БОРМИСАН, ЎЗБЕК!
«Ҳаж зиёратига бориб, адашдим, ҳамроҳларимдан айрилиб қолдим. На йўл биламан, на тил биламан, на пулим бор. Тумонот одам ичидан ўз гуруҳимни топа олмайман. Қўрқув ва даҳшат ичида хаёлимга келган биринчи фикр шу бўлди: “Ўзбекнинг оёғи етмаган ер йўқ. Бирорта ўзбекни учратганим, ҳалокатдан қутулганим бўлади! Бир тепаликка чиқиб жон ҳавлида: «Бормисан, ўзбек, бўйингни кўрсат», деб уч бора бақирдим.
Маккада яшаб қолган – бири самарқандлик, бири бухоролик икки ўзбек киши келиб, менга нажот қўлини чўзишди. Менинг халқимга ҳамиша ўзбеклар ёрдам бериб келишган”.
Қорақалпоқ адиби Тулепберген Қаипбергенов ҳикоясидан.Қалпоғинг адашди, тўнинг адашди,
Кунларинг адашди, тунинг адашди,
Макканинг талотўп кўчаларида
Қондош қорақалоқ ининг адашди,
Бўйингни бир кўрсат, бормисан, ўзбек!
Темурнинг оёғи, қирқ юртга етди,
Улугбекнинг қўли юлдузни тутди,
Навоийнинг сўзи, Бобурнинг сўзи,
Мангу ўлим билмас йўлларга кетди,
Мардлар гулшанида сормисан, ўзбек!
Жавоб топ, қайдадир Машрабнинг боши,
Нечун Қодирийнинг кўзида ёши,
Усмонинг, Чўлпонинг, Фитратинг қани,
Бу элнинг шунчалар кўпми бардоши,
Нажотмисан ёки дормисан, ўзбек!
Ўв, дили оқ, халқим, йўли оқ, халқим,
Ёлғон мақтовлардан димоқ чоғ, халқим,
Оқариб кетдику денгизларинг ҳам,
Ортингга қайрилиб бир бор боқ, халқим,
Бошинггача оппоқ қормисан, ўзбек!
Ранги сарғайганга жонингни тутдинг,
Жангда таланганга қонингни тутдинг,
Тагингга билдирмай сув қуйганларга
Қучоғингни очдинг, жонингни тутдинг,
Оҳ, ўзи бекмисан, хормисан, ўзбек!
От сурдинг, саҳрою чўлинг чекинди,
Дарёи азиминг, кўлинг чекинди.
Басдур, карвонингни ўзинг етакла,
Чўк деса, йўқ, демай тилинг чекинди,
Карвон йўлларида нормисан, ўзбек!
Қонингда олов бор, исён бор сенинг,
Руҳингда диёнат, иймон бор сенинг,
Тирик шоҳ, тик туриб жон берган юртсан,
Ким айтар ичингда қуён бор сенинг,
Мардмисан, лабзингга ёрмисан, ўзбек!
Ота юрт, она халқ, эркинг ўзингда,
Белбоғинг белингда, бўркинг ўзингда,
Аёлинг бўшамас бешик бошидан,
Эрларинг ғурурли, кўркинг ўзингда,
Йўлингни топиб ол, орлисан, ўзбек,
Ўзингни бир кўрсат, бормисан, ўзбек!
1990 йил.
Бу шеърни анча илгари ёзгандим, бугун яна эслагим келди. Ўзбегим билан ғурурлангим, бугунги кунлардаги кулфатларни енгиб чиқишимизга ишонгим ва ишонтиргим келди.
Хосият Бобомуродова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоири
Каналларимизга қўшилинг: 👇👇
https://t.me/bugunimizhttps://t.me/yozuvchilar_uzhttps://t.me/YUR_Matbuot_kotibi