Севилдингиз, сиз ҳам севинг!
Агар кимдир сизга муҳаббат қўйганини билсангиз унга бефарқ бўла оласизми?
Агар у тун-у кун сизнинг бахтингиз ҳақида ўйлаган бўлсачи?
Агар у сўнгги нафасигача сизни ўйлаб, сизга саломлар йўллаган бўлсачи?
Агар у сизни ўйлаб ўзи яхши қўрган нарсаларидан воз кечган бўлсачи?
Муҳаббатини фақатгина бу дунёда эмас, охиратда ҳам намоён этишга тайёр бўлсачи?
Сизни бир бор бўсада кўрмасдан, сизни соғиниб, сизга ҳарис бўлиб яшасачи?
Агар..?
“Мени ким ҳам бунчалик севарди?”
,дерсиз балки. Ёки мени “ошириб юборган”ликда айбларсиз?
Ҳа, мени эҳтиросларга берилган, ҳаёлпараст дейишингиз ҳам мумкин.. Лекин ундай эмас!
Асло!
Ҳулосага шошилманг. Мени тингланг!
Сизни шундай, балки бундан-да ортиқроқ севадиган кишини сизга танитай. У зот бутун оламлар узра, жумладан сиз учун ҳам Раҳмат бўлиб келган – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Ахир бунинг хабарини Оламлар Роббиси Аллоҳ азза ва жалла ўз каломида баён этди:
“Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик”.
( Анбиё.107)
Сиз эса ўша “оламлар”нинг бир бўлагисиз.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сизга бўлган муҳаббатларини нечоғлик буюк эканини ҳам Аллоҳ таоло айтиб қўйди:
“Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг саодат чекишингизга ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. ( Тавба.128)
Ҳа, дунёда сизни у зотчалик севадиган, меҳрибон киши бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Аллоҳ таоло бу муҳҳабатнинг таърифини қисқа ва равон қилиб айтиб ўтди. Энди бунинг исботи ва кўриниши қай тарзда эканлигини ул хазратнинг ўзларидан эшитинг:
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ!
Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди.
У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда ул Маҳбуб алайҳис салом:
“Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим – мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга иймон келтирадилар!”, дедилар.
Ҳа, хурсанд бўлаверинг! Ахир сиз У зотни кўрмасдан туриб иймон келтирдингиз-ку!
Демак, ул Ҳабиб сизга мушфиқ бўлганлар!
@rishtonimomlari