Forward from: Sadulla Ghaybullayev
Улуғ бир аждодимиз айтганидек, тарбия масаласи миллатнинг ҳаёт ва мамот масаласидир. Шуни била туриб, масалага негадир жуда енгил қараймиз. Шаклланган эътиқодимизда ноқисликлар кўп бўлгани учун гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ружу қўямиз. Чунки миллатнинг анъаналаридан узилган соф жинсий тарбия ҳам, ақидапарастликдан холи бўлмаган соф диний тарбия ҳам якка ҳолатда бани башарнинг олдидаги муаммоларнинг ечими бўла олмайди. Физиология деган нарса бор, эҳтирос деган нарса бор, у манман деган уламонинг ҳам, зиёлининг ҳам ихтиёр тизгинини қўлдан олиб қўяди. Бунинг тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам мисоллари жуда кўп, элга ошкор қилинмаган жуда кўп маълумотлар қўлимиздан ўтган. Тепасида чироқ ушлаб турмаганмиз, лекин.... Араб давлатларида ҳам, баъзи қўшни мусулмон давлатларида ҳам Лут қавмининг ишидан ҳам баттар қилмишларни қилиб юрганлар қанча. Уларнинг ҳаммаси сизу биздан кўра кўпроқ саждага бош қўйишади. Бир ўқиганим: ҳар йили ислом давлати бўлган Яманда нобокира чиққан 400-450 нафар 14-15 ёшли қизлар шу кунларда ҳам денгиздаги оролга элтиб ташланар экан. Хулосани чиқараверинг. Нима уларда диний тарбия биздан кўра бўшроқми? Нима уларда қатъий анъаналар йўқми? деган савол хаёлга келади. «Жинсий тарбия очиқ-ойдин бўлиши керак, уни боғчадан бошлаш лозим»-, деган фикр жуда баҳсли, ҳатто кўп жиҳатдан қўшилиб бўлмайдиган масала. Лекин қўлтиғининг тагига жун чиққан болага физиологик тушунчаларни тўғри сингдира бориш ҳам зарур. Диний маърифат билан бирга бу ёшда жинсий маърифат ҳам керак. Маърифатсизлик натижасида ўзини жинсий жиҳатдан ноетук деб билган ёки танасининг нозик жойларига чиққан оддий ярани заҳм деб ҳисоблаган ҳолда тушкунликка берилиб, ўз жонига қасд қилишга уринган қанча инсонларни биламан. Унутмаслик керакки, сизу бизсиз ҳам болаларимиз керак ёшга етганда технологиялар тараққий этган замонда хоҳласак-хоҳламасак ўзини қизиқтирган маълумот Интернетдан топади. Шунинг учун бир ёқлама чиқарган хулосамизни мутлақ ҳақиқат сифатида талқин қилишдан тийилсак, мақсадга мувофиқ иш бўларди.