Androidlost ёрдамида яна нималар қилиш мумкин?
Дастурнинг шахсий кабинети орқали смартфоннинг жойлашган ўрнини сўраб олиб, кейин бу маълумотни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага тақдим этиш;
Смартфоннинг олд камераси орқали суратга тушириш;
Охирги кирувчи ва чиқувчи хабарларни ўқиш;
Қўнғироқлар журналини кўриш, диктофонга ёзиб олиш;
Смартфондаги барча фотосуратларни ўчириб ташлаш.
Умуман олганда, бу илованинг имкониятлари кенг. Масофадан туриб смартфонингиз экранига қандайдир хабарни чиқариш, уни блоклаш ёки қурилмангизда баланд овозли сиренани ишга тушириш мумкин. Бироқ яхшиси – смартфонни эгаллаб олган киши ҳақида кўпроқ маълумот тўплаш учун, уни кузатаётганингизни билдирмай турган маъқул.
Баъзида ўғирланган телефонингизнинг ўзидан кўра, унинг ичидаги маълумотларимизга кўпроқ ачинамиз. Агар смартфон буткул тозаланмаган бўлса, уларни ҳам тиклаш имкони топилади. Ёки, ичидаги шахсий маълумотларингиз бегоналар қўлига тушмаслиги учун смартфонингизни масофадан туриб Androidlost ёрдамида тозалашингиз ҳам мумкин.
Шунингдек, мазкур илова уй ичида смартфонингизни топа олмай қолганингизда ҳам қўл келади. Агар тунда овозсиз режимга қўйиб қўйган телефонингизни эрталаб топа олмай қийналаётган бўлсангиз, компьютер орқали Androidlost дастуридаги шахсий кабинетга кириб сиренани ёқасиз – олам гулистон.
Хўп, лекин смартфонни қандай қайтариб оламиз?
Ҳа, чинданам, шу усуллар билан смартфонингизни топдингиз, ичига бошқа SIM-картани жойлаб, бемалол ишлатаётган шахснинг телефон рақамию кейинги икки кун ичида қайси рақамлар билан гаплашганигача аниқладингиз, хўш, кейин-чи?
Аввало, унга кутилмаган қўнғироқни амалга ошириб, телефонингизни яхшиликча қайтаришини сўрайсиз. Тан олгиси келмаса – юқоридаги маълумотларни айтасиз; ўзининг охирги қўнғироқларию SMS-хабарлари матнини, кейинги икки кунда қаерларда бўлганлигини айтиб берсангиз, ваҳимага тушиб қолиши аниқ. Смартфонни қайтариб бермаса ички ишлар идораларига хабар беришингизни, уни кузатишда давом этаётганингизни айтсангиз, дарров қайтариб беришга рози бўлади. Тўғри, кейин у сиздан кечирим сўраши, телефонни топиб олдим, деб ўзини оқлашга уриниши мумкин. Буёғи энди унинг виждонига ва сизнинг ихтиёрингизга боғлиқ