1-асар, 19-саҳифа (1.19)
- Алёша, қара, чуқурда яна кимдир ётибди. - Мадали юқорида кимларнингдир шивир- шивири қулоғига чалингандек, секин кўзларини очди. Тонг аллақачон ёришиб бўлган. Тепасида бир аёл ва эркак ҳайрат аралаш унга тикилиб турарди.
Сира ўзини йўқотмади. Совуқ жон-жонидан ўтиб кетганига қарамай, икки қўлини қўлтиқлари орасига тиққан кўйи, инқиллаб ўрнидан қўзғалди.
- Ие, тирик экан! - аёл бир қадам ортга чекиниб ёнидаги эркакка Мадалини кўрсатди. - Ким бу? Сўрасанг-чи! Айт, тез юқорига чиқсин!
- Ҳой, йигит, қани, юқорига чиқ! - буюрди эркак. - Нега қараб турибсан? Чиқ!
“ Адашмасам, булар менинг халоскорларим, шекилли, — хаёлидан ўтказди Мадали. — Хайрият, шаҳар қидириб сарсон бўлмайдиганга ўхшаб қолдим. Лекин буларга нима дейман, кимлигимни сўраб қолишса-чи ? Эгнимдаги кийимимдан ҳидланиб қолишлари мумкин. Йўқ, беҳуда олти ой ўқимадим-ку ! Наҳотки, арзирли баҳона ўйлаб тополмасам ? ”
Мадали шошилмасдан эркак кўмагида юқорига кўтарилди. Аёл унинг совуқдан қизариб кетган юзлари, бурнини кўриб янада ортга чекинди.
- Кимсан? - сўроққа тута бошлади эркак. - Бу ерга қаердан келиб қолдинг? Гапир!
- Менми? - Мадали титрарди. Шундай бўлса-да, иложи борича ўзини тутиб олишга уринарди. - Мен мусофирман. Адашиб қолдим. Ҳеч кимим йўқ.
- Чуқурни қандай топдинг?
- Топганим йўқ. Ўрмонда кетаётгандим, дабдурустдан тушиб кетдим.
- Чўнтагини кавла, чўнтагини! - буюрди аёл. - Пулларни олволган бўлмасин тағин.
- Тўғри айтасан. - эркак қаршисидаги баланд бўйли бу йигитга эҳтиёткорлик билан яқинлашиб чўнтакларига қўл солди.
Мадали қаршилик билдириб ўтирмади. У биларди. Энг асосийси, бошпана топса бас. Қолганини аста-секинлик билан уддалай олади.
- Ҳа-а, - эркак Мадалининг чўнтагидаги ҳамённи олди-да, югурганича аёлнинг ёнига борди. - Шу олган экан, қара! Пулларни шу олган экан.
- Ҳой бола, бизга яқин келма. - аёл тўсатдан пўстини орасидан тўппонча чиқариб Мадалига ўқталди. - Яқин келсанг, отаман!
- Менга бу пулларнинг кераги йўқ! - деди Мадали ўзини жилмайишга мажбур этиб. - Яхшиси, мени шаҳарга олиб бориб қўйинглар! Сизларга, албатта, ёрдамим тегади.
- Шаҳарга? Бекорларни айтибсан! - ҳамон тўппончани унга ўқталганича жавоб қилди аёл. - Манави мурдани кўргансан. Сотмоқчимисан бизни-а? Чучварани хом санабсан!
- Нега сотарканман? - деди Мадали. - Жуда очиққанман. Совуқдан ўлиб қолишим мумкин, тушуняпсизларми? Ишонинг, бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч қачон оғиз очмайман. Шаҳарга олиб борсаларинг бас.
- Қасам ич! - эркак оҳиста Мадалига яқин келиб кўзларига боқди. - Қасам ич, дедим!
- Қасам ичаман.
Эркак шеригига юзланди.
- Хўш, нима қиламиз?
- Майли, уйга олиб борайлик, қасам ичди-ку! Қолаверса, пуллар қўлимизда. Фақат чуқурни қайтадан беркитиб ташлаш керак.
- Албатта. Қани, йигит, иккаламиз аввал чуқурни беркитайлик! Ундан кейин бемалол уйга жўнайверамиз.
Мадали қувониб кетди. Азбаройи хурсандлигидан совқотгани ҳам ёдидан чиқиб қор босган дарахтлардаги шохлардан синдира-синдира чуқур устига ташлай бошлади.
Аёл эса барибир қўрқар, шу сабабли тўппончасини у тарафга қаратганича химояланиш билан овора эди.
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz