СИРНИ ОЧИШ ХИЁНАТДИР
________Бировни Сирини очиш - тақиқланган иш. Чунки сир очилар экан, бунда сир сақланаётган нарсага ва сирдошга ҳурматсизлик ва азият бор.
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:
«Агар киши бир сўз айтиб ён-верига қараб қўйса, (билингки) бу сўз омонатдир»
(Сунани Абу Довуд ва Термизий).
Ҳасан Басрий деди: «Дўстингнинг сирини гапиришинг хиёнатдир».
Ривоят қилинадики, Муовия розияллоҳу анҳу Валид ибн Утбага шивирлаб нимадир деди. Валид отасининг олдига келиб:
– Отажон, амирул мўминин менга шивирлаб бир сўз айтди. Сиздан бошқа ҳам биладиган сўзни сиздан яширишга ҳожат йўқ, деб ўйлайман, – деди.
– Айтма! Ким сирни сақласа, унга яхшиликлар юзланади. Ошкор қилса, яхшиликлар унга қарши бўлади, – деди Валидга отаси.
– Отажон, бу киши ва унинг фарзандига дахлдор иш-ку?!
– Йўқ, болам, Оллоҳга қасамки, сирни очмасдан тилингни хатодан
сақлашинг мен учун суюклироқдир, – деди отаси.
Кейин Муовиянинг олдига бориб, отаси билан ўртасида бўлган гапнинг хабарини берди. Шунда амирул мўминин айтди:
- Эй Валид! Отанг сени хато кишанидан озод этибди. Билиб қўй, сирни очиш хиёнатдир».
Сирни очиш орқали кимгадир зарар етса, бундай вазиятда сирни очиш ҳаром. Агар зарар етмайдиган бўлса ҳам сир очилса, пасткашлик қилинган бўлади.
"Тил офатлари" китобидан.
@shafoatuz@Jaloliydomla