Тақдимот
“СИРДАРЁ ТАРИХИ УЛУҒ, БУГУНИ ГЎЗАЛ, КЕЛАЖАГИ ЁРҚИН ДИЁР"
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида бугун вилоятимизда кенг нишонланган “Ўзбек тили байрами”нинг давоми сифатда Сирдарё вилояти ташкил этилганлигинингг 60 йиллигига бағишлаб нашр этилган уч жилдлик - “Сирдарё тарихи улуғ, бугуни гўзал, келажаги ёрқин диёр” тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Анжуманни Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилоят бўлимининг раҳбари Мурод Ҳайитов кириш сўзи билан очди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Бекзод Исматов тадбир қатнашчилари ҳамда уч жилдликнинг муаллифларини Ўзбек тили байрами билан қутлади.
Улкан мониторда Сирдарё вилоятининг бугунги кундаги ҳаёти ҳақида видеоролик намойиш этилди. Сўнгра уч жилдликни ёзишда иштирок этган 26 нафар муаллифга Сирдарё вилояти ҳокимининг “Ташаккурнома”си ҳамда ўша китоблар жамламаси топширилди.
Эътиборга молик жиҳати, уч жилдликнинг иккинчи китоби — “Сирбўйи илҳомлари”да ижод намуналари чоп этилган марҳум ёзарлар Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон, Ҳамроқул Ризо, Мухтор Носирларнинг фарзандларига ҳам “Ташаккурнома” ва китоблар тақдим этилди.
Анжуманда сўз олган “Янгиланаётган Сирдарё” китобининг муаллифларидан бири Мунаввар Пардаев, “Қаҳрамонлар юрти тарихи” китобининг муаллифи, тарих фанлари номзоди Солижон Қудратовлар китобларнинг дунёга келиши жараёни ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.
Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов:
— Бу уч китоб вилоятимиз тарихи ва бугуни, меҳнаткаш ва танти юртдошларимиз ҳақида битилган ўзига хос достон. Уни юртдошларимиз мутолаа қилиб баҳра олишларига ишонаман— деди. Сўнгра китоб ҳақида шеър ўқиб берди.
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари сирдарёлик шоирларнинг шеърларини завқ-шавқ билан ёд ўқишди.
Тадбирга вилоят мақом ансамблининг хонанда ва созандалари ижросидаги мумтоз қўшиқлар файз бағишлади.
Муҳаммадали АҲМАД.
https://t.me/yangisirdaryogazetasi