Душманнинг номуссиз лашкари эмас,
Қуршаса, неъматлар қуршади фақат.
Биз эса кўнгилга ясадик қафас,
Шукур қилиш жуда бўлди машаққат.
Сокин онлар бизга қилмас кифоя,
Кўзимиз нурига тоқатимиз йўқ.
Туғёнимиз асло топмас ниҳоя,
Ишимиз – қалбларга санчмоқ эрур ўқ.
Ҳаёт ато этган нафас ҳам ҳатто,
Танимизга сингган алвон таомлар –
Ҳеч бирига кулиб боқмаймиз асло,
Қулаб тушмайдими осмонлар – томлар!
Порлаётган қуёш – мотамзадалик,
Тундаги ойдан ҳам топмагаймиз завқ!
Оғир саломларга олмоқлик алик,
Чунки севинишга зарра сабаб йўқ!
Тонгнинг гўзаллиги, кундуз ғайрати,
Шомнинг сирлилиги, кечанинг сеҳри;
Офиятли маскан, дўстлар хизмати,
Ота-онамизнинг беминнат меҳри –
Ҳеч бири шодликка арзимас, ҳайҳот,
Мудом нолиш, ғазаб бизларга одат.
Ҳамиша қиламиз дод-вой-у, фарёд,
Сира тўхтамаймиз бирор дам, соат.
Кўзга ким кўринса, ўшадир ёмон,
Ёнимизда бўлган каслар-ку, нокас.
Биз айтган сўзлардан бошқа сўз ёлғон,
Биз – қуёш, ўзгалар – тупроқ, тикан, хас.
Қалбни оғритмоқни қилиб олдик вирд,
Сабру шукур бизга душмандир, душман.
Ҳатто ўзимизга эмасмиз ҳамдард,
Нари туринг, бизни ушламанг, қучманг!
Бу ишлар, бу ҳолат, аё одамзод,
Шайтоннинг феълига тақлиддир буткул.
Яхшики, мавжланиб турибди ҳаёт,
Тириклай ёнмадик, бўлмаяпмиз кул!
Лаззатлар, роҳатлар қучоғида тан
Агар чекса бир бор кичик изтироб –
Нечун яхшиликлар ҳурмати учун
Кичик синовга ҳам бера олмас тоб?
Нечун майда ғамни тоғдек кўрамиз,
Лек тоғдек қайғуга солмаймиз назар?
Жаҳаннам ўтига ўзни урамиз –
Жаннат сари қилиб муборак сафар?!
Роббим, ғазабингдан бизни қўригил,
Сенга исён қилиб ҳолимиз аянч...
Ҳолимиз – мудҳишдир, ташлаб қўймагил,
Раҳматингни бизга айлагил таянч!..
Офият бағрида, зикр боғида,
Сабр ниҳолидан бергайсан ҳосил!..
Нонкўр бандаларни тавба чоғида
Шукур неъматига этгайсан восил!
Зотан, кўмилса-да, бойликка, молга,
Нафсининг қўлида бўлганча мазлум –
Шукурни унутиб даҳшатли ҳолга
Тушган банда, демак, ҳар недан маҳрум!
Бироқ емак учун бир бурда нони,
Ичмакка бир коса суви бўлиб, бас –
Шукурни ўзига одат қилса ким,
Жаҳонда у қадар бой одам бўлмас!
05. 09. 2024.
Акром МАЛИК
@AkromMalikUz