Jonixonov


Channel's geo and language: not specified, not specified
Category: not specified


Aloqa uchun: @maqsudxon_79

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
not specified, not specified
Category
not specified
Statistics
Posts filter


Бу савол ҳаммамизга тегишли:

Ўзбек қачон ўзгаради?

Биз қизларимизни мол-мулк ва ёки фалончиевларнинг номларига айирбошламаяпмизмикин? Ора-орада “Фалончилардан келибди... Бошига бахт қуши қўнибди. Бериб юбор. Ёстиқ қилармидинг” деган гаплар қулоғимизга чалиниб қолади. Ваҳоланки, бугун шахсийга (интернет саҳифамга) келадиган мурожаатларнинг тенг ярми «қизимни фалончилардан деб, ўзига тўқ оила деб узатгандек. Куёвим кўп урарди. Болаларинг учун чида, ҳаммаси яхши бўлади. деб уйига жўнатардим. Бир ҳафта аввал қизимнинг мурдаси келди. Ўзи-ўзини осган эмиш. Боламнинг соғ жойи қолмаган. Майитни ювган ҳамма йиғлади. Куёвим қизимни уриб ўлдирган» деган мурожаатлардан иборат.
Ичим титраб сўрайман: “Раҳматли нечи ёшда эди?..”
Ваҳоланки раҳматлилар ё мен тенги ё ҳатто мендан ҳам кичикроқ бўлади. Мен ўзим каби тенгдошимнинг бир сиқим тупроққа айланган жуссасини кўз олдимга келтирарканман, беихтиёр “Болалари бормиди?” деб сўрайман. Энг камида иккита ёки учталигини айтишади. Йигирма беш ёки йигирма уч ёшида дунёга тўймай яна бу разил оламга бир нечта қоракўзларни ташлаб кетаётган аёлнинг юмилмай қолган қорачиқлари хаёлимга ўрнашиб қолган кечалари.
Кечаларни саволга тутаман: Ўзбеклар қачон ўзгаради?
Оналарининг қоринларига сиққан қизларингиз оталарининг уйларига сиғмайдиларми-ки, бу қадар эрта узатишга интиласизлар? Ҳали инсон сифатида ўзини англамаган гўдак эр, қайнона-қайнота ва оила деб аталмиш майдонда нобуд бўлиб кетишларидан қўрқмайсизларми, ахир? Ҳатто исмини ёзолмайдиган аёлларнинг, “Отам мени эрта турмушга берган, мактабда ҳам тузук ўқитмаганлар...”
Турмуш ўртоғим иккинчисига уйлангач, бизни уйдан ҳайдаб юбордилар. Болам билан шу чойхонада ишлайман. Унинг гувоҳномаси йўқ, боғчага олишмайди. Эрта турмуш қурганимиз учун ЗАГСдан ўтолмаганмиз” дея қилаётган дардиҳолини эшитарканман, кўзларим, бир гуруҳ спиртли ичимлик ичаётган маст-аласт эркакларнинг оёқлари тагида, улар ўтирган столдаги ноз-неъматларга мўлтираб турган уч ёшли Мустафога тушаркан, миллат оталарига дегим келади: «Қизларингиз сизларнинг жаннатингиз эмасмиди?» «Сизлар ўз жаннатингизни жаҳаннамга айлантирасизларми?»
Бугун энг оғир кунни яшаётган оналардан бири 17 яшар қизини узатаркан: «Қизим чаққон, эплаб кетади», дерди. Икки ойлик “гўдак келинчак” эрига негадир қорин бўшлиғининг чап қисмида кучли оғриқ турганлигини айтаркан, эридан мен тушунмайман, эртага онамга айтарсан, деган жавобни эшитиб тонггача чидайди. Тонгда қайнонасига ўз ҳолатини тушунтиришга уринаркан қайнона уни найранг қилиб иш қилмаслик учун, дангасалик қилаётганга чиқаради.
«Дангаса келин» дарвоза ёнига тўкилган бир трактор ғўзапояни кечгача ҳовлига ташиб киритаркан эрта тонгда унинг бир бурда жонсиз танаси шу ҳовли ўртасида қонга ботган ҳолда муаллақ осмонга термулиб ётарди. Балки бу “гўдак” сўнгги марта уни тезроқ шу золим лоқайдлар қўлига узатишга ошиққан ота-онасини кўрмоққа илҳақ бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлар эканман, қароғимдан тўкилган ёшлар лабларимда титраб турган бир саволга айланади!..
Бу дунёдаги энг оғир юк ота елкасидаги фарзандининг тобути эмасми ахир?
(Келинчак ички қон кетиши оқибатида қон босими тушиб кетганлиги сабаб вафот этган!) Ёки Ўзбеклар фақат тўйгача яшайдими?
Оналикка тайёр бўлмаган аёлдан мажруҳ болалар туғилади. Мажруҳ болалардан эса майиб келажак яралади. Келажаги хастага айланиши мумкин бўлган миллатни бу касалликдан бугун халос қилмасак, эртага бугунги саволларга жавоб берадиганлар эмас, ҳаёти мудҳиш саволларга айланганлар қолади, холос!
Зотан, эр кишини саводли қилиш, бир эркакни саводли қилишни, бир аёлни саводли қилиш эса, бутун бир авлоднинг саводли бўлишини англатади, дейдилар-ку! Аёлга ўқиб-изланиш учун имкон бермаган миллатнинг эркаклари фақат қул бўлиши мумкин!
Унутманг: миллатнинг ярмини аёллар, қолган ярмини эса уларнинг тарбияланувчилари ташкил қилишади!
Биз буларни англамас эканмиз, ... Сарлавҳадаги савол долзарблигича қолаверади!!!

Шаҳина АБДУРАЗЗОҚ,
журналист

@jonixonov


"Ҳисорак" сув омбори ёрилибдимиш. Ўтган кеча тарқалган вахима Шаҳрисабзни бўшатиб қўйди. Одамлар мол-ҳолини ташлаб тоққа, Тошканга қочишдан тўхтамаябди экан. Шаҳар ҳокими ҳеч бало бўлгани йўқ, деб видеохабар тарқатди — фойдаси кам. Сув омбор ҳолатини, ҳозирги ҳолатини мутахассислар билан видеотаҳлилда кўрсатиш керак эди. Барибир одамлар ишониши қийин. Сабаб нонкўр балиқлар камириб, тешиб юборган "Сардоба" даҳшати.
Энди сал ёлғон хабарга ҳам юрак олдириб яшайди одамлар. Чунки ишонмайди.
Мен бу шум хабар ёлғон эканига ишондим. Шунга мажбурман чунки. Лекин бундан, одамларни даҳшатидан фойда қилаётган ҳайдовчилар унданам даҳшат! Йўлкира одам бошига 500 мингдан 700 мингача деб айтишди.
Ҳаммаси жойига тушсин тезроқ. Ва агар бу хабар ёлғон бўлса, уни тарқатганларни тилию қўли кесилсин. Агар хабар чин бўлса... Товба, товба.
Шундай катта хавф бўладию мамлакат бошқарувидагилар бехабар бўладими? Хабардор қилинмаябдими ё?
Шартта учиб бориб, ўша ерни ўзидан жонли эфир қилиб, вазиятни тушунтириш қийинми шунча? Агар қийин бўлса, демак чиндан нимадир бор. Бунақада ваҳима бадтар кенгаяди.

Жонтемир Жондор

@jonixonov


ШИФОБАХШ НЕЪМАТНИНГ БЕДАВО ҚИСМАТИ

Бу йил пиёз экканлар қаттиқ янглишди. ўтган йили ҳам бири икки бўлгани йўқку, аммо бу йил пиёзчининг аҳволи расво бўлди, сарфлагани оқланмади. Нега шундай бўлди. Каналимизнинг куюнчак кузатувчиларидан бири, ҳақгўй журналист Райимқул Суяров ўзининг фейсбук саҳифасида бу ҳақда шундай ёзади:
"Куйиб, кул бўлган пиёзчиларни шу куйга солганлар қандай қилиб юрибсилар-а, минг лаънат сенларга, тартиб-таомилларингаям...жаҳаннам азобидан қўрқмайдиган бунақа мараз амалдорлар билан нормал жамият қуриб бўлмайди. Пиёз экканларнинг оҳ-додидан пиёзлар "ширин" бўп, ер билан яксон бўлаётганини қандай қилиб томошабин бўлиб кузатиб ўтирамиз? Сал инсоф борми, экспорт йўлини очиб қўйинглар, барака топкурлар!..."

@jonixonov


Ривоят: Шоҳ соч-соқолини олдираётган экан, кутилмаганда сартарош: “сизда қиз бор, менда эса ўғил, келинг, уларнинг бошларини бирлаштириб қўяйлик!” деб қопти.
Тасаввур қилинг: қуда бўлажакларнинг бири шоҳ, иккинчиси эса оддий бир фуқаро. Шоҳ индамапти, зеро ўша аснода сартарошнинг қўлида тиғ, тиғнинг ёнида эса ўз бўғзи турган экан-да. Фақат сартарош ишини битириб кетгач, уйига одам юбориб: “яхшилаб тинтиб кўринглар-чи, нима бор экан?”, дебди. Чунки у ғоят донишманд шоҳ бўлиб, сартарош журъатида бир сирли гап борлигини фаҳмлаган экан. Эл айтмоқчи, “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур!”

Чиндан, сартарошнинг уйини қазишган экан, тупроқ остидан хум-хум олтинлар чиқиб келибди.
“Ҳа, – дебди шоҳ, – мана, сенинг тилингни нима ботир қилган!..”
Бу шунчаки қизиқ воқеа эмас, балки инсон психологиясининг пучмоқ-пучмоқларига тушишга ёрдам бергич жуда кучли ривоятдир.

Худди шу ривоят, назаримда, Навоий ва у каби улкан ҳодисаларнинг майдонга келиш сабабларини бир қадар очиб беради. Яъни румийларни туркийда ёзишдан тийиб турган тўсиқлардан бири психологик эди, Темур ана шу тўсиқни олиб ташлади, бас, Навоийнинг келиши осонлашди.

Зеро Темур бобо қурган давлат ана ўша хазина эди. Навоий бобо ундан куч олди ва кимсан Низомийю Румийдек даҳолар журъат қилмаган ишга – асарларини туркий тилда битишга ботинди. Қўрқмади, зеро, у суянадиган хазина бор эди. Хазинаки, туркий элнинг тил бойлигини, истеъдод қудратини “мана – у!” дея кўрсата оладиган.

Шу маънода, замонавий дунёда яна бир кучли давлат қуриш элимизнинг янгидан янги даҳоларини дунёга танитади, дея баралла айтгим келади. Зеро, бу дунёда ҳамма нарса бир-бирига чамбарчас боғлиқ.

Ана, кейинги 10 йилнинг нари-берисида америкалик бир таржимон ўзбек ҳикоясини инглизчага ўгирар экан: “Наҳотки, бу ҳикояни ўзбек ёзувчиси ёзган бўлса!?..” дея ишонқирамаган эди. Ишонқирамасликнинг сабаблари ҳақида ўйлаб кўрайлик. Аслида, мен шу ҳақда ёздим.

Бас, маълум муддат бизнинг барча хатти-ҳаракатимиз ҳар томонлама кучли давлат қуришга қаратилмоғи лозим...

Улуғбек ҲАМДАМ, ёзувчи

@jonixonov


Мансур дўхтур
Илгари қишлоқларда битта ёки иккита шифокор бўларди. Улар билмаган касаллик бўлмас эди. Бизнинг қишлоқда шундай шифокор бор эди. Мен у инсоннинг исму шарифини эсимни таниганимдан бери биламан. Бошимиз оғриса ҳам шу кишига югурардик, бурнимиз қонаса ҳам шу одамни безовта қилардик. Кимнингдир қўли синса ёки иситмаси кўтарилса, баданига эшакеми тошса ёки ари чақса ҳам Мансур дўхтурнинг уйига югуришарди. Қизиғи, қандай дард бўлмасин, дўхтуримиз албатта уни даволарди. Ҳузурига борган дардмандни умидвор қилиб, хурсанд қилиб жўнатарди.
Мансур ака уйма-уй юриб, одамларга маслаҳат берарди. Уйма-уй юриб, касалларни даволарди. Қайси хонадонда ким касал, ҳаммасини биларди. Тўшаккка михланиб қолганларнинг уйига муолажа қилиш учун ҳар куни икки-уч марта қатнарди.
Ҳозир ким кўп, укол қилишни билмайдиган “игнашунос” кўп. Капелница олишим керак экан, десангиз, ёнбошингизни очинг дейдиган чала шифокор кўп. Жонингизни оғритиб игнани суққач, уялмай-нетмай бирор нима берармикан, деган илинжда қўлингизга термулиб қарайдиган юзсиз кўп.
Яхши эслайман, бир куни кечаси жуда қаттиқ йўтал тутди. Дадам Мансур дўхтурни олиб келдилар. Дўхтур ўпкамни эшитди, томоғимни текширди. Сўнг ота-онамга қараб: “Полвонга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Эртага уйимга юборинг, битта дори бераман, тузалиб кетади” деди.
Мансур дўхтурнинг уйига одам кўп келарди. Бундан ташқари ён-атрофдаги битта пунктда ҳам у кишини сўраб қўшни қишлоқлардан келган беморларнинг охири кўринмасди. Дўхтур ҳар битта одам билан алоҳида гаплашиб, маслаҳатини, кўмагини аямасди.
Менинг йўталимни оддий бир муолажа билан даволаган эди. Ўшанда Мансур акага раҳмат айтиб, энди кетаётган эдим, у киши менга шундай деди:
— Ўпканг чиннидай тоза. Томоғингда гард қолмади. Бориб, эшон бобога (дадамни айтаяпти) айт, мени дуо қилсинлар...
Қаранг, бир дунё ишидан ортиб, мени астойдил даволаган, эвазига олқиш эмас, олтин эмас, фақат дуо талаб қилган бундай одамларни ким деб аташ керак? Уларнинг яхшилигига муносиб жавоб бериш қўлимиздан келармикан? Бировга қилган зиғирча яхшилигини олам-жаҳонга айтиб мақтанадиган миннат ҚУЛларининг қўлларидан келармикан бундай хоксорлик?
Битта қишлоқда яшаб туриб, қўшниси билан чиқишолмайдиган, арзимаган яхшилигини кўпиртириб ундай қилдим, бундай қилдим, дейдиганларни кўрсам дилим оғрийди. Ҳар бир миннат ўнта савобни йўққа чиқарар экан. Ўйлаб кўрайлик, савобимиз кўпми ёки миннатимиз?!
...Бир сафар қишлоққа борганимда Мансур дўхтур билан кўришдим. Ҳамон ўша нурли чеҳра, ҳамон ўша хоксор муомала. Кўзимга ёш келди. Беихтиёр ўзимни ота қадрдонимнинг бағрига отдим. Бу бағирда жонажон қишлоғим, тупроғим иси бор эди. Ҳўнграб йиғлаб юбрдим. Менга қўшилиб, Мансур дўхтур ҳам, ёнимиздагилар ҳам йиғлашди. Ҳеч ким нега кўз ёши тўкаяпсизлар, нима учун йиғлаяпсизлар, деб сўрамасди. Зеро, бу йиғининг сабаби соғинч эди, меҳр эди, оқибат эди.
Ўтганларни Аллоҳ раҳмат қилсин. Бундай бағрикенг инсонларнинг ўрни жуда билиняпти...

@jonixonov


Маслаҳатнинг зўри

Газ ва светга қўйилган ,,лимит”лар биринчи ойнинг ўзидаёқ аксарият оддий инсонларни боши берк кўчага тиқиб, анчагина қийнаб қўйгани сир бўлмай қолди.
Ижтимоий тармоқларда одамлар ,,дод” деса ҳам ҳеч ким парво қилмаяпти. ,,Чидасанг шу!”.
,,НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?” саволи кўндаланг бўлди бугун. Шу саволга жавоб топишга, қандайдир ечим излашга ҳаракат қиламиз.
1 . Уйингизда кондиционер, вентилятор бўлса, нархи тушиб кетмасидан, дарҳол сотиб юборинг! Эртага ҳамма кондиционерини ,,кераксиз буюм” деб сотишни бошласа, нархи кепак пули бўлиб кетади. Иссиқда терлаб биров ўлмади шу пайтгача. Исиб кетсангиз елпиғич бор, нам латта бор, ана тоғорага совуқ сув солиб, оёқни тиқиб ўтирса ҳам бўлади.
2. Кир ювиш мошинасини ҳам дарҳол сотиб юборинг! Момо-бувиларимиз бир умр кирларини тоғорага сув солиб қўлда ювиб ўтишган. Ўлиб қолмаган хеч қайсиси.
3. ,,Печь”, ,,Микроволновка”, ,,миксер”, ,,Соковижималка” деган нарсаларни ҳам эски-туски оладиганларга тезроқ сотиб юблринг.Буларни пулига супирги, қирғич, кўпиртиргич, тандир деганлардан сотиб олса бўлади.
4. Кунига 1 маҳал овқат пиширишга ўрганинглар. Овқатларни совуқ ҳолда еса ҳам бўлаверади. Чойни ҳам 1 махал қайнатганда термосларга дамлаб қўйилса, кечгача иссиқ чой ичса бўлади.
5. Энди ,,паровой отопления” деган нарсани унутинг. Ҳар бир уйда ота-боболаримиздан қолган танча ( сандал) ўрнатиш пайти келди. Бир хокандоз чўғни солиб қўйсангиз, кун бўйи оёғингизни иситиб ўтирсангиз бўлади. Оёқ исиса, бутун тана исийди! Қолаверса, танча ( сандал) соғлиқ учун кони фойда.
6. Темир ўчоқ-қозон сотиб олинг! Ҳозирча кўчалардан, жарликлардан ўтин-чўпни текинга топса бўлади. Қолаверса ўчоқни овқати газникидан мазалироқ чиқади.
7. Ҳар куни чўмилиш одатингиздан воз кечинг. Ҳафтада бир чўмилса ҳам бўлаверади. Камбағалга ҳар куни чўмилишни ким қўйибди? Тер ҳиди келса нима бўлибди? Одамни бурни бора-бора тер хидини сезмайдиган бўлиб ўрганиб ҳам кетади.
8. Камроқ енг, камроқ ичинг, чойхона, гап, кафе, меҳмондорчиликларни унутинг. Озиб, ёғлардан қутилиб, енгил бўлиб юришга нима етсин?
9. Кийимларингизни дазмоламасдан кийинг.Сизни кўриб бошқалар ҳам шундай қилишга ўтади.Қарабсизки бир пасда ғижим кийимлар ,,мода” га айланиб кетади.
10. Кунда ош, қозон кабоб, балиқхўрлик, бешбармоқ, норин, тандир сомсаларни ҳам унутинг. Ота-боболаримизнинг кундалик таомлари бўлган атала, ёвғон хўрда, умоч, гўжа, холвайтар, қайнатилган картошка, гўштсиз каром шўрва, мастава, мошхўрда, угра оши, тўппа оши каби камхарж, камчиқим овқатларини пиширишга ўрганинг. Гўштли таомларни янги йил, ҳайит байрамларда еса ярашади.
100 йил аввал ота-боболаримиз қаранглар Газсиз, светсиз, отоплениясиз, ваннасиз, кондиционер, кир мошина, пилесос, дезмолларсиз ҳам бинойидек яшашган, нолишмаган.
Нима, бизнинг улардан ортиқ жойимиз борми?

✍ Шораҳмат Қурбонов

@jonixonov


Ҳа, зил
Қўшни хотин бор овозда кимнидир қарғаяпти. Ҳисоблаб кўрдим: 5 минутда 20 марта Худога солдим деди.....
Худойим серқарғиш аёлни яратгандан бери на Ўзида на эркакда тинчлик бор.

Зафар Пўлатов, фейсбукдан

@jonixonov


Forward from: Нур
Она, менга бу дунёни қуёш деб таърифлаган эдинг. Унинг нурларини ичган боғлар, ҳароратидан эриган баланд тоғлардаги қорлар, чуғурлаган қушлар, майин саболар эди сен менга танитган олам.

Унда оқкўнгил ва  меҳнаткаш
Зумрадлар сирли сандиқ билан мукофотланар, бефаросат ва дангаса Қимматларни аждарҳолар ютар эди.

Онажон, қайда қолди сен айтган дунё ва тақдирланган Зумрадлар? Улар баттар заҳмат чекиб, сулув юзларини ойнада тутишга ҳам вақтлари йўқ.

Аксинча Қимматлар сочини олтин тароқда тарашяпти. Қани тарози она? Ё заминни  улардан тозалаб турадиган аждарҳолар қирилиб кетганми?

Унда мени нега эртакларинг билан ўстирдинг? Нега ишонтирдинг уларга? Нега қалбимга экдинг у гўзал оламни?

Икки оламнинг орасида сарсониман бугун. Ичимда ўзга, ўнггимда ўзга олам. Зумрадларга ачиняпман. Зумрадларга.

Нурхон Элмирзаева

t.me/nurxonelmirzayeva


Ўғри хурсанд бўлди
Учинчи ёки тўртинчи синфда ўқирдим. Дадам менга ўша пайти жуда урф бўлган велосепид олиб бердилар. Ҳали ҳайдашни билмасам-да, азбаройи қувонганимдан оёқларим велосипед занжирларига ўралашиб қонаб кетса ҳам тинмас эдим. Чарчоқдан донг қотиб ухлаб қолсам ҳам яна азонлаб великка чопардим. Хуллас, қувончимнинг адоғи йўқ эди. Аммо бу шодлик узоққа чўзилмади.
Кунларнинг бирида ҳовлига чиқсам, велосипед йўқ. Ҳаммани оёққа турғиздим. Фойдаси йўқ — велосепид ўғирланган эди. Кимдан гумон қилишни билмаймиз. Мен эса шундай қадрдон овунчоғимга тўйиб улгурмай уни йўқотиб қўйганимга жудаям ачиндим. Шу боис бошқасини олиб беринг, деб дадамга тихирлик қила бошладим. Лекин дадам эртага, индинга деб “тойчоқ” олиб келишни орқага суравердилар. Бир куни бу масала оила даврасида “кун тартиби”га қўйилди.
— Ўша велосипед ўғирлангани яхши бўлди, — дедилар дадам ҳаммамизни ҳайрон қолдириб. — Ўйлаб кўрсам, гузарда фақат сенда бор экан. Миниб кўчага чиқиб кетганингда ортингдан тенгдошларинг ҳавас билан қараб қолишади. Аниқки, улар ҳам ота-оналарига бориб хархаша қилишади. Арзон бўлса, қўшнилар ҳам болаларига олиб беришарди. Лекин кўп болали бўлгани учун битта вилосепиднинг пули айрим оилаларга оғирлик қилади. Кўча-куйда қўшнилар билан кўришишдан хижолат бўлиб юрган эдим, яхши бўлди йўқолгани. Ким ўғирлаган бўлсаям отасига раҳмат.
Ана бўлмаса!? Мен дадамдан умид қилиб ўтирсаму у киши муттаҳам бир ўғрига раҳмат, деб ўтирибдилар. Хафа бўлиб кетдим.
Вақт — ҳакам, дейдилар. Орадан олти-етти ой ўтиб ҳаммаси унут бўлиб кетди. Аммо қўшнимизникида тўй бўлди-ю, ўғри ким эканлиги маълум бўлди. Бир қишлоқдошимизнинг ўғли тўй айни қизиган пайтда ҳаммани ҳайрон қолдириб: “Эшон бобо, мени кечиринг, велосипедни мен ўғирлаган эдим, ўшандан бери бутун баданимдан яра-чақа аримай қолди", деб дадамнинг ёнларига келди.
Жуда хунук манзара юзага келди. Ҳамма дадамга қараб турибди. Дадам тўйниям, ўғриниям кўнглини бузгилари келмади, шекилли:
— Ўша велосипеднинг йўқолганига мингдан минг розиман. Бирор кунингга яраган бўлса, янада яхши. Ҳечам оғринганим йўқ. Бола-чақанг билан ҳузур қилиб минавер, дедилар.
Бу гапдан сўнг ҳамма қарсак чалиб юборди. Боягина ҳамма жойим яра, деб қилмишидан пушаймон бўлиб бош эгган йигит эса энди умуман бунақа иш қилмайман, деб эл-юртга сўз берди.
Яқинда қишлоққа бордим. Болаликда велосепидимни ўғирлаган одам дадамни эслай туриб ана шу воқеани эсимга солди ва буни албатта ёзинг, деб менга тайинлади.
Ўғрининг айтганини бажариб тўғри иш қилдим, шекилли...

@jonixonov


Бечора одамзот!

Камбағалликдан қўрққанидек, дўзахдан қўрқса эди, икковидан ҳам қутулган бўларди.
Дунёга қизиққандек жаннатга рағбат қилса эди, икковига ҳам эришарди. Зоҳирида халойиқдан қўрққанидек, ботинида Аллоҳдан қўрқса эди, икки олам саодатини топарди.

Аҳмад Турсун.

Жума муборак!

@jonixonov


Саккизоёқ ёхуд ўз ишининг устаси

Фирдавс Абдухолиқов ҳақида гап очилса, менинг кўз ўнгимда ҳар қандай вазифани маромига етказадиган одам гавдаланади. У қаерда, нима лавозимда ишлаган бўлса, ўша соҳани Эйфель минорасидай кўрсата олади. У шунчаки, номига ишламайди. Буни виждони қабул қилмайди.
Эсимда, бола эдик. Вилоятимизда СТВ очилди. Бугунги тил билан айтганда, хусусий канал. Бутун Самарқанд, ҳатто қўшни вилоятдагилар ҳам бу каналнинг овозасини эшитиб, "антенналарини Самарқандга қаратдилар". Одамларни, аудиторияни ўзига қаратиш осон бўлмаган бугунги даврда ҳам Фирдавс ака кино соҳасида оламшумул янгиликлар қилди. Унутилиб кетган халқаро кино фестивалини тиклади. Жаҳоннинг манаман деган кино юлдузларини юртимизга олиб келди. Ўлган кинога жон бағишласа бағишладики, айримларга ўхшаб кинога кафан бичмади.
Шу инсон энди Ислом цивилизацияси марказига раҳбар. Бу ҳам худди узукка кўз қўйгандек бўпти. Кейинги олти етти йилда Президентимиз ташаббуси билан диний маърифий йўналишда қилинган ишларнинг қиёси ва баҳоси йўқ. Бу борадаги ишларни жаҳоний миқёсда тарғиб этиш, марказни ташкил этишдан мақсад муддао нима, деган саволларга, аминманки, Фирдавс Абдухолиқов ўзининг босиқлиги ва ишбилармонлиги билан жавоб беради.
Бунга қадар ҳам у қадимий қўлёзмаларни топиш, чет элларда қолиб кетган дурдона асарларни юртга қайтариш борасида хайрли ишларни амалга ошириб келаётган эди. Янги лавозим эса у кишининг бу ишларига муносиб эътироф бўлди.
Ижтимоий тармоқларда Фирдавс акани яна муҳокама қилишни бошлашди. Бунга ажабланмадим. Ишбилармон, ўз ишини усталарига доим тош отилган. Ўнта моховни даволаб, раҳмат ўрнига улардан калтак еган Исо алайҳиссалом воқеаси ёрқин мисол бунга.
Хуллас, Фирдавс ака, оёқ қўлингиз шу пайтгача иккитадан бўлса, энди саккизта бўлсин. Яна ўзингизни кўрсатиб, ишлаш қанақа бўлиш кераклигини исботлашингизга шубҳа йўқ.
Ҳурмат билан Сиз билан умуман таниш бўлмаган, аммо иш услубингизни яхши танувчи:

Мақсуд Жонихонов

@jonixonov


Спорт ва спирт.
Қайси йўлни танлаш ўзингиздан😀

@jonixonov


"Буни қандай ташлаб кетаман?"

Бу лавҳа қачон, ким томонидан олинган билмадим, аммо энди кўрдим. Кўрдим-у, оддий бир ўзбек аёлининг мардлиги, улуғлиги, бағрикенглигига қойил қолдим. У айтадики, унаштирилган пайти куёв бўлмишни чиройли кийинтириб, расмини кўрсатишган экан, Лекин ҳеч учрашувга келмаган экан йигит. Бунинг сабаби тўйдан кейин маълум бўлипти: йигит ақлан заиф экан. Бироқ келин тақдирга тан бериб яшайверибди. Онаси уч ойлигида ташлаб кетган одамни мен қандай, қаерга ташлаб кетаман, деди жувон. "Қўшнинг ёки бирор яқининг битта нон берса, ҳаял ўтмай қайтиб сўрайди ё пайт топиб миннат қилади. Бу киши ногирон бўлсаям менга бир олам меҳр беради", дейди аёл.
Гўзал, малоҳатли, аммо уйидан жанжал аримайдиган, қайнонаси, қайнотасини уйидан қувиб соладиган, илонсифат аёллар буни кўриши керак экан.
Чирой, ҳусну жамол бўлсаю, Аллоҳ ато этган гўзал қалб бўлмаса ҳаммаси беҳуда экан.
Бу аёлда шундай буюк қалб бор экан.

Охиратда чирой, бойлик, давлатингга эмас, қалбга қараларкан.

@jonixonov


ЎЗБЕКНИ ЕМИРАР МАҲАЛЛИЙЧИЛИК
Азалдан жаҳонгирларнинг бир қоидаси бор: “Бўлиб ташла ва ҳукмдорлик қил!”. бу шафқатсиз қоида даврлар ўтса-да, ўз аҳамиятини йўқотмай келади. Кўпинча, ўз халқимиз вакиллари орасидан “шаҳарлик ва қишлоқлик”, “водийлик ва воҳалик” сингари айирмачилик кайфиятидаги гап-сўзлар қулоққа чалинганда, юқоридаги машъум қоида эсимга тушаверади.
Айни кунларда бир бетарбия қизнинг ўйлаймай-нетмай гапирган шалоқ сўзлари ортидан, ижтимоий тармоқларда яна “собиту сайёралар” ҳақида баҳслар болалади. Бир томон “шаҳарликлар ўзи шунақа, вилоятдан келганларни кўролмайди” деб чиранса, иккинчи томон “ўша ҳурлиқонинг ота-онасиям ғирт келгинди экан-ку” деб луқма ташлайди.
Шу ўринда бир воқеани эслаб ўтсам.
Ҳали ўқишни тугатмай уйланганман. Дарсдан чиқиб, ишга бораман. Кўпайиш арафасидаги ёш оиламиз, Қорақамишдаги бир онахоннинг уйида ижарада турамиз. Хонадон бекасининг исмлари эсимда йўқ, аммо кўринишлари, бўй-бастлари раҳматли бувимга жуда ўхшаркан. Битта ўғли қамоқда, қизи хорижда бўлгани учун бизни ўз болаларидек кўрарди. Икки хонали уйнинг балконида кечки пайт роса гурунглашардик, Ёшлик чоғларидаги “Эски шаҳар ҳангомалари”ни кула-кула бизга айтиб берар, унинг ҳикоя айтиш услуби менга жуда манзур эди. Онахон кечаси билан хамир қорар, эрталаб сомса пишириб, Чорсуга сотгани олиб кетар, бизга ҳам иккитагинасини ташлаб кетар, пулини берсак олмасди. Ижара пули ҳам гоҳида ойларга чўзилиб кетар, “хола, узр сал харажатлар кўпайиб қолди” десам, “э болам, ман санладан пул сўравомманми, топганингда берарсан” деб қўярди. Бир куни ишдан кечроқ қайтсам, уй қулф. Тўлғоқ эрталаб бошланган экан. Онахон ўзи “скорий”чақириб, ўзи бирга олиб кетибди... Туғруқхонага етиб борсам, холамиз худди ўзи набира кўргандек қувонч билан қарши олди: “Моро бўсин болагинам, қизчали бўлдиларинг, умри билан ризқи билан берган бўлсин...”
...Орадан йиллар ўтиб, ўша файзли хонадонга холамизни кўргани бордим. Уйни ўрта ёшли эркак очди. Онахоннинг ўғли қамоқдан қайтибди. Аммо, ўзи бир йилча аввал бандаликни бажо келтирибди.
Хуллас, нима демоқчиман? Битта бемаъни одамнинг гап-гуфторига қараб, у туғилган ҳудуднинг ҳамма одамларига баҳо бериш ҳам бемаънилик аслида. Инсонийликнинг “пропискаси” бўлмайди, меҳр-оқибат жой танламайди. Шу билан бирга нодонлик, жаҳолат ҳам... Фақат ожиз, худбин, калтафахм инсонларгина ўз туғилган жойи, зоту зурёди билан фахрланади, бошқаларни ерга уриб, ўзини осмон чоғлайди. Бундай кимсалар қанча кўпайса, миллат шунча майдалашади, бошқаларнинг қўлида ўйинчоқ бўлади.
Ўтмишда ана шу бўлинишлар, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик сабаб халқимиз бошига не-не кўргиликлар тушмади. Учта ўзбек давлатига бўлинган бир бутун миллат, хонлару амирлар узоқ йиллар қирпичоқ бўлди. Оқпошшо Туркистон томон от чоптирган кезларда Бухоро амири Қўқонни қонга ботирди. Бухоро амири Самарқандни ўрисларга бой берган онда, Қўқон хони Оқпошшога мактуб битиб, уни ғалаба билан қутлади. Бу икки ўзбек давлати эркини қўлдан бераёзган дамда, учинчи давлат хони ўз хобгоҳида маишатдан бўшамади. Натижа эса маълум - Бир юзу ўттиз йиллик истибдод.
Дунёнинг энг қудратли давлатларидаги тараққиёт сири ҳам шундай иллатларнинг йўқлигида эмасмикин? Германияда немислар “мен берлинликман”, “сен мюнхенликсан” дея ёқа бўғишишини, Францияда парижлик марселликка душман кўзи билан қарашини, Японияда токиолик префектурадан келган ҳамюртини “ҳарип” деб камситишини тасаввур қилолмайман. Аксинча бундай иллатлар бизга ўхшаган қўшни ва қардош ўлкаларда кўзга ташланади ва улар ҳам бу нуқсоннинг азобини кўп тортишган.
Тожикистонда олти йил давом этган биродаркушлик уруши ҳам асосан маҳаллийчилик туфайли, “ғармлик, “кўлоблик”, помирлик”, хўжандлик” сингари қарашлар ортидан келиб чиққан, натижада ўн минглаю бегуноҳ одамларнинг қони тўкилганди. Афғонистонда қирқ йилдан ортиқ давом этган қирғинбарот замирида нафақат сиёсий, миллий ёки диний, балки ҳудудий қарама-қаршиликлар, маҳаллийчилик унсурлари ҳам бор эди. Аллоҳ кўрсатмасин...

Рустам ЖАББОРОВ

@jonixonov


Раҳбариятга муаммоларнинг ҳал қилинганлиги ҳақида ҳисобот беришдан олдин муаммоларни ҳал қилиш жараёни 😂


ФАРЗАНД УЙҒОТИШ

☝️Фарзандингизни уйғотишдан олдин унинг ёнида уч дақиқа ўтириб, паст овозда «Оятул курси» билан икки «Қул аъузу» сураларини ўқинг.
Кейин уни оҳиста уйғотинг. Бақир чақир ўрнига тасбеҳ айтинг.
Аллоҳни севдирадиган сўзлар айтинг, «Аллоҳ ризқимизни кенг қилсин», «Аллоҳ сизларни ёрлақасин» денг. Фарзанд Аллоҳни яхши кўриб улғайса, гуноҳ қилишдан қўрқади, солиҳ амаллари билан тенгдошлари орасида ажралиб туради.
Эй Мусо алайҳиссаломни чақалоқ пайтида сақлаб қолган Зот! Ўғил-қизларимизни ҳаёт фитналаридан сақла!
Аллоҳим! Фарзандларимизни солиҳлардан, ота онасига яхшилик қилувчилардан қил!

@jonixonov


САДАҚА

Бир аёл ҳар сафар ўғилларидан биронтасини хулқида ёмон ўзгаришни кўрса, дарров садақа қилиб, таом тарқатар ва ушбу: “Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил...” Тавба сураси, 103-оятни ўқиб дуо қиларкан: “Аллоҳим, ушбу садақам фарзандимнинг ахлоқи покланиши учундир, чунки унинг бу ҳоли менга у касал бўлиб, хасталанганидан кўпроқ таъсир қилади, безовта қилади” дер экан.

Яна бир аёл бўлса, камбағал эди, кунлик топганларига кифоя қиларли кун кечиришарди. Шу сабаб садақа қилишга ҳеч нарса тополмасди. Эри ёки ўғли бирон айб, гуноҳ содир қилишса, кечаси туриб Бақара сурасини зам қилиб намоз ўқир ва: “Аллоҳим, бу менинг садақамдир, уни мендан қабул эт. Уни менга ислоҳ қилиб бергин”, дея дуо қиларди.

Нима учун вафот этган инсон дунёга қайтиш имкони берилса, садақани танлайди? Бу ҳақда Қуръони каримда: “Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг” (Мунофиқун сураси, 10- оят), деб айтилган.

Нима учун “Умра қиламан” демайди, “намоз ўқийман” демайди, “рўза тутаман” демайди, балки “садақа қиламан” дейди.
Илм аҳли дейишди: Вафот этган киши ўлимидан кейин садақани қай даражада фойдаси, асари улкан бўлишини кўргани учун ҳам шундай дейди.

Садақани кўпайтиринглар, албатта мўмин қиёмат кунида садақасининг сояси остида бўлади. Айни дамда сиз қилишингиз мумкин бўлган энг афзал садақа - ушбу ўқиганингизни садақа ниятида бошқага улашишингиздир.

Жума айёмингиз муборак бўлсин!

@jonixonov


Олти ойлик гўдакнинг хотираси

Ривоят қилишларича, Абу Али ибн Сино ёшлик йиллари илм талабида олис юртларнинг бирига бориб қолибди. Бозорни кезиб юрган чоғида бир кишини учратиб қолади ва унинг ёқасига чанг солади:
-Сен бир пайтлар менинг юртимга бостириб боргансан, бешигим устидаги ёпинчиқни тортиб олиб, онамни қақшатиб кетгансан.
Ҳалиги киши нотаниш йигитнинг бу даъвосидан таажжубланибди ва табиийки айбни тан олмабди. Хуллас, ибн Сино ҳалиги кишини қозининг ҳузурига олиб борибди. Қози уларнинг ҳар иккисига зимдан назар солиб, дардини тинглабди. Ҳалиги одам ибн Синони биринчи марта учратиб турганини айтибди. Аммо, Абу Али ўз фикрида собит туриб олибди:
- Бу одам ўғри, у бундан ўттиз йил аввал бешикда ётганимда бошимга турган заррин ёпинчиқни олиб қочганди. Ўшанда мен олти ойлик гўдак эдим.
Бу ишнинг тагига етишга қизиқиб қолган қози дарҳол жавобгарнинг кечмишини ўрганишни буюрибди. Маълум бўлишича, у ростдан ёшлигида аскар бўлиб ёлланган, Бухорога қилинган ҳарбий юришда қатнашган экан. Қаттиқ қистовга олинганидан кейин у ҳаммасини тан олибди:
–Рост, биз шаҳарни эгаллаган пайтимизда, кўпчилик турли хонадонларга кириб, одамларнинг мол-мулкини талашга тушганди. Мен ҳам бир ҳовлига кирдим. Қарасам қўлга илинадиган бирор тайинли нарса йўқ. Айвонда бешик устида заррин мато ташлаб қўйилган экан. Онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай, боласининг бешиги устидаги ёпинчиқни олиб, чиқиб кетдим. Аммо бу бола мени таниб қолибди. Вақти келиб, ёқамдан тутиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди!...
Ҳа, буюк бобокалонимиз чақалоқлигиданоқ ана шундай ўткир хотирага эга бўлган эканлар.

@jonixonov


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
СамДУ Каттақўрғон филиали талабаларидан каминага туҳфа. Барака топишсин.

@jonixonov


ҚИЙҚИРАТИБ ЮБОРГАНДА ЭРКИН ВОҲИДОВ

ЭСКИ ҲАММОМ, ЭСКИ ТОС

Қайта қуриш хусусида
Олам узра жаранг ос,
Давраларда баҳслар қизғин,
Баҳсларда зўр эҳтирос.
Кўп орзулар топди ҳаёт
Кўзгусида инъикос,
Аммо бизнинг томонларда
Ҳали фақат гап, холос,
Ҳаёт эса ўша-ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Аввалгидек йил бошида
Йил режасин бичамиз,
«Бажарамиз» қасамини
Яхна чойдек ичамиз.
Сўнг ўн бир ой сусткаш умр
Дарёсида кечамиз,
Йил сўнгида: «ҳайда-ҳайда»,
Ой сўнгида: «бос-ҳа, бос!»
Қоидамиз ўша-ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Биз мажлиссиз яшолмаймиз,
Мажлисга ҳам план бор,
Мажлис дема — жанггоҳ! Сени
Пийпалашга гилам бор,
Содда бўлма, у гиламга
Тайёргарлик билан бор,
Чап беришни, чалишни бил,
Жавоб зарбин ўрган хос.
Ишни бўлса... иш маълумгап:
Эски ҳаммом, эски тос.

Кимга керак ташаббускор,
Билгувчи йўл-йўриқни?!
Ташаббускор ишни бузар
Кутмай юксак буйруқни.
Бизлар эсак — камтар одам,
Қовуштириб қуллуқни,
Жим турамиз, биламиз-да,
Жим туришга бор асос.
Бизга асли жуда мақбул
Эски ҳаммом, эски тос.

Қандай асос, дерсиз. Раҳбар
Сўзи доим сўз бўлган,
Унга «қарши», «бетараф» йўқ,
Овоз доим юз бўлган,
У истаса икки беш қирқ,
Икки ўн тўққиз бўлган,
Тарихга боқ, раҳбарингни
Шаҳаншоҳга қил қиёс,
Аъёнлару гумашталар...
Эски ҳаммом, эски тос.

Кимки баланд учмоқ бўлса,
Бўлса ҳам у отамиз,
Асло парвоз қилдирмаймиз,
Оёғидан тортамиз,
Амаллаймиз, бўйнига бир
Маломатни ортамиз.
Деймиз, сени биз эҳтиёт
Қилмоқдамиз, Мирғиёс,.
Баланд учма! Тинч сенга шул
Эски ҳаммом, эски тос.

Бозоримиз ўша бозор,
Олой, Эски Жўвамиз,
Мақол ўша, пул бўлса гар
Чангалдадир шўрвамиз.
Бир тўрва пул билан тушсак,
Тўлиб чиқмас тўрвамиз.
Баракалла, эпчил йигит,
Қандингни ур, Мирваққос,
Касбинг ўша, нафсинг ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Дўконимиз ўша дўкон,
Унга ҳам ҳеч ривож йўқ,
Пул чангаллаб, кўнгилдаги
Мол топишга илож йўқ,
Турмуш дерлар, бола-чақа,
Кимда ҳам эҳтиёж йўқ,
Ҳар юлғичга қуюқ салом,
Ҳар ўғридан илтимос.
Ҳолатимиз ўша-ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Содда, мўмин одамлармиз,
Кўнгилда йўқ киримиз,
Олам ҳайрон, англолмас не
Бу юввошлик сиримиз.
Биз жим турдик, ўлди Орол,
Битди Аму, Сиримиз,
Авлодларга қолар бўлди
Заҳарланган ер мерос,
Дод фарёддан не наф, амал —
Эски ҳаммом, эски тос.

Фарзандларни биз не учун
Келтирамиз дунёга
Ақлу қалбин, умру бахтин
Тўлдирмасак зиёга?
Туғдирмоғу туғмоқ биздан,
Қолган умри худога.
Яна бахтли болаликдан
Солурмиз айюҳаннос.
Наҳот, бўлгай эртамиз ҳам
Эски ҳаммом, эски тос.

Хўп иш бўлди, ўзбекмас деб
Айтдик Ибн Синони.
Гар мўъжиза тирилтирса
Ул табаррук сиймони,
Болаларнинг ўлимидан
Қирқ газ сакраб имони,
Дерди, наслим, билмадим ё,
Папуасми, эскимос.
Гаплар ошкор, ишлар эса
Эски ҳаммом, эски тос.

Бизга ишдан ҳеч гапирманг,
Гап сотишга устамиз,
Юк тортишмас, бировларга
Юк ортишга устамиз.
Ўлганларнинг орқасидан
Тош отишга устамиз,
Тиригида деймиз фақат
Пайғамбарлик сизга хос.
Ялтоқилик ўша-ўша:
Эски ҳаммом, эски тос.

Дилимизда гапимиз кўп,
Айтган билан битмайди,
Лекин дардлар чорасига
Гапнинг ўзи етмайди.
Бундан буён аравада
Жим ўтириш кетмайди,
Йўқса, тарих бир кун биздан
Олажакдир алқасос,
Насибамиз бўлгай мудом:
Эски ҳаммом, эски тос.

Эркин Воҳидов

@jonixonov

20 last posts shown.

9 100

subscribers
Channel statistics