ичмаймизми, ҳазрати Хайём?
“Оҳ” урсам “оҳ”имда осмон чайқалур,
Жисмимда оловли исён чайқалур,
Энди ошкор қуйинг бу майи нобни,
Ҳарчандки,
Дилда ишқ пинҳон чайқалур.
Ҳар лаҳза бахт деган боқий кезмасми,
Ҳар нафас – ишқ берган олий измасми?
Майхона ўрнида,
Мажнун қабридан,
Майсалар унибди – ўша бизмасми?
Неча бор эврилди теварак жаҳон,
Не-не қасру боғлар бўлдилар яксон.
Жаннатдин чакиллаб бир томчи томар –
Майми У? Дил қони?
Билолмай ҳайрон...
Сиз унда, мен бунда чодир тикайлик,
Чоғир ила ғаму ҳасрат чекайлик.
Бу саҳро Мажнунсиз ғариб қолибди,
Келинг, кўнглимизни ерга экайлик…
Бир қатим “ҳис” ила “ҳирс”нинг ораси,
Ажрата билмоқнинг борми чораси?
ҳис – Руҳнинг жилваси,
ҳирс – нафснинг майли,
Лаззатдир қалбдаги Ишқнинг яраси!
Энг оғир жиҳоддур Жисму Жон жанги,
ҳамиша қон эрур лолалар ранги.
Шу қадар аччиқ бир хунга ташнамиз,
Недир бизга асли қари ток занги?
Изнсиз қораймас ҳар гиёҳ, гул деб,
Қалбдан Аршга ўтар дўзахий йўл деб,
Куфрона сўзласам, имлади ҳазрат,
Илоҳий сирни фош этма, жим бўл, деб!...
Кимлар келиб кетди чарх айвонида,
Руҳимиз энг олис юлдуз ёнида.
Дунёга келмаган бир бўйдан мастмиз,
Йўқлик кутиб турган Вақт поёнида!
Кўзагар қўлида бир парча лойим,
Унинг измидадир ажру хатойим.
Гуноҳкор тупроқдан қориган бўлса,
Нечун пок Руҳига қўшар Худойим?
Фалакнинг чархидай айланади чарх,
Яна бир ижодга шайланади чарх.
Дўзах оловида куйдириб олиб,
Пишсам, нечун яна ўйланади Чарх?
Аҳли дил бу ердан ўтиб кетибди,
Изларин қаро қум ютиб кетибди.
Энди чодирларни йиғайлик, ҳазрат,
Биз кутган Ёр бизни кутиб…
Кетибди!...
Зебо Мирзо
@Zebo_Mirzo