Давлат ва жамият ўртасидаги муаммо нимада? Нима учун одамлар давлат деб аталмиш институтдан норози бўлади? Ҳаммасига ўзаро мулоқот етишмаслиги, вақтида кутилмаларга аҳолини тайёрлаб бормасликда. Энди тушунтираман.
Оддий газ, электр масаласида гапирай. Иссиқ ойларда қишда газ, электр бўйича муаммолар бўлмайдими деб масъулларга саволлар ташланади. Улар нима дейди? "Биз қишга тайёрмиз", "муаммолар бўлмайди", "захирамиз етарли" деган одатдаги шаблондан фойдаланишади. Одамлар эса бу хабарни ҳазм қилади. Ҳотиржам яшашда давом этади. Қиш кириб келганда эса чекловлар, навбатлар бошланади.
Аслида масъул ташкилотлар таҳлил марказлари, бошқа ташкилотлар билан вақтида ҳамкорликда ишлаши керак. Қишда ҳаво ҳарорати қандай бўлиши кутиляпти, аномал совуқ қанча давом этади, захира қанча, у етарлими, совуқда босим қанчага тушади, импорт газ, бензин миқдори қанча бўлади, истеъмол миқдори қандай, ўзгарадими, камаядими ва бошқа шу каби саволларга аллақачон жавоби бўлиши шарт.
Кейинчи? Кейин аҳолига реал ҳолат ҳақида вақтида маълумот улашиб бориши лозим. Одамларга қишга тайёрланиш ҳақида тушунтиришлар бериб бориш керак. Ҳақиқий ҳолатдан хабардор аҳоли кейин ўзи билади нима қилишни. Электромобил оладими, иситиш тизимида газдан электрга тўлиқ ўтадими, ёки аксими, кўмир ёки ўтин ғамлайдими, ёки харажатларини ҳисоблаб, четга икки ойга чиқиб кетадими, фирма келиши мумкин бўлган катта зарардан сақлаш учун фаолиятини тўхтатиб турадими, хуллас ўзи йўл топади. Ҳар йили шуларнинг ҳисобини олиш қийинми?
👉
@Zafarbek_Solijonov