AkromMalik.Uz


Гео и язык канала: не указан, не указан
Категория: не указана


Akrom Malikning mualliflik sahifasi.
akrommalik.uz

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
не указан, не указан
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций


Душманнинг номуссиз лашкари эмас,
Қуршаса, неъматлар қуршади фақат.
Биз эса кўнгилга ясадик қафас,
Шукур қилиш жуда бўлди машаққат.

Сокин онлар бизга қилмас кифоя,
Кўзимиз нурига тоқатимиз йўқ.
Туғёнимиз асло топмас ниҳоя,
Ишимиз – қалбларга санчмоқ эрур ўқ.

Ҳаёт ато этган нафас ҳам ҳатто,
Танимизга сингган алвон таомлар –
Ҳеч бирига кулиб боқмаймиз асло,
Қулаб тушмайдими осмонлар – томлар!

Порлаётган қуёш – мотамзадалик,
Тундаги ойдан ҳам топмагаймиз завқ!
Оғир саломларга олмоқлик алик,
Чунки севинишга зарра сабаб йўқ!

Тонгнинг гўзаллиги, кундуз ғайрати,
Шомнинг сирлилиги, кечанинг сеҳри;
Офиятли маскан, дўстлар хизмати,
Ота-онамизнинг беминнат меҳри –

Ҳеч бири шодликка арзимас, ҳайҳот,
Мудом нолиш, ғазаб бизларга одат.
Ҳамиша қиламиз дод-вой-у, фарёд,
Сира тўхтамаймиз бирор дам, соат.

Кўзга ким кўринса, ўшадир ёмон,
Ёнимизда бўлган каслар-ку, нокас.
Биз айтган сўзлардан бошқа сўз ёлғон,
Биз – қуёш, ўзгалар – тупроқ, тикан, хас.

Қалбни оғритмоқни қилиб олдик вирд,
Сабру шукур бизга душмандир, душман.
Ҳатто ўзимизга эмасмиз ҳамдард,
Нари туринг, бизни ушламанг, қучманг!

Бу ишлар, бу ҳолат, аё одамзод,
Шайтоннинг феълига тақлиддир буткул.
Яхшики, мавжланиб турибди ҳаёт,
Тириклай ёнмадик, бўлмаяпмиз кул!

Лаззатлар, роҳатлар қучоғида тан
Агар чекса бир бор кичик изтироб –
Нечун яхшиликлар ҳурмати учун
Кичик синовга ҳам бера олмас тоб?

Нечун майда ғамни тоғдек кўрамиз,
Лек тоғдек қайғуга солмаймиз назар?
Жаҳаннам ўтига ўзни урамиз –
Жаннат сари қилиб муборак сафар?!

Роббим, ғазабингдан бизни қўригил,
Сенга исён қилиб ҳолимиз аянч...
Ҳолимиз – мудҳишдир, ташлаб қўймагил,
Раҳматингни бизга айлагил таянч!..

Офият бағрида, зикр боғида,
Сабр ниҳолидан бергайсан ҳосил!..
Нонкўр бандаларни тавба чоғида
Шукур неъматига этгайсан восил!

Зотан, кўмилса-да, бойликка, молга,
Нафсининг қўлида бўлганча мазлум –
Шукурни унутиб даҳшатли ҳолга
Тушган банда, демак, ҳар недан маҳрум!

Бироқ емак учун бир бурда нони,
Ичмакка бир коса суви бўлиб, бас –
Шукурни ўзига одат қилса ким,
Жаҳонда у қадар бой одам бўлмас!

05. 09. 2024.

Акром МАЛИК

@AkromMalikUz


Ишонма ҳолингга, эй ғариб инсон,
Мақомингга нохос суянмагайсан.
Токи синов келса бошга ногаҳон,
Юзинг шувут бўлиб уялмагайсан!

Қалбинг ибодатдан ҳузурлар туйса,
Нафсинг тавба ичра ёнсаю куйса,
Надомат ханжардек кўксингни ўйса,
Етишдим Ҳаққа деб ўйламагайсан!

Қоплаб олса агар ақлингни ғазаб,
Шайтон гуноҳларни кўрсатса безаб,
Қалблар иморатин беаёв бузиб,
Ўзни бахтсизликка ташламагайсан!

Озор етса дўсту душмандан ногоҳ,
Чиқса агар йўлдан кимдир қазган чоҳ,
Энг аввал ўзингдан бўлгайсан огоҳ –
Дилни зимистонга бошламагайсан!

Оламнинг ости – сув, устига бир боқ –
Устунсиз бир тому, илгаксиз чироқ,
Ҳатто қўзғалишга шай ҳар қандай тоғ,
Асло саботингга инонмагайсан!

Йўл узоқ биз учун, йўлдош керакдир,
Ҳар дам титраётган ночор юракдир...
Истиғор ҳамроҳу, тавба тиргакдир,
Ҳамроҳу тиргакдан ҳеч ёнмагайсан!

26. 08. 2024.

Акром МАЛИК

@AkromMalikUz


Ўтган орифлардан қолган нақл бу:
Жисм само бўлса, кўнгилдир қуёш.
Гоҳо ундан мутлақ ғойибдир ёғду,
Гоҳо титранади гўё томчи ёш.

Гар тилда порласа кўнгил сирлари,
Қандай мафтун этар бу кашфи аҳсан!
Дилларга тўкилиб ҳикмат дурлари,
Мустағний айлагай ул нури махзан.

Кўнгилда йўғини сайраган каслар
Дарду ғамдан йироқ муқаллид, холос.
Ишққа йўғрилмаган совуқ нафаслар
Ҳижрондан ошиқни этмагай халос!

Кўнгилда хуш кашфу, тилда гўзал сўз,
Ҳам ишинг ул икки ҳолга мувофиқ,
Демак, англа, сенда сидқ очмишдир кўз,
Сенинг мақомингдир Сиддиқу Содиқ.

Эвоҳки, қайдадир бу юксак мақом,
Кўнгиллар зулматда, тилларда ҳасрат.
Ҳар қанча зийнатли бўлса ҳам калом,
Амаллар фасоддир, фасоддир фақат.

Бугун сидқдан айро умматмиз, ҳайҳот,
Не офат ичрамиз - эмасмиз огоҳ.
Наҳот, сидқу ихлос кўмилди, наҳот,
Асҳобингиз ила, ё Расулуллоҳ!

2020 йил, 23 август

Акром МАЛИК

@AkromMalikUZ


Акром Малик шеъри.
Умар Мурод ўқиди.

@AkromMalikUz


ХАСБИ ҲОЛ

Ёдимда – бир дамлар шеърлар ёзардим,
Сўз излаш ва ёнма-ён териш эди у.
Хаёл зулматида нолон кезардим,
Улғайиб, дардлангач, эриш энди бу.

Дердимки ичимда, гўзал байтларим
Тиллардан тилларга кўчса севилиб.
Бўлмаса-да тузук бирор айтарим,
Ўзимни ҳакимдек тутдим керилиб.

Вақт тоши кўксим эзаркан секин,
Бўғзимдан ўқчитиб сачраб чиқди қон.
Шеърга иштиёқим сўнса-да лекин
Ғамларни сўзларга тизиб чиқди жон.

Бир дамлар сут каби пок бўлган ўйлар,
Бир дамлар тонг каби ёруғ бўлган ном,
Бир дамлар насимдек ёқимли куйлар...
Барисин бирма-бир қучаверди шом.

Орзулар ичига кириб келди ўч,
Номнинг юзларига сачради кўп доғ.
Куйларни куйдириб ютиб кетди ич,
Ичда ўчиб қолди мингларча чироғ.

Дўст дея билганим ранжиди ногоҳ,
Ҳатто ҳилпиратди ёвлик яловин.
Уруғдек беркинган ҳасадмиди, воҳ,
Муғилондек ўсди, тикан – япроғи.

Вақт тоши вужудим эзгани сайин
Ўпкамга тўлмоқда бора-бора қон.
Уни бўшатмасам, ўлмоғим тайин –
Чун яшаш истайди хаста жон ҳамон.

Шул боис қўлимга қаламни олдим,
Шул боис очдим бу янги дафтарни.
Сўзлар ўлкасига яна йўл солдим,
Бирма-бир суғуриб тилдан ништарни.

Хумул тупроғида бу мунглиғ кўнгил
Истар изҳор этмоқ мунгу қайғусин.
Балки яшамоғи сал бўлгай енгил
Тўкиб сочса йўлга мангу қайғусин.

Дардни сўйлаш учун бир тинглармон йўқ,
Ғамни бўлишмоққа йўқ ёру дилхоҳ.
Ҳар кимнинг кўксида ками битта ўқ,
Энг яқин дўстидан отилган бехос.

Шул боис ягона сирдошдир қоғоз,
Энг чаққон хизматчи фидокор қалам.
Юкимни беминнат кўтаради сўз,
Хоҳ қувонч бўлсин у, хоҳ аччиқ алам.

Балки изласам гар астойдил тинмай
Бирор дардкаш чиқар инсон зотидан.
Аммо истиҳолам бордирки шундай –
Уни ҳам бездирмай ўз ҳаётидан.

Сиз ҳам, эй ўқувчим, афув этингиз
Бизнинг ҳамроҳимиз ғамдир бардавом.
Гар сўзим ўқишни истасангиз сиз,
Хуш келдингиз дардга, алайкум салом!

5 март, 2024 йил.

Акром МАЛИК

@AkromMalikUz


Ҳеч кимсага бўлмасанг қарам,
Бирор касдан кутмасанг карам,
Фикратингда эрк порлаб турса,
Ўз уйингда ўзинг муҳтарам.

Бир сўз айтгач, туймасанг қўрқув,
Ўнгу тушда қувмаса қўрқув,
Ҳақиқатни ошкор айлагач,
Кишан ичра чекмасанг ёҳу!..

Жон-жаҳдинг-ла чекиб меҳнат-ранж,
Ҳалол йўлда топганингда ганж,
Қароқчидан эмин бўлсангу,
Ҳис этмасанг бошингда исканж.

Ҳурриятнинг намойиши шу,
Ҳур ҳаётнинг оройиши шу.
Лекин эркнинг бир пояси бор,
Икки дунё бахш этар ёғду.

Иймонингдан кашф этиб қанот,
Ҳирс, таъмадан топсангу нажот,
Ҳаловатин йўқотган қалбни
Нафс қўлидан айласанг озод!

Шайтон шарри теккан неки бор,
Пок қилсангу, қолмаса ғубор,
Бу Раҳмоний Ҳурриятдир чин,
Унда хорлик бўлмагай зинҳор!

2020 йил, 21 август

Акром МАЛИК

@AkromMalikUz


Вақт сассиз юради шошмай, пурвиқор,
Кўтармас ҳеч қачон шовқин ё чўқмор.
Ўзингни сезасан кундан-кун ҳақир,
Ҳар кун юрагингга ёғиб турар қор.

Кенгликка ёйилиб кетгандек тутун,
Сандонда ейилиб кетгандек бутун,
Сўзлардан воз кечиб, юмасан кўзни –
Дунё осмонида кўрмагач устун.

Бил, сен ҳам бир уюм кўч бўлиб қолдинг,
Оқибат, меҳрга ўч бўлиб қолдинг.
Мағзим тўқ деб айтган сўзларингга терс –
Синовлар қўлида пуч бўлиб қолдинг.

Ўйламасдинг илон чақмасмикин деб,
Ё кўкдан ўт тушиб ёқмасмикин деб.
Бугун елканг букиб қадам босасан –
Бошимга яна тош ёғмасмикин деб.

Ҳатто қизиқ эмас – оламдаги гап,
Турфа феълли бани Одамдаги гап.
Зотан, англадингки, бугун мос келмас –
Кеча бўлган байрам, мотамдаги гап.

Ҳаёт – тажаллийлар гулбоғи эрур,
Хулқинг – ишларингнинг булоғи эрур.
Ишларинг тақдирнинг қиёфасида
Ҳар он шиддат ила қаршингдан келур.

Демак, ўзинг – хаста, шифо керакдир,
Ўзингга ўзингдан ифшо керакдир.
Бор ўзинг ўзингга қўшин тортиб сен
Ва енггин – ўзингга подшо керакдир.

Гоҳида туз юриб, гоҳ озмоқдасан,
Ҳаёт китобингга сўз ёзмоқдасан.
Бу қўрқинч, лек буюк шарафли сафар –
Ўзлигинг ичинда йўл босмоқдасан.

14 август, 2024 йил

Акром МАЛИК

@AkromMalikUz


Нигоҳда товланган нур камалаги
Бугун рангдан холи: оқ-қора, ҳиссиз.
Кўнгил ҳайқириғи, сўз гулдураги
Бугун сукут сари талпинар сассиз.

Кеча олисларга чорлаган хаёл
Бугун яқинингдан кетолмас нари.
Вулқондай қайнаган исёнкор савол
Бугун жавоблардан қолмишдир ҳориб.

Заррадек зулмдан зорланган бу зот
Зулм одатлигин билди ноилож.
Қаро зиндонларга элтган ул қанот
Энди нурлар сари этарми ихрож?!

Сенинг лутфинг бордир, караминг бордир,
Йўқса, қайғуларда бўлардим ҳалок.
Эй, ҳикмат Эгаси, ҳар ишга Қодир,
Сенга боргунимча мени айла пок!..

2020 йил, 18 август

Акром МАЛИК

@AkromMalikUz


Дунё ичра вафо йўқ мутлоқ,
Кўнгилга хуш сафо йўқ мутлоқ.
Дардинг ила қолдинг бегона,
Дардмандларнинг маъвоси – тупроқ.

Ҳар кимсадан узиб қалб торин,
Ёлғиз Ундан топ дил мадорин.
Олам дардсиз тошлар олами,
Касб тутмишлар кўнгил озорин.

Ўз ўйига қулларни унут,
Гулшаннию, гулларни унут.
Ҳақ йўлида тупроқ бўл, гард бўл,
Фақат Унинг марҳаматин кут!..

2020 йил, 18 август

Акром МАЛИК

@AkromMalikUz


Бир нуқтага келиб нафсу жон,
Қалбда қолди фақат ҳусни зонн,
Гар изласанг умри жовидон
Ёлғиз Унинг зикри гўзалдир.

Ҳеч кимсадан кутма садоқат,
Садоқатга қилмассан тоқат.
Якка Унга кўрсат итоат,
Ёлғиз Унинг ишқи гўзалдир.

Бу дунёдир аслида зиндон,
Қандай бўлай унда хуш-хандон?!
Ҳар томонда занжирлар аён,
Ёлғиз Унинг уйи гўзалдир.

Ўзингни ҳам тарк этгинг келар,
Даргоҳига ҳур етгинг келар,
Йўлларингда сабрлар елар,
Ёлғиз Унинг ўйи гўзалдир.

Англамасга англатма, тамом,
Ғам-қайғуни айлагил ҳаром,
Унга кўрсат ишқу эҳтиром,
Ёлғиз Унинг Ўзи гўзалдир.

2020 йил, 17 август.

Акром МАЛИК

@AkromMalikUz


Одам атодан то қиёматгача
Айтилган сўзларнинг энг рост, буюги –
Еру-самоларни титратган калом,
Азалу, Абаднинг мангу битиги:
Жонлар қурбон бўлса уни шарафлаб,
Бари бу каломдан топгайдир паноҳ –
Энг Буюк Сўз одамзод айтган –
Ла илаҳа иллаллоҳ! Ла илаҳа иллаллоҳ!

Ул сўзни ҳайқириб ёхуд пичирлаб
Айтиб турса эди ҳар заррам ҳар он!
Бундан бўлак бахтни бўлмагай топиб,
Ул сўз учун магар бўлолсам қурбон!
Эй шаҳодатли қул лабидаги оҳ –
Ла илаҳа иллаллоҳ! Ла илаҳа иллаллоҳ!

Акром МАЛИК

2019

@AkromMalikUZ


Сенинг кунларингда мен кўринмасман,
Кезган гулзоримдан топмассан изим!
Сенсиз йиғламасман, сенсиз кулмасман,
Нечун бешафқатсан, эй оҳу кўзим?!

Ҳасратим қонида ғарқ бўлиб кетдим,
Ҳижроним – қуёшдек, шарқ бўлиб кетдим.
Қуёшин йўқотган ғарб бўлиб кетдим,
Нечун сас бермайсан, эй оҳу кўзим?!

Сенсиз лаҳзаларни ақлим танимас,
Сенсиз туйғуларни қалбим танимас,
Менга зулм қилдинг, майли, менимас –
Инсон қадрини бил, эй оҳу кўзим!

Сендан кечиб кетгим келар, нетайин?!
Сендан қочиб кетгим келар, нетайин?
Аммо ўздан қочиб қайга кетайин?!
Нега эшитмайсан, эй оҳу кўзим?

Кундузлар қорайди – чунки сен йўқсан,
Қора тун торайди – чунки сен йўқсан,
Қалб сени сўрайди – чунки сен йўқсан,
Хабар бер ўзингдан, эй оҳу кўзим!

Ҳеч тутқич бермайсан оҳу каби сен,
Кўксимни куйдиринг ёҳу каби сен!
Сени оғу каби ичганмидим мен?!
Жонимни қийнадинг, эй оҳу кўзим!

Токи яшарканман дунёда музтар,
Токи етмас сенга фарёдим – хаста,
Ўлсам, руҳим Сенга сўзламоқ истар
Тушларингга кириб, эй оҳу кўзим!

Акром МАЛИК

2023

@AkromMalikUz


ПАРВОНА СИРИ

Парвона ҳақида жуда кўп гап бор,
Айтурлар: оловга ўзин ургай у!
Нечун бундай қисмат? Қандай матлаб бор –
Оташга бу қадар жасур киргай у?!

Нечун ёнмоққа у бунчалар ошиқ –
Куйиш жавҳарида қандай сир пинҳон?!
Борлиқдан, очиқ бу оламдан қочиб,
Ўтнинг қучоғидан топгайми жаҳон?!

Ҳеч банда билмаган бунинг жавобин,
Ҳатто оқилларга ёпиқ бу жумбоқ.
Мен эса дейманки: тўзғитиб хобинг,
Сен ҳам гулхан ичра жонингни бир ёқ.

Менинг оромим йўқ, ихтиёрим йўқ –
Оташ чангалида қолмайди тоқат.
Сен ҳақдаги ўйнинг битта учқуни
Жону жаҳонимни ёқар бешафқат.

Балки Сенинг севгинг – гулхандир, Валлоҳ,
Билмам, занжирланган Халилдирман мен?!
Ўтда куймагимдан ақлиму огоҳ,
Нечун оташингга залилдирман мен?!

Эртам қандай бўлар – мутлақ қоронғу,
Аммо бугун ҳолим бағоят ғариб.
Шундай яшайверсам куйиб кундан кун –
Парвона сирига етсам, не ажаб...

Акром МАЛИК

19 январ, 2023 йил.

@AkromMalikUz


Токи ошиқ бўлдим, Сенга, эй маъшуқ,
Ишқнинг чўққисига чиқмоқ истарам.
Вужудим қопласа кўзинг отган ўқ,
Оҳим-ла фалакни ёқмоқ истарам.

Сенсиз бир лаҳза ҳам кўнглим ёзилмас,
Сенсиз бу оламнинг завқи сезилмас.
Ҳар қанча байт айтдим – хумор босилмас,
Ишқинг дарёсида оқмоқ истарам.

Дунёнинг ташвишин билмаса ақлим,
Ҳеч доно сўзларни айтмаса нақлим.
Бутун вужудимни эгаллаб қалбим,
Коинот бозорин йиқмоқ истарам.

Қайдан келди билмам – яна бу савдо,
Сенинг йўлларингда мен сойил гадо.
Кўнглимнинг тубида биргина садо –
Сенинг исминг билан қолмоқ истарам.

Сен бўлсанг. Мен бўлсам. Бошқа бўлмаса,
На ғам, на қувонч – ҳеч бир келмаса.
Вақтнинг дарёси ҳам асло тўлмаса,
Фақат ишқинг билан тўлмоқ истарам!..

Қачон кўзларимни равшан этгайсан?!
Қачон ишқ лавҳига сўзинг битгайсан?!
Қачон висол жомин менга тутгайсан?!
Сенинг қўлларингда ўлмоқ истарам...

2024

Акром МАЛИК

@AkromMalikUz


Ҳаёт денгиз экан. Мен битта кема.
Гоҳида уйғониб шиддатли тўфон,
Тоғ каби тўлқинлар вужудим кўмар...
Сокин кунлар шундай олади ўлпон...

Кема дедим заиф танамни чунки
Узоққа чўзилган сафарларим бор.
Базўр юрагимда кўтариб юрган
Яна оғир-оғир лангарларим бор.

Сафаримнинг номи — умрдир, эй ёр,
Қачон тугашини билмасман, ҳайҳот.
Лангарим гуноҳ деб аталаган, эй воҳ,
Уни судрашданми иборат ҳаёт?!.

Жавдираб денгизнинг ўртасида мен,
Қўрқиб қаҳри қаттиқ тўфонлардан ҳам
Тушовдек лангардан қутулолмай ҳеч
Манзил сари мунгли боқиб пуралам —

Йўлдош шамолларга кўз тутдим ғариб,
Шояд келса дея ғайбдан бир имдод...
Кўзимдан оқмишди қон — ютдим ғариб,
Кўксимдан дарахтдек юксалди фарёд...

Ўса-ўса дарахт қоплади буткул
Кеманинг саҳнини, елканларини...
Кўрдим қайиқларда сузган неча қул
Тикан дарахт бўлмиш деганларини...

Оғриқлар кемани қийнади узоқ,
Лангар оғирлашди кундан кун
сассиз.
Манзилга етмасдан чўккайманми оҳ?!.
Буни қайдан билсин темирлар ҳиссиз?!.

Аммо ғафлатимга иқрорман, ё Раб,
Бехабар қолгандек ўз аҳволимдан
Ичимни тўлдириб азобли яра
Фаромуш қолмишман нур жамолингдан...

Агар сен этмасанг қулга иноят,
Қайда қилар эди ўз ҳолин аён?!
Ҳатто йиғлаш учун топмай ҳеч қувват
Кулдек сочиларда елга паришон...

Карам этганинг-чун сўйладим, Тангрим,
Ёрдаминг-ла этдим ҳолимни ифшо
Ўзинг Меҳрибоним, Ўзинг ал-Карийм,
Дард-у ғамларимга бергайсан шифо!..

Акром МАЛИК

8 июл, 2023 йил.

@AkromMalikUz


Ниятларга соқчи бўл, эй Аллоҳнинг қули,
Ниятларинг тилингдан сўзланиб тирилгайдир.
Сўзларинг дарёсида умрбод ғаввос бўлиб
Ўтгайсан. Инсон, шаксиз, сўзидан сўралгайдир.

Аллоҳ ал-Ҳакийм, эй дўст, қалбингга беркитганинг
Бир куни забонингда ошкордир беихтиёр.
Бу сўзинг ёғий ёхуд аҳбобинг бўлиб бир кун
Боражак йўлларингда тургайдир зор, интизор.

Ўйлама, ниятим шу, сўзим шу, лек дунёда
Кўрмадим мен уларнинг ташрифин дея ҳайрон
Нияти хайрингмидур ё сўзи шаррингмидур –
Охират манзилида Сени топгай бегумон.

Акром МАЛИК

2019

@AkromMalikUZ


Жисминг жароҳати оғритиб,
кўзингдан оқмасдан томчи ёш,
сас чиқарсак азобнок, заиф –
ингранмоқдир бу.

Жисм эмас, жон изтиробин
тўлқини бўғзингга уриб,
нечундир кўзларинг соҳили қуриб,
киприкларинг қовжираб бир қатра сувсиз,
тишласангу лабларингни,
бошингни тиззангга қўйиб,
қучиб олсангу икки оёғингни,
тўхтата олмасанг ўзингни ва
сас чиқса сендан, хастаҳол бир сас –
сингранмоқдир бу.

Агар сингранмоқ сўз қанотида
кириб борса бошқа бир қалбга
унинг номин Шеър деб атарлар.

Акром МАЛИК

2019

@AkromMalikUZ


Кулгили бир нарсани кўрмадим бу ҳаётда,
кўрганларимнинг бари йиғлагулик.

Ним табассумдан тортиб қаҳ-қаҳагача
аниқ ҳисоблаб қўйилган
ҳамда Вақтнинг тилига ёзилган.

Кимлигингни билиб қолсанг,
яъни билиб олсанг энг Буюк Сирни –
тополмайсан битта ҳам кулги.

Хаёлингни банд этиб қўяр,
ҳатто, нафас олиб, нафас чиқарганинг ҳам.

Ҳаммаси шу қадар жиддий
ва шу қадар оддий.

Акром МАЛИК

2019

@AkromMalikUZ


Сўз – тирик жондир.
Айтдингми, яшамоғинг шартдир уни.
Яшамасанг айтган Сўзингни,
у ўлади!

Ўлган Сўзнинг арвоҳи тинч қўймайди.

Акром МАЛИК

2019

@AkromMalikUZ


Бир Ҳақиқат иста, Унинг қошида
Вақтнинг қудрати ҳам тиз чўксин сассиз.
Бир Ҳақиқат топки, Унинг ишқида
Жонлар ўз жонидан кечсин нафассиз.

Шундай Ҳақиқат бор, Унга етмоқ-чун
Набийлар йўлига айлаб иқтидо -
Ўлимни севинч-ла бўйнингга олиб,
Ҳаётдан воз кечсанг, арзигай, ҳатто!

Акром МАЛИК

2019

@AkromMalikUZ

Показано 20 последних публикаций.

291

подписчиков
Статистика канала