ЙИГИРМА ВА ЎТТИЗИМНИНГ ОРАСИДАҚўшиғига тўлдиролмай бир фалакни,
Қиём ўтди, кун кўксимга оғаётир.
Юрагимдан бошлаб бердим камалакни,
Дил шаҳрига ёмғирлари ёғаётир.
Сўзга сиғмас Ўзи билган тавбаларим,
Исмин айтсам – файзи кетгай, файзи кетгай.
Қош қорайса – имлайверар қиблаларим
Ишқлар менсиз гуноҳ этгай, гуноҳ этгай.
Юким ортди этагимга юлдуз териб,
Юпун жоннинг савдосига хато келдим.
От ўйнатган дунёсига салом бериб,
Қиш тўкилдим, ёз тўкилдим, куз тўкилдим…
Шабнам борар тонг юзида булоқ бўлиб,
Харитага айланади карвон йўли.
Дил эланди кўпкарида улоқ бўлиб,
Чап елкамга ботиб кетган кимнинг қўли.
Тушлар, сизга кечагидек йиғлолмайман,
Кўзларимга қараб беринг, тинчликмикан.
Соқов айтган нолаларсиз яшолмайман,
Ичимдаги аразкашим тирикмикан.
Энг сўнгида тўкилади жон оҳори,
Даври-даврон, чўмичингда борманми, айт.
Товонимдан чўкаяпман жимлик сари
Тупроқларим айтган садо, мен бўлиб қайт.
Йўл тополмай оёғимга йўл суринар,
Жим турибман қиёматнинг қорасида.
Қай томонга борай десам ўт кўринар,
Йигирма ва ўттизимнинг орасида.
Мен англаган саховатни билмас олам,
Минг ўхшайман озиб-тўлган ойларига.
Қисматига кўнмай юрган, соқов одам,
Тош отиб тур юрагимнинг сойларига.
©Наргиза ОДИНАЕВАManzilimiz: 👉 @Nargiza_Odinayeva_ijodi