(давоми)
“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир...”, 2-“Бақара” сураси, 286-оят.
Кўрсатмалар Ҳақнинг ҳақиқатлари, демак, биз буларга бўйсунишимиз имон шартидир.
Тилимизда имон келтирсаг-у, аъмол билан дилда уни тасдиқламасак, бу ўлик имон саналади. Қай бир инсоннинг имони ўлик экан, унинг қалбида зулм, исён бўлади.
Аллоҳни адолатсизликда айблаётган «қаҳрамоним» аслида ўзи ноҳақ. Ўзгаларни золимликда айблаб, уларга нисбатан зулм яратаётган инсон ҳақ бўлолмайди. Мавлуда Аллоҳдан ҳақиқат талаб қиляпти, аммо, ўзи Аллоҳ қонунларини поймол этяпти.
Душманим, деб ҳисоблаётган кишилар, аслида, унинг тарбиячилари эканлигини англаб етмаяпти. Аллоҳ «душмани»нинг қўли билан Мавлудани тарбияламоқда, яъни унинг қалбида зулм, жаҳолат
борлигини кўрсатмоқда. У ўзи қарғаётган «душман» билан бир хиллигини билмаяпти. «Душман»и зулм қилса, кечириш ўрнига, унинг ортидан Мавлуда ҳам зулм яратяпти. Ҳар икки банда ҳам, Аллоҳ наздида, зулм яратмоқда. Модомики шундай экан, Аллоҳ нима учун биринчи хатокорни жазолаб, иккинчи хатокор Мавлуданинг бошини силаши керак?!
Мавлудага шундай хитоб қиламан:
–Эй, сингилжоним, аламларинг, исёнларинг, нолишларинг–
кибрингдан! Ўзинг қандай яхшилик қилиб қўйгансанки, ўзгаларга баҳо берасан? Аввало ўзинг бирор ишни қойиллатиб, сўнг ўзгалардан аъло ишлар талаб қилсанг, ярашади. Вақт борида қозилик, шоҳлик тахтингдан тушгин-да, ҲЕЧ КИМ бўлиб яшаб кўр. Бошқалардан
ўзгаришларини талаб қилгунча, ўзинг ўзгар. Ўзгалар Аллоҳнинг
бандалари, шундай экан, уларни ўзгартиришни Яратганнинг Ўзига қўйиб бер. Руҳий қудратингни нолиш, ҳафа бўлиш, қарғаш каби нуқсонларга эмас, балки, кечирим, таслим, ширинсўзлик
фазилатларига сарфлай олсанг, ғолибсан. Майли, мендан ҳафа
бўласанми, сен эмас, Аллоҳ берган даволаш ҳуқуқларимдан маҳрум қиласанми, ихтиёр ўзингда. Мен учун сўзларинг пуч, яъни тилда, холос. Ахир сендан ҳафа бўлишликнинг ўзи хато! Мен эса тўғри аъмоллар қилиб яшашим керак. Аллоҳнинг Ўзи мени даволовчи вазифасидан озод қилгунча, сабр ва шукурда бўламан.
ҲАЁТХОН ҚУРБОНОВА
(Дилафрўз Умарова кўчирди)