1-асар, 11-саҳифа (1.11)
Курсантларнинг барчаси ватанда спорт билан қаттиқ шуғулланганлиги сабабли ўн чақиримга югуриш ҳеч кимга қийин туюлмади. Казармага қайтиб юз-қўлларини ювишгач, саф тортиб курс ошхонасига йўл олдилар.
Овқатлар оддий аскарларникига ўхшамасди. Биринчи, иккинчи овқатлар гўштга лиқ тўла. Ҳаммалари иштаҳа билан тановул қилиб яна саф тортганча ташқарига чиқишди.
- Ҳозир иккинчи машғулотлар бошланади. - эълон қилди сержант курсантларнинг камарларини бир-бир кўздан кечириб чиқаркан. - Ичкарига кириб чўмилиш учун мўлжалланган махсус кийимларни қабул қилиб оласиз! Қани, омборга марш!
Кийимлар олингач, бир чақиримча олисга боришди. У ерда кичик-кичик бир нечта кўл бўлиб, атрофи баланд сим деворлар билан ўралган эди. Кираверишда озғиндан келган, юзлари захил, кўзлари худди маймунникига ўхшаб кетадиган бир рус йигити курсантларни бирма-бир кўздан кечирди.
- Сен ҳов анови кўлга тушасан! - деди у Мадалига совуққонлик билан.
Мадали йигит кузатуви остида хотиржам ичкарига қадам қўйди. Не кўз билан кўрсинки, кўл ичи ғиж-ғиж илон эди. Катта-кичик илонни кўриб эти жунжикиб кетди ва савол назари билан йигитга қаради.
- Ҳозир сен шу кўлга тушиб ўттиз дақиқа давомида чўмиласан, - тушунтирди йигит. - Агар илонлардан енгилсанг, яъни қўрқиб сувдан чиқиб кетсанг, демак, синовдан ўтолмадим деб ҳисоблайвер. Лекин, билиб қўй, токи уларни енгишга ўрганмагунингча ҳар куни шу машғулот такрорланаверади. Хўш, тушунтира олдимми?
- Ҳа, - деди Мадали лабларини асабий тишлаб.
- Унда, бошла.
Мадали кийимларини алмаштириб истар-истамас сувга тушди.
Илонлар шу қадар кўп эдики, у ёқдан-бу ёққа бемалол сузиб боришга қўйишмас, нуқул билакларига, оёқларига ўралашаверарди.
Мадали ярим соат давомида бир амаллаб илонларга чап беришга эришди ва, ниҳоят, сувдан чиқди.
Шу пайт негадир тепада кузатиб турган йигит кулиб юборди.
- Нега куляпсиз? - беихтиёр жаҳли чиқиб сўради Мадали. - Ўттиз дақиқа суза олдим-ку!
- Тўғри, суза олдинг, маладес! Аммо бу илонлар ҳақиқий илонлар эмасди. Сен пайқамадинг. Машғулот бошлаш учун махсус тайёрланган ўйинчоқ илонлар. Ҳақиқийлари, ҳов, анови каттароқ кўлда сузиб юрибди. Эндиги ишинг ўша кўлга тушиб, илонлар билан олишиш. Энди улардан қочиб юришинг эмас, аксинча, ўлдиришинг талаб этилади. Илонларга баданингни чақтирмай, қанча кўпини ўлдирсанг, баҳоинг шунча кўтарилади. Қани, бошла!
Мадали ярим соат тўхтамай сузавериб анча ҳолдан тойганди. Аммо буни манави сўхтаси совуққа уқтириб бўлмайди.
У оёқларини судраганича ўша кўл томон юрди.
Ҳақиқатан, бу кўлдаги илонларнинг тезлиги ҳам, ҳаракатлари ҳам наригиларидан фарқ қиларди.
Бироқ яна ярим соатга зўрға чидади.
У юқорига чиққач, қаердандир ғаввослар кийимини кийиб олган йигит пайдо бўлди-да, сувга тушиб ўлган илонларни санаб чиқди.
Мадали йигирмата илон ўлдирибди.
Бу кузатувчининг айтишича, энг юқори кўрсаткич экан.
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz