Севишганлар куни эмиш...
Эрта тонгда, эшик олдида,
Йўлим тўсди ногоҳ аёлим.
Бу ҳол бирла бузилиб фикрим,
Минг кўчага кетди хаёлим.
-Ҳой дадаси, тўхтангчи бир дам,
Биласизми, эрта қандай кун?-
Гаранг эдим, хаёллар тарқоқ,
Кўтаролмай бошимнинг юкин.
Гапирмасам “дооод” дегудайин,
Нақд бўғзига йиғилган уни.
-Ҳа биламан, эртага хотин,
Бобур мирзо туғилган куни...
Пирпиради лаблари унинг,
Йиғламоқдан берироқ бўлиб.
Эшик зулфин бузмоққа тайёр,
Турар эди, ўпкаси тўлиб.
Кўзларида ўйнарди жаҳл,
Лаб учида турар зардаси...
-Эй борингейй, эртага ахир,
Севишгалар куни, дадаси!...
Жим турардим, кўзларим кулиб,
Жаврар эди хотин бечора.
Борган сайин вазият оғир,
Излар эдим чиқмоққа чора.
Не дер эдим, қалб ошиқ ахир,
Муҳаббатга кўнгил қахрабо.
-Ҳа онаси, эртага байрам,
Хурсанд бўлсин Валентин бобо.
Сал жилмайди шўрлик аёлим,
Юзларида табассум зухур.
Деди, ерга термулиб, секин:
-Унутмабсиз, Худога шукур!
-Унутганим йўқ, меҳрибоним,
Ахир кўнгил ишқдан умидвор.
Мумкин бўлса, жаноби хотин,
Энди сенга бир саволим бор.
-Қандоқ савол, айтинг дадаси –
Бирам гўзал чимрилди қошлар.
Бугун совға олмоқ ишқида,
Сарак-сарак ўйнарди бошлар.
-Неча кун бор бир йилда хотин?
Сал унутдим, эслат азизам.
-Уч юз олтмиш беш кун, дадаси,
Алгебрани биламиз биз ҳам...
-Ҳа шундайми, аниқми жоним,
Шу гапингга ўзинг қози бўл.
Сени фақат эрта севаман,
Уч юз олтмиш тўрт кун рози бўл!
Ғазаб ўти порлади бирдан,
Косасидан чиқди кўзлари.
Соч тўлғониб, аждаҳо бўлди,
Олов бўлиб ёнди юзлари.
-Бу нима гап дадаси ахир –
Йиғлар эди, бечора ҳиқ-ҳиқ.
-Ўн беш йиллик жуфт ҳалолингиз,
Наҳот бир кун севишга лойиқ?!
-Ахир ўзинг айтдингку, жоним,
Севишганлар куни деб эрта.
Сени эрта жуда кучлироқ,
Севмоқ учун бир имкон бер-да.
-Розимасман!!! Йўқ! Йўқ...яна йўқ!-
Қайнар эди ғазаб зардаси.
Деди, ёшли кўзларин сузиб:
Мени ҳар кун севинг, дадаси.
-Хўп азизам, ҳар кун севаман,
Фақат битта шартим бор хотин.
-Айтинг майли розиман – деди,
Бечоранинг кўзлари ботин.
Бир жилмайиб қўйдим-у секин,
Очдим чунон қалб номасини:
-Бошқа тилга олмайсан сира,
Валентин чол ҳангомасини.
-Хўп розиман...- маюс тортди у,
Тушди дарров оташ қаҳридан.
Ул ҳавоий бир кунлик ишқни,
Бир лаҳзада ўтди баҳридан.
Уйдан чиқдим. Енгил тин олиб,
Ечиб бошдан ҳайрат юкини.
-Эрта қандай кун эди, хотин,
-Эрта Бобур туғилган куни!
-Эй яшавор! Ўзинг биттасан,
Муҳаббатинг бошга қўяман.
Шу гапинг-чун энди мен сени,
Уч юз олтмиш беш кун суяман
♻️Kimga yuborishni bilasiz♻️