1-асар, 18-саҳифа (1.18)
Қишлоқда ўсиб катта бўлган йигит учун, албатта, бундай кенг, қалин ўрмонларни кўриш қизиқарли кечади. Аммо шу тобда ўрмон, гўзаллик ҳақида ўйлашга вақт йўқ. Совуқ тобора кучайиб бормоқда. Ана, қор ҳам учқунлай бошлади. Аввалига панароқ жой топиб исинмаса, бу совуқда қотиб ўлиш ҳеч гап эмас.
Мадали шохларга урила-урила кетиб борар, хаёлида фақат бир ўй - қандай бўлмасин, ғорми ё шунга ўхшаш пана, иссиқ макон топиб тунаш!
Қайсидир қайинга етиб, шох-шаббалар устига оёқ қўйиб, нафас ростлаш учун тўхтаганди, оёғи тойиб кетди ва чуқурга қулади. Бу қандайдир сониялар ичида шу қадар тез содир бўлдики, нима эканини фаҳмлашга улгурмай қолди.
Яхшики, тушган ери қаттиқ эмасди. Ниманингдир устига йиқилди. Ҳеч қаери лат емади.
Устига ўпирилиб тушган қорни тозалаб кўр-кўрона ўзи ўтирган нарсани пайпаслаб кўрди.
- Нима? Нима бу? - йигит жон ҳолатда ўрнидан туриб ўзини четга олди.
Чуқурнинг кенглиги икки метрча келар, тик турганда бош кўринмай қоларди.
Мадали ҳамон ишонқирамай, бир муддат титраб-қақшаб чуқурда узала тушиб ётган мурдага тикилиб турди.
Наҳотки, қабристон бўлса бу ер? - ўйларди у. - Энди нима қиламан? Йўқ, мен қўрқмаслигим керак. Курсни эсга олишим зарур. У ерда неча марталаб ўликхоналарга бордим. Ўликларни мана шу қўлларим билан ушлаб кўрдим. Неча кунлаб уларнинг орасида яшашга мажбур қилишди. Нега бирдан қўрқиб кетдим? Ахир, мен жосусман!
Мадали ўзини қўлга олиб оҳиста энгашди-да, мурдани яна бир карра қўллари билан текшириб кўрган бўлди.
Эркак киши экан. Кўринишидан икки-уч кун олдин кўмилган. Қизиқ, нега бу ўрмонга кўмишди экан? Ҳа-а, тўхта.
У пайпаслай-пайпаслай, мурданинг чўнтакларидан ҳамён топди. Ичида бир даста пул ҳам бор экан. Қоронғиликда қандай пул эканини аниқлай олмади.
- Нима фарқи бор? - деди ўзига ўзи. - Омадим кеп қолди. Бу пул билан энди очдан ўлмайман. Энди бемалол мана шу ерда ухлаб, тонг отганда йўлга тушаман.
Мадали кўнгли бироз таскин топгандек, секин мурданинг ёнига ёнбошлаб кўзларини юмди.
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz