Ҳафиза Эгамбердиева


Channel's geo and language: not specified, not specified
Category: not specified


Ҳафиза Эгамбердиева ижодидан намуналар

Related channels

Channel's geo and language
not specified, not specified
Category
not specified
Statistics
Posts filter




Темур руҳи кездими Ғарбни,
Ворисларга бердими зарбни,
Кўтаролмай бундай шарафни,
Қора кўзинг ёшга тўлдими?
Баландлаган байроққа боқиб,
Ўн иккита юлдузни тақиб,
Ҳасанбой, Разамбек деган сас ёқиб,
Юртим баланд бошга тўлдими?!
Боши кўкда ўзбек аёлин,
Диёранинг гўзал жамолин,
Олтин медаль тишлаган  ҳолин,
Минглаб аёл йиғлаб кўрдими?
Баҳодирнинг бўйи- бастидан,
Улуғбекнинг мушти дастидан,
Лазизбек товони остидан
Дунё ўзбек кучин кўрдими?
Асадхўжа, бек Абдумалик,
Қўлладими, сизларни Ҳолиқ,
Шоҳсупа ҳам қилмоқда қуллуқ,
Мард йигитнинг бурчин кўрдими!
Мавзу бўлиб катта достонга,
Олтин оқиб Ўзбекистонга,
Юлдуз тақиб Ўзбекистонга,
Ўн уч фарзанд  мағрур турдими?
Ўзбекистон мағрур кулдими?!

*
* * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу не мужда, қувонтириб йиғлатади,
Оромингни бузиб, қалбни чўғлатади,
Шуурингни, ғурурингни уйғотади,
Ҳасанбойлар, Баҳодирлар, Улуғбеклар,
Зарби билан кўк тоқига  байроқ тиклар.
Бир ярашди байроқ Париж осмонига,
Минг йиллик дард кўкайлардан ситраб кетди.
Дунё мафтун бўлди ўзбек райҳонига,
Диёрага боқиб Эйфель титраб кетди.
Асадхўжа, Лазизбеклар сизга таъзим,
Кўнгилларни ўстирдингиз кўкка довур,
Разамбек ва Абдумалик мард ўғлонлар,
Олқиш олган, дуо олган билаги зўр!
Алпомишлар наърасидан дунё ҳайрон,
Барчинойлар туҳфасидан дунё ҳайрон,
Ўзбекча сўз, куй эшитар Париж шу он,
Билаги зўр мингни йиқди, бизнинг замон!
Ҳали бордир кумушлару, бронзаси,
Ҳар бирида янги мақсад, бўрон саси,
Дўпписини баланд отди ўзбек асли,
Музаффарлик ярашади Турнинг насли.
Мағлуб бўлган томонлар ҳей сиздан узр,
Бу не мужда, бу не шараф, бу не ҳузур!
Қизиқмасдим на олтинга, сийму зарга,
Гўзал Париж олтинларинг ёқиб кетди,
Зеб-зийнатсиз қолган бўлсанг ўкинма, қўй,
Олтинларинг Ўзбекистон тақиб кетди.

        Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
                11.08.2024


     
Юртим, туркийларнинг ватанисан сен,
Тарихинг туташган Битиктошларга.
Ёфаснинг нафаси,Турнинг наъраси,
Недан дарс ўтмайсан бугун ёшларга?!
Бори ёвни енгган битта чўпонинг,
Широққа ватансан,эй қалби ёвқур,
Недан кесилгандек бугун забонинг,
Йиқилма, тарқама,  Она Турон, тур.
Қўлида қиличи  Тумарис қизинг,
Мешга тиқар ёвнинг  қонхўр бошини.
Фарзанд доғин ютар   оқлаш-чун тузинг,
Қиличга суртади кўзин ёшини.
Кубролар қўлига олсин байроғинг,
Адолат қиличин Темурлар тутсин.
Алпомиш улғайтсин ҳар битта боғинг,
Ҳар алпинг вафодар Барчинлар кутсин.
Эсла, Она Турон! Тарқама, бирлаш,
Сендан гўзал юрт йўқ ёруғ жаҳонда.
Довруғинг аслида кўкларга туташ,
Ботирлар туғилсин яна Туронда.
         Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
                 




Бош қаҳрамон ўзим, гувоҳдир кўзим,
Бу менинг ҳикоям,бу менинг йўлим.
Саёҳатим менинг қисқами, узун,
Чарчаган -оёғим, етмаган -қўлим.
Дилимнинг қонидан суғорган экин,
Шилинган туйғулар инграган фурсат.
Мумтоз қўшиқ каби куйланган секин,
На тунда, на тонгда қолган аросат.
Балонинг сочини тараган тароқ,
Кўзига қайғулар қоқилган михдек.
Тенгларидан олдин букилган сўроқ,
Қизиб кетган йўли тўкилган чўғдек.
Бош қаҳрамон ўзим, балогардон мен,
Сув ичида сувсиз қақраган балиқ,
Бу сароб дунёда бир Муаллифим
Воқеалар ривожин билади аниқ.
Мен эса кетяпман йўлда таслим, жим
Гуллар тераяпман тикон оралаб.
Яхши амалимни ошир, Ёзувчим,
Барини қаламинг қўйгач қоралаб.

Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
2.01.2024


Гоҳи учгим келади қушдек,
қушлар каби бўлсам бир муштдек,
қайғузорлар қолсалар тушдек,
Ойга ҳамроҳ бўлсам тунлари.
Дардин айтса,дардимни айтсам,
Дардин олсам, дардимни олса,
Ҳеч кимсага сотмай сирларин,
Ойга ҳамроҳ бўлсам тунлари!
Мени кўриб ёришса юзи,
Сайрасам гар қувонса кўзи,
Маҳзун кезиб юрмай бир ўзи,
Ойга ҳамроҳ бўлсам тунлари.
Гоҳи учгим келади қушдек...

* * *
Ҳали қалбим тўлмади нурга,
Ҳали кўнглим тўла узурга
Ҳали жуда эрта ҳузурга,
Сабоҳлардан қарзим бор ҳали.
Дунё ҳали сиғмади кўзга,
Саломим бор берилган тузга,
Баҳоримни бергандим кузга,
Япроқлардан қарзим бор ҳали.
Мен кезмаган чаманлар бисёр,
мен бўлмаган замонлар ҳам бор,
Бекатлар бор қадамимга зор,
Йироқлардан қарзим бор ҳали.
Бургут каби учмоққа шайман,
Аммо ортга назар ташлайман,
Юртдан айро қандай яшайман,
Тупроқлардан қарзим бор ҳали.

...ГА
Сен осмондан боқасан менга,
Мен заминдан боқаман кўкка
Кибринг баланд, сезмай пастлайсан,
Мен осмонни дилда асрайман !
Ёғмир ёғса кўзларим ювиб,
Қор ёққанда кафтим тутаман,
Дўл ёққанда бошимни тутиб,
Сел келганда ичга ютаман.
Сен осмондан боқасан менга,
Мудом пастлик сени назаринг.
Ерда туриб топганларимга,
Камлик қилар бил,сийму заринг.
Назарингда юпун, очдайман,
гулин тўккан бир оғочдайман,
Асли кўкдан хабарлар олиб
Ерга қайтган қалдирғочдайман...
Мен заминдан боқаман кўкка!

* * *
Майда қадам ташлади ёғмир,
майда қадам ташлади хаёл .
арраланди замон ўтиндек,
одам увол.
одамзот увол!

Китобларнинг қатида инграр
кесилган ё осилган бошлар!
халқнинг қадди эгик мажнунтол,
одам увол,
одамзот увол.

Йигит ёшда кетяпти алҳол,,
минг-минг аскар урушга ночор,
ўлим сари йўллар қари чол,
одам увол,
одамзот увол!

Қонга ботди куз ва қиш бу йил,
ё замонми шунчалар қаттол
Ер остида тўла хазонгул,
одам увол,
одамзот увол!

Кезмоқдами вайронкор руҳлар,
Роббим, токай адолат ухлар,
Қиличингни қўлларингга ол,
одам увол, одамзот увол!

Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
25.01 .2024


Зийнат тўла осмон, зеб тўла осмон
Баъзан тортиб кетар оҳанрабодек,
Мен эса кўзимни узгим келмайди,
Улар орасида яқиним бордек.
Қаро булут турса бошим устига,
Хавотир кўнглимни чертади тордек.
Қайси бир далада, қай бир кўчада
Соябонсиз турган яқиним бордек.
Қайда сув тошқини, қайдадир уруш,
Қайда очарчилик, одамлар хордек.
Кўздан уйқу қочар, хаёллар қочар,
Улар орасида яқиним бордек.
Теграмда шодлару, қувноқлар бўлса
Кўринсалар кўзга хўп бахтиёрдек,
Қафасига сиғмай қувонар юрак,
Улар орасида яқиним бордек...
        Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
              2.06.2024

 


            САБОҲ ҲИКОЯСИ
Сир бўйида ўлтириб, сирғам тушди сирғалиб,
Тубига боқмасимдан оёғим тойиб кетди.
Юнусимни ютган ул наҳанг кўринди кўзга,
Ғарибу ночор қолдим, лек  балиқ бойиб кетди.
Сувпариси чиқдию чанқовуз чалди маҳзун,
Кутгани келмадими, қовоғин уйиб кетди.
Қозон-ўчоқ не даркор , тошга қўйдим юрагим,
Офитобнинг тиғига пишиб , қоврилиб кетди.
Келди қарға, қузғунлар,чарх уришди бошимда,
Ҳил-ҳил пишган юрагим бўлишиб,тўйиб кетди.
Сирлар эшигин излаб, юрагимни бой бердим,
Йўл қараган кўзларим қарғалар ўйиб кетди.
Қани юрак, қани кўз, балиқ ютган сирларни,
Қолди сувратим  чўкиб, руҳимни  олиб кетди.
Билмоқ учун келгандим сир бўйига сил бўлиб,
Тополмадим ҳеч вақо,  сел барин  ювиб кетди.
Етмиш минг парданг аро боқдинг ҳолимга,
Вадуд,
Топдим дея  йиққаним бир зумда куйиб кетди.
Сир бўйида бир бора шўнғимоқ истади дил,
Ўзим гуноҳкор бўлдим,  кўзим боайб кетди.
Недан бунча  озорлик ,хорлигу интизорлик,
Билгичим, билганларим сенгача ғойиб кетди.
Дўзах билан қўрқитма, меҳрибоним, ёнди дил,
Ёлғон дунёнгда чиндан Ҳафизанг куйиб кетди.
Тавба эшигин очиб, қабул қил, Робб, бандам деб,
Билган десин яратган Раҳмондир, ийиб кетди.

       Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
                 11. 04.2024




Бу файзли ёмғирлар ёғар сен учун,
Бу офтоб чиқади сени қучай деб
Қушлар қанотини қоқар сен учун,
Тилагинг кутади, юлдуз, учай деб
Фазилатли ой ҳам ёритар йўлинг,
Замин кўтаради бошига мудом,
Аммо қурол ўқтаб иккала қўлинг,
Кўзларинг қонсирар урушқоқ одам.
Бало ёғдирасан босқин қасдида,
Ўзга юртларга кўз тикасан тўймай?!
Оналар кўз ёшин тўкмоқ мақсадинг,
Гўдаклар қонидан ичмоқдасан май .
Бир кун гўдакларнинг хуни тутади,
Ёқангдан олади афгор оналар
Инграган майиблар оҳи уради,
Юрагингда портлар шифохоналар.
Яшамаган ёшлар қони бўғзингда,
Вайрон шаҳарларнинг арвоҳи урар,
Қўлинг етган жойдан кетган боғ-роғлар,
тутуни сен билан баробар юрар!
Дунёга сачради вайронкор қонинг,
Сени туққан онанг қолди қарғишга,
Хайр де, тавба қил, ишониб қолма,
Сохта итоатга, сохта олқишга.
Ахборот асрининг ахборотлари,
Кўнглим маҳзунлигин боиси бу дам.
Сени тинч қўймасин қурбонлар доди,
Ер сени олмасин урушқоқ одам!

Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
29.04.2024










Сенсиз келди бешинчи баҳор,
мингдан зиёд тонг отди боврим,
Тонглар отди сочимга оқин,
Тунлар отди жонимга жабрин.
Тишда тишлаб ҳар тун додимни,
Тонгда яна истиғфор айтдим.
Унутолмай лаҳза ёдингни,
Жигарларинг ўйладим,қайтдим.
Ухламоқни истадим узоқ
уйғотмасин ҳаттоки қушлар,
иккимизни чорлаб зангор боғ,
сени менга келтирсин тушлар.
Дединг бир кун "Аяжонгинам,
кўнглингизни бўлмасин сўроқ,
Сизни жуда яхши кўраман,
Осмон қадар,ўзимдан кўпроқ."
Аммо мени бўзлатиб кетдинг,
Истамасдинг тиканни раво,
Чандон меҳринг томоша қилиб,
Қизғандими билмайман Худо.
Кошки ёмон кўрсайдинг мени,
Мен ҳам золим она бўлсайдим,
Севганингни оларкан Мавло,
суймасайдим,тирик юрсайдинг.
Яна апрель келди шайланиб,
олиб кетар бешинчи марта.
Фирдавс боғда учраштиргин деб
шивирлайман кўз ёшим арта.
Ер уйғонган, борлиқ уйғонган,
Мен кўзларим юмаман атай.
Илинсину кўзга уйқулар,
тушимга кир, айланиб кетай...

Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
26.04.2024


Ассалому алайкум!

Қадрли Ижод гулшани мухлислари, қадри баланд ижод аҳли, шоиру шоиралар!!!

Бизнинг чат дасуримизни соғиниб ҳамда интиқлик билан кутаётган мухлисларимизга  гўзал ижодий кеча тақдим этмоқчимиз!

Азизларим, ижодий кечамизда
кўплаб мухлисларининг қалбидан чуқур жой эгаллаган, дилга ҳуш ёқувчи шеърлар муаллифи,  Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси
#ҲАФИЗА_ЭГАМБЕРДИЕВА
азиз меҳмонмиз бўладилар.

Шеър ва ҳикоялари ҳинд,турк,озар,инглиз тилларида  чоп этилган. "Кўнгил кўшки" шеърий тўплами, "Нахшона",  "Қоронғу тўқай" каби насрий китоблар муаллифи. “Whisper of leaves” китоби Руминиядаги Мунир Мезйед санъат ва маданият фонди томонидан чоп этилган ва дуне бўйлаб amazon.com сайтида жойлаштирилган.

Чат дастурини
УМИДА ЖЎРАЕВА  олиб борадилар.

Ижодий кеча ташкилотчиси
Зулфия Султон.


Ижодий кеча 14-апрель
Кеч соат 21:00 да бўлиб ўтади!


Бизнинг манзил.
ДИЛ ОШЁНИ КАНАЛИНИНГ
ИЖОД ГУЛШАНИ ГУРУҲИ.

ҲУРМАТЛИ ИЛА КАНАЛ РАҲБАРИ
ДИЛАФРУЗ ЖАМОЛ.

https://t.me/dil_ijodgulshani
href='' rel='nofollow'>


Мен кеча ҳақида ўйламай қўйдим,
эртани  унутдим жон дўстим, эслат.
Мен бугун бугунни ўртага қўйдим,
бугун ҳақда ўйлаб қолдим бир фурсат.
Боқдим, осмон олис, ер қаттиқ экан,
Шукур, етарлидир бугунги ризқим,
Атрофимда дўстлар, оилам бирдам,
Кўнглим ҳаловатин буза олур ким?
Аммо,ожиз эдим, банда эдимда
Туйқус ваҳимадан ўртанди қалбим.
Кечанинг жавоби нима бўлади,
Бир лаҳза ўзимни нега алдадим?
Ризқим бут,устим бут,қайғу йўқ дея
Бугун қайғу ичра бўкилмакдаман.
Ва кечам,эртамнинг уволин ўйлаб
Ёмғирдек заминга тўкилмакдаман.
Бу эпкин, бу шамол қадимий мужда,
Қалбимни варақлар гўё китобхон .
Қанчалар қисқадир мен қилган сажда,
Қанчалар узундир нафс қўйган қопқон...
Мен бугун кечани эсламай қўйдим,
Эртани унутдим, жон дўстим, эслат..!

            Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
                          27.02.2024


Эл ҳурматидаги ижодкор, журналист ва шоира Хафиза Эгамбердиева таваллуд топган кун бугун!
Опажон, энг яхши тилакларимиз сизга! Кўнгил хотиржамлиги, самимий табассум, шодиёна кунлар ҳамроҳингиз бўлсин доим! Ижодингиз дунё кезсин! Яқинларингиз, мухлису-шогирдлар ардоғида, элнинг эътиборида бўлинг ҳамиша.
ТУҒИЛГАН КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН !

***
Умидни сўндирма дил, тепада қозинг бордир,
Илтижо қил тонг саҳар, қанча дилрозинг бордир,
Эрта балки гўзалдир, бари кундан афзалдир,
Ўтиб кетар, бир фурсат қорли аёзинг бордир.
Дард куйдирса бўғзингни, алдолмасанг ўзингни,
Севган қўшиғингни айт, қўйиб бор овозингни
Шукурлар қил беадад ,сабаблими бесабаб,
Умид-ла кутгин фақат баҳорингни, ёзингни.
Хафиза Эгамбердиева
***
Кўнглимдан гул узма, алангаси бор,
Кафтларинг куймасин, азобда қолма!
Менинг қор кўнглимни иситар улар,
Менинг тор кўнглимни ёритар, келма.
Олис юлдузларда тафт йўқ, иссиқ йўқ,
Булутлар истамас ёнмоғим чунон,
Билмаслар дардимга даво фақат чўғ,
Ёниб турмасам гар музлайман шу он.
Мендан ясашмасин қор одамларни,
Мендан гулхан ёқиб, исинсин қалблар.
Гирдимда эслашсин тафтли кунларин,
Бахтли кунларидан сўйлашсин лаблар.
Менинг юрагимда исинар қиш ҳам,
Менинг юрагимга ботади қуёш,
Менинг юрагимда бори сўзлар нам,
Менинг юрагимда қиздирилган тош.
Қуёш алангаси , музнинг сувидан
Улғайган гулларга узатмагин қўл!
Йўлчига йўл яхши , йўлдан қолмагин,
Дардингни қолдирда, эй дўст, омон бўл!

Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА


Туркияда чоп этилган шеъримиз?хусусида туркиялик қардошимиз мақоласи. "Гўзал аҳлоқ соҳибалари "



20 last posts shown.

89

subscribers
Channel statistics