“Маюслигим кимимсан менинг...”
Фароғат КАМОЛ
Маюслигим кимимсан менинг,
Онам алласида қонимга томган,
Ҳам руҳи равоним жонимга томган,
Ватандай саҳару, шомимга томган,
Ишқмисан,
муҳаббатмисан?
Маюслигим кимимсан менинг,
Дилда куйиб ётган қуёшиммисан,
Сабрлар тиғида бардошиммисан,
Ё дилкаш дўстимнинг кўз ёшимисан,
Армон рангли
хилқатмисан?
Маюслигим кимимсан менинг,
Ёлғон дунёларга бегоналигим,
Жон ичра толош-у, овворалигим
Яширган сирим, ё ошкоралигим,
Кўнгилдаги
ҳақиқатмисан?
Маюслигим кимимсан менинг,
Бири кам дунёда бир камиммисан,
Ҳамдамим, дилкашим, дил сириммисан,
Ҳижронга отилган айт кўнглиммисан,
Дилда уйғоқ
муножатмисан?
Ёр нигоҳи жоним олиб бородир,
Жонимга титроқлар солиб бородир.
Ҳижронинг ўтида бағрим адодир,
Дарду-азал,
беададмисан,
Маюслигим кимимсан...
✍️ Дилором АБДУРАҲМОН
@Dilorom_ABDURAHMON