Шу кунларда жамоатчилик томонидан Давлат тест марказига унинг фаолияти билан боғлиқ саволлар келиб тушмоқда. Шуларни ҳисобга олиб, қуйида бугунги ҳолат билан умумий тарзда таништириб ўтамиз.
Мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича белгиланган карантин чекловлари муносабати билан Давлат тест марказида 2020 йил 16 мартдан бошлаб гуруҳларда оммавий тўпланиш асосида ўтказиладиган барча турдаги тест синовлари, жумладан, номзодларни бир жойда тўплаш усулида бир неча босқичда ўтказиб келинган чет тилларига оид синовлар вақтинча тўхтатилган. Лекин рухсат бўлганда навбатдаги бундай синовларни ўтказиш учун ҳамма нарса тайёрлаб қўйилган, мутахассислар ишлаяпти. Ушбу синовларга иштирок этишни истовчилардан онлайн ариза қабул қилиш давом этмоқда.
Сертификатларни тақдим этиш масаласида қайд этиш керакки, аввалги бундай синовларни муваффақиятли топширган номзодларнинг деярли барчасига тегишли сертификатлар топширилган. Бугунги кунда тарқатилмаган сертификатлар вилоятларда йўқ, фақат Тошкент шаҳрида яшовчи бир неча номзод олмаган, холос. Улар ҳам ўз сертификатларини карантин муддати тугагандан кейин олдиндан телефон орқали боғланиб, олиб кетишлари мумкин.
Ҳозирга кунда фақат онлайн тестлар мавжуд. ОНЛАЙН тест тизими орқали “Test topshiriqlari to‘plami 2019”даги тест топшириқлари асосида e-Sinov, мажбурий фанлар бўйича шакллантирилган тест топшириқлари асосида йўлга қўйилган “ONLINE TEST”(очиқ тестлар билан ишлаш) шаклларидаги тест синовлари давом этмоқда.
Онлайн тест синовлари Давлат тест марказининг расмий dtm.uz веб-сайти, 5fan.dtm.uz дастури ва
@dtmxizmatbot телеграм бот орқали амалга оширилмоқда.
Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш ишлари карантин даври учун белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш муддати ўзгармаган. Тест синовлари ўтказиш муддатларининг ўзгариш эҳтимоли узоқ. Шундай бўлса-да, ўзгарадиган бўлса, оммавий ахборот воситалари орқали батафсил маълум қилинади.
Айни кунларда Давлат тест марказининг 50 фоиздан кўп ходимлари навбатдаги меҳнат таътилига ёки ўз ҳисобидан таътилга чиқарилган. Баъзи ходимлар бевосита муассасада ва масофадан ишларини давом эттирмоқдалар.
Давлат тест маркази зиммасига юклатилган энг долзарб – тест синовларига тайёргарлик кўриш, тест топшириқларини шакллантириш, экспертизадан ўтказиш, таржима қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, пандемия карантинига қадар Давлат тест марказида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган қуйидаги ишлар карантиндан кейин давом эттирилади:
- она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ) ва адабиёт фанидан билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини яратиш, жорий этиш;
- улар ва мажбурий фанлар бўйича апробатсиялар ўтказиш;
- касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий учта фан бўйича тест синовлари топшириладиган таълим йўналишларига оид ишлар;
- олий педагогик таълим йўналишларига қабул қилишда абитуриентларнинг ёзиш кўникмалари, интеллектуал салоҳияти, психологик барқарорлиги ва педагоглик касбига мойиллиги даражасини аниқлаш механизмларини ишлаб чиқиш.
Карантин учун белгиланган вақт тугагач ва тўлиқ таркиб билан ишлаш режимига ўтилгач, белгиланган режа ва ҳукумат қарорлари асосида амалга ошириладиган ишларнинг бориши юзасидан маълумотлар берилади.
Давлат тест маркази раҳбарияти ва жамоаси барча фуқароларимизга сиҳат-саломатлик, ишларига муваффақият ҳамда элнинг, халқнинг яктан-бутунлиги орқали, давлатимиз томонидан белгиланаётган чора-тадбирларга тўла амал қилиш орқали умумий офатни енгишда сабр-тоқат тилайди
https://t.me/dtm_fargona