Кузнинг илк ёмғири ёғди бу кеча,
Йиғлаб дийдорлашди ер билан осмон,
Қора илон каби ялтирар кўча,
Тиллодай ярақлар барги заъфаон.
Сезяпман, деразанг олдида сен ҳам
Ёш тўла нигоҳинг дунёга қадаб,
Умри бевафони ҳис этиб бир дам,
Ичикиб турибсан, тишлаганча лаб.
Шаҳло кўзларингдан сачраб чиққан мунг,
Юзингда сирғалар намчил хат бўлиб,
Кулгичларингдан жим томчилар қайғунг
Беимкон ва олис муҳаббат бўлиб.
Йиғлама, сен ҳали бахтли бўласан,
Барча бахтлилардан кўра бахтлироқ,
Бедорликда висол йўқдир, биласан
Кундузлар қорадир, тушларинг - оппоқ
Йиғлама, ухла, то чиққунча қуёш,
Тушингга киргайман, етса имконим,
Сенинг кўзларингда ялтираган ёш,
Менинг юрагимга томчилар, жоним.
Кузнинг илк ёмғири ёғди бу кеча...
A. ҲАМРО
@Marvaridfikrlar