Ҳасанали ота, асл исмлари Миракмал Жамилов билан «Чемпион»да бирга ишлаганмиз. Соатлаб телефонда гаплашардик, кўришганман, уйларига борганман, кампирлари билан ёлғиз, суяниб яшардилар.
Тахаллус танланиши ҳам қизиқ. Нега Ҳасанали ота? «Ўтган кунлар»даги қул образи. «Сиз ёшларни қариган чоғимда топдим, ҳаммаларинг мен учун Отабексизлар, сизларга қул бўлиб хизматларингни қилай, шунинг учун Ҳасанали отангизман» дегандилар.
Адабиётга жуда қизиқардилар, уйлари тўла китоб. Бир вақтлар қизиқиб, ҳикоялар ёза бошлаганимда, илк танқидчим, ҳамма мақтаганда, у инсон ҳикояларнинг жуда бўш экани, ғоя бўлса-да, муаллиф буни сатрлар орасига яшириши кераклигини таъкидлаган, ҳамма мақтаганини эмас, оддийроқ туюлганини «мана шуниси энг зўр» деган, таҳрирлаб бераман, деб, шу билан қолиб кетган. Бир неча йил олдин аёли вафот этганини, ўзи оғир касалликка чалинганини эшитдим, аммо анча бўлганди гаплашмаганимга. Йўқ, аслида, отанинг блогини ўқиб борганман, доимгидек формада эдилар.
Кўп ёзганларим кейинроқ ўзимга ёқмаган ҳолатлар бўлган, аммо чинакам пушаймон бўлганим, бир марта, яхши эслайман. Ўн йилдан ошди шекилли. «Газпром» МДҲ худудида қанақадир Суперлига тузиш ғояси билан чиқди, Газзаев лойиҳа директори бўлди, бир муддат шу мавзу долзарб бўлиб турди. Ўшанда «МДҲ мадҳи» деган текст ёздим, бундай чемпионат футболимизга, терма жамоамизга фойда бўлиши ҳақида асослар сурдим. Ўшанда Миракмал ака мени қаттиқ койиб берган, ҳатто бегона одамни айблагандек, мени сотқинга чиқариб, мақола ҳам ёзгандилар. Ҳатто атайлаб қилди, деб оғир айб қўйганлар. Хафа бўлганман, мен фақат футбол ҳақида ёзганман, бошқаси билан ишим йўқку, деб ўзимни оқлаганман ҳам, аммо ростан ҳам нотўғри эди. Ҳозир буни кўриб турибмиз, бу ерларда, Россия билан сиёсатдан ҳоли муносабат бўлиши қийин масала. Сотқин бўлиш учун эса, аҳмоқ бўлиш етарли экан.
Хасанали ота бироз мураккаб, тушуниш қийин тилда ёзарди. Илғаб олмасангиз, баъзида қийналасиз. Сал оддийроқ ёзсангиз бўлмайдими, кўпчилик ўқирди, десам, «йўқ, уч киши ўқиса ҳам, мени тушуниб, ҳис қилиб ўқийди-ку, ўша уч киши учун ёзавераман, улар мен учун қадрли» дер эдилар.
Миракмал ака вафот этибдилар. Жойлари жаннатда бўлсин. Энг кўп ўша уч кишига ачинаман. Бизни кўпчилик ўқигани билан биздақалар ҳам кўпчилик, эртага биз ёзмай қўйсак, индинга вафот этсак, ўқувчиларимиз бошқаларни ўқиб кетаверади. Аммо энди, ўша уч киши нима қилади? Кимни ўқийди?
Уч киши, таъзиямни қабул қилинг. Аллоҳ сабр берсин.
@aslanov_futbol