КИТОБ НОЛАСИ
Сизни чарчатади телефонлар ҳам,
Оинаи жаҳону компьютер ичи.
Дардингизга улар бўлолмас малҳам,
Бунга темирларнинг етмайди кучи.
Англайсиз бир куни бўлса ҳамки кеч,
Қай ерга узанган ҳақиқий ҳаёт.
Ўзга бир саодат тополмайсиз ҳеч,
Мени жавонларга қамаб қўйган зот!
Кутаман вақтимни кўзда жоласиз,
Зотан наф кўрмадим қарши бормоқдан.
Мени қўмсай-қўмсай сезиб қоласиз –
Илмни ўрганиб бўлмас тармоқдан.
Омадлар тилайман ишларингизга,
Начора ўзгарди ҳолат ҳам, дид ҳам.
Кириб чиқар ҳали тушларингизга
Титилган вароқлар улашар ҳид ҳам,
Майли-да, ҳозирча бефайздир раста,
Лекин кун келади ҳаммасин бузиб –
Шундоқ жар ёнига келганингизда,
Саломат қоласиз менга қўл чўзиб.
Мен гина қилмайман ҳеч қачон сизга,
Бурмайман сиз каби ётга йўлимни.
Қайтариб ўтмишни хотирангизга,
Сизга жим тутаман икки қўлимни...
https://t.me/ijoddavrasi