Қандай қилиб Ўзбекистоннинг 80 фоиз нефть конлари ўзини “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК деб номлаб олган офшор илдизли контора балансига ўтиб қолди?
Ўтган ҳафта якунида Ўзбекистондаги энг йирик энергетика активларидан бири "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи" “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХКга 100 миллион долларга сотилгани
эълон қилинди. Очиқ савдо деб эълон қилинган жараёнда “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖдан бошқа яна қайси талабгорлар иштирок этгани ва уларнинг таклифлари ҳақидаги маълумотлар очиқланмаган. 100 миллион долларлик тўлов қайси манбалар ва схемалар ҳисобидан тўланиши ҳам ҳозирча номаълум.
Ҳали очиқ савдо эълон қилинмасдан аввалоқ завод "Jizzakh Petroleum" МЧЖ ҚКга (“Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХКнинг аввалги номи) ишончли бошқарув схемаси остида
тортиқ қилинган эди. Агар
очиқ савдо учун белгиланган шартларга диққат билан назар ташласангиз, бундай махсус "гўзаллик танлови"да “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ҚКдан ўзгаси ютиб чиқишининг ўзи ғалати ҳодиса бўларди.
Майли, бу ҳақда ҳали кўп ва хўб саволлар берилади. Ғалати хусусийлаштириш хусусийлаштириш легитимлигини сўроқ остига қўйиши, истиқболда режим ўзгариши билан национализация хатари ва рейдерлик эҳтимолларини юзага чиқаришини қўшни давлатлар мисолида кўп кўраяпмиз, майли, кўп узоққа бормай, ўзимизнинг қора ўтмишимизга назар ташланг. Ҳозир савол заводнинг ғалати хусусийлаштирилиши ҳақида эмас, қандай қилиб Ўзбекистоннинг 80% нефть конлари ва газ конларининг 20%дан кўпи “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ҚК балансига ўтиб қолгани ҳақида.
“Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ҚК аввалги номи "Jizzakh Petroleum" МЧЖ ҚК сифатида 2017 йилда ташкил этилганида унда Ўзбекнефтегазнинг улуши 60% бўлган. Жуда катта эҳтимолга кўра, Ўзбекнефтегаз мазкур конторанинг устав капиталига фойдаланувдаги ва истиқболли нефть ва газ конлари билан кирган. Нефть ва газ конлари қайси услубда ва қандай қийматда баҳолангани номаълум. Шунингдек, контора пайдо бўлган вақтда хорижий ҳамкор - Gas Project Development Central Asia устав капиталга қандай кўринишдаги активлар билан киргани ҳам маълум эмас.
Йиллар ўтгани сайин, Ўзбекнефтегазнинг улуши гоҳ 49%гача, кейин 30%гача камайди. 2021 йилнинг кузида Ўзбекнефтгаз конторанинг таркибидан бутунлай чиқиб кетди ва контора "Sanoat Energetika Guruhi" МЧЖ ҚК деб қайта номланди. Ўзбекнефтгаз улуши учун қанча маблағ тўлангани ва улуш учун тўлов пул шаклида ўтказилганми ёки балансга бепул ўтказиш шаклида бўлганми - буям номаълум. Ҳарқалай бирон сўм тўланган ҳақида бирон манбада хабар пайдо бўлгани йўқ. Нега улуш очиқ сотувга қўйилмагани-ку алоҳида масала.
Дарвоқе, Ўзбекнефтегазнинг "очиқ эшиклар сиёсати" тарзида активларини текинга тортиқ қилиб юбориши биринчи марта эмас ва назаримизда охирги марта ҳам эмас. Байналминал (Сеул) кўчасидаги машҳур АЁҚШ эсингиздами, шу АЁҚШ бир кечада кимларгадир бизнес марказ қуриш учун
ўтказиб берилган эди, яқинда эса Ўзбекнефтгаз»нинг бир нечта ёнилғи қуйиш шохобчалари "Татнефть"га берилиши
ваъда қилиб юборилди. Қисқаси, янги Ўзбекистонда таланган Ўзбекнефтегазни исталганча талаш мумкин.
Нефть ва газ конларига қайтамиз. Жараён конларнинг офшор илдизли контора балансига ўтиб кетиши билан ўзлаштириш тарихи якунланди, десангиз қаттиқ янглишасиз. Олигархиянинг аждарҳо оғзи ҳеч қачон тўлмайди. 2022 йил бюджетида контора учун нефть конлари бўйича солиқлар 2 баробар, газ конлари бўйича эса 3 баробарга
пасайтириб берилди. Қарангки, "Sanoat Energetika Guruhi" МЧЖ ҚК учун каррасига пасайтириб берилган солиқлар Ўзбекнефтегаз ихтиёрида қолган конлар учун пасайтирилгани йўқ.
Солиқлар масаласида. ТОП солиқ тўловчилар рўйхатига қарасангиз, ўзингиз тушунасиз. Рўйхатда Ўзбекнефтегаз бор, лекин ўзбек нефтининг 80%ига ва газининг 20%ига бебилиска эга чиқиб олганлар эса йўқ.
Ҳали ўзгартирворилмаган Конституциямизда
ер ости бойликлари ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани ёзиб қўйилган. Шунинг учун сўрашга ҳақлимиз:
Қандай қилиб Ўзбекистоннинг 80 фоиз нефть конлари ўзини “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ деб номлаб олган офшор илдизли контора балансига ўтиб қолди?