Behzod Fazliddin


Channel's geo and language: not specified, not specified
Category: not specified


Behzod Fazliddin bitiklari; o‘zbek hamda jahon adabiyotidan namunalar, jamiyat, ma’naviyat, shaxs, ijod va e’tiqod... borasida fikr-mulohazalar, suhbatlar, hikmatli so‘zlar va boshqalar...
www.behzodfazliddin.uz
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
not specified, not specified
Category
not specified
Statistics
Posts filter


ЖОНИМ

Ўт ичида яшаш осонми, Жоним,
Нечуксиз? Жонингиз омонми, Жоним?
Айириб қўйишди йўлларимизни,
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?

Кўнгилнинг юртидан кетиб бўлмайди.
Синовсиз манзилга етиб бўлмайди.
Ахир муҳаббатнинг кўчаларидан
Юракка тош солиб ўтиб бўлмайди.

Ер, Само биз билан – қисинмайдилар,
Ўткинчи кучларга бўйсунмайдилар.
Тушуниб турибди Худойим бизни,
Нега бандалари тушунмайдилар?!

Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?..

2004

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим китобидан


Қайсидир йили вилоятлардан бирида ижодий сафарда бўлдик. Жойларга чиққанимизда, ҳудуддаги “Зулфия”чи қизлардан бири ҳамроҳ бўлди. Сир эмас, нуфузли давлат мукофоти соҳибаси бўлган бундай қизларга одамлар орасида “бошқачароқ” қараш бор: ҳар икки маънода. Кимлардир чин дилдан ҳавас қилади, бировлар мийиғида истеҳзоли кулиб қўяди. Қисқаси, буни ўша қизнинг ўзи ҳам жуда яхши билгани учунми, одоб сақлаб турар, имкон қадар яхши таассурот қолдиришга уринаётгандек эди. Сўз навбати унга берилганида яхши гаплардан айтиб, ижод намуналаридан ўқиб берди. Одатдаги баландпарвоз гаплар йўқ, сийқа жумлалардан холи шеърий сатрлари билан бир зумда кўпчилик эътиборини тортди; айниқса, ўқувчи қизларнинг унга ҳаваси келаётгани сезилиб турарди. Барибир, қиз ўзини ноқулай сезаётгандек эди...
Бундай илиқ-совуқ муносабатлар жонидан ўтган бўлса керак, тушлик пайтидаги суҳбатда қизнинг ўзи ёрилди: “Зулфия”чи деб таништиришса, кўпчилик энса қотириб қарашига кўникиб кетганман. Аммо баъзан одамга жуда оғир ботади. Менимча, сиз ҳам шундай қарайсиз-а?”
Синглимиз оддий ишчилар оиласидан экан. Ёзганлари чакки эмас. Энг муҳими, фикрлаяпти, келажак учун аниқ мақсади бор! Хурсанд бўлдим.
Шунга ўхшаш яна бир воқеа. Бир кўрсатувда иштирок этиш учун таклиф қилишди. Ҳамсуҳбатлардан бири “Зулфия”чи экан. Очиғи, суҳбат қовушмаса керак, деган маънода айнан бу сафар эмас, кейинги кўрсатувларига боришим мумкинлигини айтдим. Съёмкадан бир кун олдин яна телефон бўлди: “Келмасангиз бўлмайди! Илтимос...” Базўр бордим. Тўғриси, жараён бу қадар яхши кечишини тасаввур қилмагандим. “Зулфия”чи синглимиз жуда самимий, куюнчаклик билан юракдан гапирарди. Ҳатто “Анча мулоҳазали, камтар экан” деган ўй ўтди.
Ҳамма “Зулфия”чилар, шу унвонга эришишни тушларида кўриб чиқаётган қизчалар ҳам, ҳеч бўлмаса, ана шундай бўлса эди...
Зулфия мукофоти соҳибаларини ёппасига қоралаш ё баъзиларини мақташ, беҳуда баҳс қўзғаш ниятидан йироқман. Фақат йўл-йўлакай хаёлдан ўтган ушбу мулоҳазаларни кимларгадир таъсири бўлар деган мақсадда ҳавола этяпман. Ушбу унвонга ярашиб турган ижодкор сингилларим эса юксак ишончга муносиб бўлиш кераклиги, халқ меҳри ҳамма мукофотлардан аъло эканини яна бир бор ҳис қилганига ишонаман. Мукофот илинжида ҳар ҳунарга тушаётган айрим қизлар, уларнинг ота-оналарига шоирани яқиндан билган шогирдларидан бирининг сўзларини эслатгим келади: “Зулфия опа доим ҳақиқат тарафида бўлишга ҳаракат қиларди, адолатсизликка чидаб туролмасди...”
#Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим

@Behzod_Fazliddin


ЁМОНИ ЙЎҚ ЖОЙГА КЕТАМИЗ

Бу дунё – руҳимнинг азоби,
Эзгулик – умримнинг савоби.
Қўй, энди йиғлама, кўнгилжон,
Бор ахир барчасин ҳисоби,
Қўлни бер, пок жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Кўзларим қадалган самога,
Ташнаман бир ҳовуч зиёга.
Чарчадим заҳарли сўзлардан,
Юр, энди ғийбату иғвога –
Макони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Чопамиз Қуёшнинг изидан,
Ўпамиз гулларнинг юзидан.
Қизариб бир ширин туйғулар
Топамиз лоланинг кўзидан.
Армони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Кўзимни севинч ҳам ёшласин,
Қўлимни омад ҳам ушласин.
Тишларнинг изи бор кўксимда,
Энди Бахт лабимни тишласин.
Зиёни йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Йилт этган зиёга зор кўнглим,
Биз истар дунёлар бор, кўнглим.
Муниса Онамнинг кўнгли бўш,
У бизни кутяпти, юр, кўнглим,
Ёмони кўп жойда нетамиз –
Онамнинг кўнглига кетамиз,
Онамнинг кўнглига кетамиз!

2001
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin


Илмни яхши ният билан ўрганиш керак. Аммо биров билан баҳс бойлашмоқ, талашишмоқ учун ўрганиш керак эмас. Баҳс, аввало, кўнгилдаги ишончни мустаҳкамлаш учун бўлса – бу зарар эмас, лекин ҳаддан ошиб кетса – кишини тузатишдан кўра ҳам кўпроқ бузиб қўйиши мумкин. Бунинг сабаби: баҳс қилувчилар кўпроқ ҳақиқатни аниқлаш учун эмас, балки бир-бирларини енгмоқ учун ҳаракат қилишади. Бундай баҳс хусуматни кучайтириб, одамгарчиликни йўқотишгача олиб боради. Бу ҳолда асосий мақсад илм ўрганиш бўлмай, одамнинг юзини ёлғон сўзга бурадиган бўлиб қолади. Бундай мақсад фақат бузуқ кишилардагина бўлади. Тўғри йўлдан кетаётган юзта одамни адаштирган киши эгри йўлдан кетаётган битта нотавонни тўғри йўлга солган кишидан садқаи кетсин! Баҳс – бу ҳам аслида илм ўрганишнинг бир йўли. Бироқ унга ортиқча ҳирс қўйиш ярамайди. Чунки баҳсга ортиқча ҳирс қўйишдан мағрурлик, мақтанчоқлик, хусумат, ёлғончилик, ҳатто арзимаган нарсадан жанжал чиқариш ва бировга мушт кўтариш каби ёмон фазилатлар туғилади.

Абай “Насиҳатлар”идан.


***
Уйғониш нақадар гўзалдир,
Тириклик лаззати беназир.
Созингнинг умрини узайтир,
Йўлингга ёғдулар мунтазир.

Қучоғин тўлдирмиш боғларга,
Бағритош эмасдир, бағритош.
Бир қара мўйсафид тоғларга,
То ҳануз боладай кўнгли ёш.

Cўқмоқлар абадий саволдир,
Қоялар – буюклик ошиғи.
Саболар ҳаётбахш наводир,
Жилғалар – муҳаббат қўшиғи.

Булутлар бўйнида арғимчоқ,
Турналар алқаган айём бу.
Қўлингдан келади яшамоқ,
Севгидай бебаҳо инъом бу.

Хаёлни қўй, оғир хаёлни,
Ярашмас бемаврид ўртансанг.
О, юрак, билмайсан заволни,
Баҳорга ўхшашни ўргансанг.

2010

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим китобидан


Бугун шу бадиҳа-шеър роппа-роса 15 ёшга тўлибди. Кайфият учун ҳавола этгим келди

СИЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН

Юрагингиз қуёшдан катта,
Юлдузларга ватан – кўзингиз.
Иккимизнинг жонимиз битта,
Менинг ўзим – Сизнинг Ўзингиз.
Мен Сиз билан Бахтга бораман,
Она, Сизни яхши кўраман!

Қошларимиз ўхшаб кетади,
Кўзингизда кулиб турибман.
«О, у кунлар қачон қайтади!..»
Қўмсаяпсиз, билиб турибман.
Ҳамон Сизга дўстдай юраман,
Опа, Сизни яхши кўраман!

Бугун сенда баҳорни кўрдим,
Юлдузларга термиласан жим.
Хуш дамларга яна юз бурдим,
Сен баҳорга ўхшайсан, синглим.
Ол, кўкламни сенга бераман,
Синглим, сени яхши кўраман!

Капалакли кўйлагингизга
Тегмай туриб, титрайди қўлим.
Тўймаяпман бўйларингизга,
Сиз, барибир, бошқасиз, Гулим.
Лабингизда шабнам бўламан,
Гулим, Сизни яхши кўраман!

Яшнаяпман меҳрингиз билан,
Ҳаётимга ифорлар сочиб.
Яшаяпман муҳаббат тўла –
Дунёларга кўксимни очиб.
Мен юраги осмон боламан,
Ҳаммангизни яхши кўраман,
Ҳаммангизни яхши кўраман!

2003 йил 4 март

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан китобидан


ТАНБЕҲ

Имтиҳон бошланар имтиҳон билан,
Довонга ўтасан бир довон билан.

Офтобга чиқасан бир қадам қўйсанг,
Видолашгинг йўқми зимистон билан?

Назарингни тўйдир нафсингдан олдин,
Кунинг ўтмай қолмас бурда нон билан.

Кунда иддаодан муддао надир,
Қаёққа борасан шу исён билан?

Бу йўлда ўзингни ўзинг қутқаргин
Покиза диёнат, тоза қон билан.

2008

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим китобидан


ТУГАМА(ЙДИ)ГАН ШЕЪРЛАР

*

Ҳўнграб ҳам шунчалик қийналмас эдим,
Менинг кулгуларим йиғидан баттар.
О, бу қадар узоқ ўйланмас эдим,
Сўзимга изма из юрмаса хатар...

*


Битта қанотда ҳам учган бўлардим,
Йўл топиб олардим ўзим осмонга.
Қуёшга яқинроқ жойда ўлардим,
Қайтмасдим ғам тўла ёруғ зиндонга.

***

Ёниб борар қўлимда қалам,
Ҳамма гаплар айтиб бўлинган,
Сўз даштида дайдиб бўлинган,
Тинч қўймайди Дард деган болам...

2007

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан китобидан


Тўғри, кўнгилочарлик – телевидение хусусиятларидан бири, лекин бу унинг бош ва бирламчи функциясига айланиб қолмаслиги керак.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим


Асқад МУХТОР

АСРИМ

Тахтлар қулади, топталди тожлар,
Худолар йиқилди юзтубан.
Ўзлигин таниди муҳтожлар,
Қитъалар уйғонди уйқудан.
Сўзларимиз
баъзан қон, чақин,
Темир жаранги-ла ёзилди.
Аммо майдаланди,
ой бўлди яқин,
Мозорлар, дарсликлар бузилди.
Барин кўрдим,
севдим асримни,
Бутун фожиаси, даҳшати билан,
Бутун гўзаллиги, қудрати билан,
Севдим мен замондош наслимни.
Курашиш, емириш,
яратиш, қуриш –
Мана шундай бўлди асримизда бахт.
Сизда қандай бўлар – билмадим,
Бизда шундай бўлди ҳамма вақт.

1961


Шунақа нарсалар ёзгинг келмайди-ю, баъзан ортиқча қоғозга ўрамай, кўнгилдагини тўппа-тўғри айтгиси келиб қолади одамнинг. Зора, таъсири бўлса...

ЁШЛИККА ХИТОБ

Шуларми эртанинг хўжайинлари?
Тамизи йўқ, сўзи бетайинлари.

Овози шовқиндан нарига ўтмас,
Борида кучининг қадрига етмас.

Йўлига хатолар дарж этиб борар,
Тарбия илдизи дарз кетиб борар.

Ўлаётган вақтга ичим ачийди,
Эртанги пушмондан юрак чўчийди.

Гап сотиш учун пул тўлаган шоввоз,
Ўпкангни босиб ол, ҳой телефонбоз!

Боқ, бедор оламда нима тўполон?
Не учун борлиқнинг ранги заъфарон?

Орзулар айланиб борар тутунга
Нималар берасан эртанги кунга?

Бутун бошли миллат кўз тутар сенга,
Нега уйғонмайсан, қўрқмайсан нега?

2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Эски_оғриқлар


Sevgini sevganni sevadi Xudo... @Behzod_Fazliddin #Eski_daftardan


***
Баҳорлар ортидан баҳорлар келса,
Фақат гуркирасанг, фақат яшнасанг.
Бағрингга муаттар эпкинлар эсса,
Бўғар тугмаларни ечиб ташласанг.

Варракдай ҳаволаб учса юрагинг,
Олис-олисларга сўзингни элтса.
Сўрасанг, энг олий кунлар сўрагин,
Кўклам ҳаққи, шояд, ижобат этса.

Гарчи чорламакка андак кечикдим,
Яна ўзинг келдинг ҳолим сўрарга.
Соғиндим. Овундим. Куйдим. Ичикдим.
Мажол ахтараман хаёл сурарга.

Қучоғинг тўлдириб нурлар ола кел,
Унут бўлаёзган куйларни уйғот.
Саркаш ҳаётимни изга сола кел,
Муз қотган туйғулар, ўйларни уйғот.

Фасл танламайман, қилмайман ирим,
Ахир ҳар мавсумнинг ўз ҳикмати бор.
Кўпроқ Сен биланми боғлиқ тақдирим,
Кутганимга жуда ўхшайсан, Баҳор!

2012

© Беҳзод Фазлиддин #Behzod_Fazliddin


***
Баҳор, юр, онамни борайлик йўқлаб,
Ишон, яхши кўриб қоласан уни.
Хушбўйлар сочилган қишлоқни алқа,
Кўзингни ачитмас аёз тутуни.

Йўллар қадамингга муштоқ, мунтазир,
Жилғаларни бунча соғинтирмасанг!
Кўклам, кўкламлигинг нимага арзир,
Кўнгилга илиқлик олиб кирмасанг?

Уйғониш – саодат, тириклик – неъмат,
Ариқлар бошини ялпизга ўра.
Келаси йилгача дийдор ғанимат,
Музтарин момодан бир бор ҳол сўра.

Ёмғирлар ёғиб бер, чанқоғи қонсин,
Томоғи қақраган далалар бўлса.
Варраклар учириб кўзи қувонсин,
Бола бўлолмаган болалар бўлса.

Ўтиб қўй навқирон нигоҳларидан,
Кўнглини чўктирма ўктам оғамнинг.
Барака тўкилсин бармоқларидан,
Қўлини сиқиб қўй деҳқон тоғамнинг.

Қалдирғоч кечикса, уйқуси қочган
Синглимни паришон айлама, Баҳор.
Сен ҳам ҳар меҳмонга бағрини очган
Онажон элимни алдама, Баҳор!

2009

© Беҳзод Фазлиддин #Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим китобидан


***
Сергак тортиб қоласан бирдан,
Салобати босар фикрнинг.
Илдизини излай бошлайсан
Ботинингда ғовлаган сирнинг.

Ахир бундай бўлмайди яшаш,
Кун санаса бўлмас шунчаки.
Жовдираган Вақтнинг кўзига
Қандай қараш мумкин юзаки?

Борми бунда майдалашмаган,
Аслиятга содиқ қолган ким?
Сийму зарнинг сийналаридан
Нигоҳини асрай олган ким?

Қандай гўзал юксак-юксакда
Юлдузларга қўл бериб яшаш!
Лаш-лушларга ўралашмасдан
Ташвишларга чил бериб яшаш.

Шу мақомни ҳавас қилмаса,
Ўзинг билан уришгинг келар.
Ҳар нарсадан кечиб бўлса ҳам,
Шу орзуга эришгинг келар.

2009

© Беҳзод Фазлиддин Behzod Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим китобидан


Video is unavailable for watching
Show in Telegram


Video is unavailable for watching
Show in Telegram


ЗИЁРАТ

Фаришталар кўнглимни нурга ўраб қўйдилар,
Осонгина уйғондим қушлар азон айтганда.
Мени қутлаб дарахтлар оппоқ либос кийдилар,
Кўкка учган ҳисларим мужда олиб қайтганда.

Иссиққина бағримда эриб кетди ушбу тун,
Қарамасам, юлдузлар нега қовоқ солгайлар?
Капалак қанотида йўлга отландим бугун,
Мени кўҳна саройда гуллар кутиб олгайлар.

Тошдан қаттиқ бошимни ёролмади тош кунлар,
Йиқилсам ҳам, тўзсам ҳам манзилимга етяпман.
Йўлларимдан қочинглар, ҳой, меҳри йўқ мошинлар,
Мен Онамнинг олдига – зиёратга кетяпман!

Сафаримда сарғаймай, яшнаб борай қошига,
Кипригимга етмасдан тўкилмоқда чанг йиллар.
Эргаштириб тоғларни бошлаб борай қошига,
Онасининг пойида подшоҳ бўлгай ўғиллар...

2007

ҚАЙТИШ

Қандай тоза, қандай оқ эдим,
От чопардим Қуёшни ушлаб.
Бу ерларга Бахт излаб келдим,
Унда Онам – бахтимни ташлаб.

Учиб кетди ранго-ранг йиллар
Баргдай заиф қилиб ҳолимни.
Ортга қайтмас бу қайсар йиллар
Қайга олиб борар жонимни?

Тоғу тошни куйлатиб чунон,
Қайнар эдим булоқлар билан.
Олисларда юрибман сарсон
Хира тортган чироқлар билан.

Гуллар кутди бағрин қон қилиб,
Дил олдида қолдим уятга.
Бир бахтиёр капалак бўлиб
Учгим келар ўша жаннатга.

Чақмоқлари бошимни ёрса...
Омонат бир ўгай жойдаман.
Осмон мени қўйиб юборса,
Ёмғир бўлиб сизга қайтаман.

Хушхабарни етказсин бехос,
Дарахтларга бериб қўйдим хат.
Шу довондан ўтиб олсам, бас,
Шу довондан у ёғи – жаннат!..

2007

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан китобидан


***
Ҳар ким ўз қисмати қошида ёлғиз,
Гарчи атрофимда дўстлар бор – холис,
Улар уммондаги хас каби ожиз,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.

Оғир бу йилларнинг тоши енгилми,
Биров ечолмади тилсим севгимни,
Учратмасанг, қайдан топай тенгимни,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.

Умримни чўқилаб зоғлар алмашди,
Йўқолиб-йўқолмай доғлар алмашди,
Елкамдан тушолмай тоғлар алмашди,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.

Ўйларим кишанда, кўнглим кишанда,
Сўрадим, сўрашни қилмадим канда,
Авлиё бўлса ҳам, бандаси – банда,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.

Савобу гуноҳда беқарордирман,
Ажаб, шу ҳолимга сервиқордирман,
Умидсизлик аро умидвордирман,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ!

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin


***
Бежиз ёмғир бўлганим йўқ-да,
Томчисида яна минг томчи.
Бир он ғубор ютишдан тўхта,
Дунё деган кекса алдамчи.

Кечаги кун – ёруғ хотира,
Боқий бўлар бугунги кунлар.
Ҳали ҳислар бордир бокира,
Куйла, куйла, қалб бўлиб куйла.

Тўкилгудай туйғулар тошар,
Тўлиб борар муҳаббат жоми.
Тазаррулар қилсак ярашар –
Бизникидир поклик айёми.

Бежиз ёмғир бўлмадим ахир,
Дил ойнасин бир артгим келди.
Англамоқчи бўлдим ненидир,
Ниманидир эслатгим келди...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

20 last posts shown.

224

subscribers
Channel statistics