Қуръон мўъжизаси!
رحمت الله) (رحمة الله)
(Аллоҳнинг раҳмати) деган маънони ифодалайдиган ушбу икки жумланинг бир-биридан фарқи нимада?
Агар Аллоҳнинг раҳмати калимаси (رحمت الله) шаклида ёзилган бўлса, яъни те (ت) ҳарфи очиқ шаклда келган бўлса, демак бу жумла аввал ўтган қийинчилик, машаққат, мусибат, оғирлик ва ҳоказолардан кейин ҳушхабар, ҳурсандчилик, неъмат ўлароқ келган Аллоҳнинг раҳматига далолат қилади. Масалан; узоқ йиллар давомида бефарзандликдан қийналиб, хотини бола туғиш ёшидан ўтиб қариб қолганда, Иброҳим алайҳиссаломга фарзандли бўлиш ҳушхабари келди. Қуръони каримда шундай дейилади:
قَالُوا أَتَعْجَبِينَ مِنْ أَمْرِ اللَّهِ ۖ رَحْمَتُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الْبَيْتِ ۚ إِنَّهُ حَمِيدٌ مَّجِيدٌ
“(Фаришталар) дедилар: “Аллоҳнинг ишидан ажабланасанми?! Эй, хонадон аҳли, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин! Албатта, У ҳамд ва улуғлик эгасидир”” (Ҳуд сураси, 73-оят).
Демак, бу узоқ йиллик маҳрумликдан сўнг берилган неъмат.
Ҳудди шунингдек, Закариё алайҳиссалом ҳам фарзанд талабида сочларига оқ тушди, аёллари қариб кампир бўлди. Аммо, фарзанд кўришдан ноумид бўлмадилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга Яҳё исмли ўғил фарзанд ато этди. Манашу ҳолат ҳам машаққат кетидан келган Аллоҳнинг раҳмати эди:
ذِكْرُ رَحْمَتِ رَبِّكَ عَبْدَهُ زَكَرِيَّ
“(Эй, Муҳаммад! Бу) Раббингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри (қиссаси)дир” (Марям сураси, 2-оят).
Бу ҳам узоқ йиллик маҳрумликдан сўнг берилган неъмат.
Бундан ташқари, Аллоҳнинг қудрати нақадар юксак эканлигига далолат қиладиган ҳужжатларни баён қилишда ҳам те (ت) ҳарфи очиқ шаклда ёзилади.
Масалан:
فَانظُرْ إِلَىٰ آثَارِ رَحْمَتِ اللَّهِ كَيْفَ يُحْيِي الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا ۚ إِنَّ ذَٰلِكَ لَمُحْيِي الْمَوْتَىٰ ۖ وَههُوَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
“Аллоҳнинг раҳмати (ёмғири) асоратларига боқинг – ерни “ўлгани”дан кейин қандай қилиб уни “тирилтиради”. Албатта, У (Аллоҳ) ўликларни тирилтирувчи ва У ҳар нарсага қодир зотдир” (Рум сураси, 50-оят).
Аммо, раҳмат (رحمة) сўзидаги те ҳарфи (ة) ёпиқ шаклда келган бўлса, бу келажакда умид қилинаётган Аллоҳнинг раҳматига далолат қилади. Тунлари бедор бўлиб, ибодат қилаётган, сажда қилиб охират азобидан паноҳ бериши, охиратда раҳматига дохил қилиб, жаннатига киритишини сўраган бандасига ато этадиган Аллоҳнинг раҳмати шудир.
أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاءَ اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ
“Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!)” (Зумар сураси, 9-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ваъда қилган раҳмати ҳам шунинг жумласидандир.
فَأَمَّا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ بِٱللَّهِ وَٱعْتَصَمُواْ بِهِۦ فَسَيُدْخِلُهُمْ فِى رَحْمَةٍۢ مِّنْهُ وَفَضْلٍۢ وَيَهْدِيهِمْ إِللَيْهِ صِرَٰطًا مُّسْتَقِيمًا
“Аллоҳга имон келтирган ва Унга боғланган (динини маҳкам тутган)ларни (У шу дунёда) Ўзининг раҳмати ва фазлига мушарраф этиб, уларни тўғри йўлга йўллагай” (Нисо сураси, 175-оят).
Аллоҳим бизларни очиқ ва ёпиқ те билан келган раҳматингга сазовор бўладиган бандаларинг қаторидан қилгин.
Каналга аъзо бўлиш: 👇🏻👇🏻👇🏻
https://t.me/joinchat/AAAAAEim9rpbbJ9yYzZMxQ