1-асар, 26-саҳифа (1.26)
Улар кунни фақат суҳбатлашиб ўтказишди. Бу орада Мадали яна икки марта дўкондан ароқ олиб келди... Лекин ҳайратга тушмади... Илгари ҳам пиёниста аёлларнинг ҳаддан зиёд кўп ичишларини эшитган эди...
Шу билан бирга, у ҳамон сир бой бермасди ҳам. Ёлғонни шу қадар усталик билан тўқиб ташладики, унинг ачинарли, дардли ҳикоясини эшитган Маруся анча пайтгача сукут сақлаб, бош чайқаб ўтириб қолди. Сўнгра ўзининг бошидан ўтган ишларни ҳикоя қилиб берди.
Айтишича, ўрмондаги мурда аслида унинг никоҳсиз эри экан. Анча ўзига тўқ экан-у, Марусяга кейинги вақтларда ёрдам бермай қўйибди.
- Унга фақат менинг манави оппоқ баданларим керак эди. - дея ҳикоясини тугатди у. - Келарди-да, олдимга бир-икки шиша винони қўйиб, ичириб, сўнгра бир-икки соат қучоғимда айшини қилиб чиқиб кетарди... Менга жуда алам қилади. Негаки, у шу кетганича ҳафталаб йўқолиб кетади. Мен бўлсам, уни кутиб ўтираман. Ейишга ноним ҳам бўлмайди баъзида. Йўқ, дедим охири. Мен ҳали ёшман. У бўлса, олтмишга бориб қолган. Ўзинг ўйла, ўттиз ёш катта мендан. Шундай ёш жазмани бўлади-ю, нега топганини олдимга сочиб ташламайди?.. Алдаб ўрмонга олиб бордим-да... Хуллас, менга энди барибир. Майли, қамашсин. Отиб ташлашсаям розиман. Ҳаммаси жонимга теккан...
- Тўппончани қаердан олгансиз? - қизиқсиниб сўради Мадали.
- Тўппончаними?.. Буям ўшанинг матоҳи эди... Бир кеча аввал ухлаб ётганида яшириб қўйгандим... Бўлди, юр, ётайлик!..
Мадали аёлнинг ҳикоясидан таъсирланиб секин ўрнидан қўзғалди.
- Бугун мени хурсанд қилгин, Ботир! - кутилмаганда Маруся чайқалиб келиб Мадалининг елкасига бошини қўйиб олди...
У ҳеч қачон бегона аёл билан бу қадар яқин туриб кўрмаган. Бундай ҳолатни тасаввурига ҳам сиғдира олмайди... Ғалати бўлиб кетди ва аёлдан узоқлашмоққа шайланди.
- Овора бўласан. - ҳиринглаб кулиб кафтлари билан Мадалининг юзларини силай бошлади Маруся. - Ҳеч бегона аёл билан ётиб кўрганмисан?
- Й-йў-ўқ.. - деди Мадали негадир тиззалари титраб. - Бўлмаганман...
- Унда, жуда соз!.. Бу тун мен сенга аёл билан бирга бўлиш сирларини ўргатаман. Қара, сонларимга бир назар ташлагин!.. Чиройли-а? Чиройлими?..
- Опа... - Мадали уялиб тескари ўгирилди. - Илтимос, менга... Бошқа хонага жой тўшаб берсангиз...
- Бекорларни айтибсан! Бу уйнинг эгаси ким?
- С-сиз...
- Шундай экан, бу уйда фақат менинг айтганим бўлади... Ахир, кўзгуга бир қара! Қандай келишган, бақувват йигитсан. Шундай йигит ҳам аёлдан қўрқиб ўтирадими?.. Уялгин-э... Ё... Ҳалигидай... Мижозинг сустми?..
Мана шу гап Мадалининг иззат-нафсига тегди... Чунки, бу тахлит гапларни эшитиш эркак учун шармандалик эканини яхши билади...
- Мижозимни кўрсатиб қўяйми?.. - таваккал қилди Мадали.
- Ҳа-да, жоним, мен айнан шуни кутаяпман!.. - Маруся эркаланиб унинг бўйнига буткул осилиб олди. - Қўрқма, қандай хурсанд қилишни ўзим ўргатиб қўяман...
Мадали аёлни даст кўтарди-да, каравотга ётқизди.
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz