Ассалому алайкум ҳурматли китобсевар дўстлар! Бугундан эътиборан каналимиз ўз фаолиятини расман бошлади. Анчадан бери барча блогерлар, ноширлар, ёзувчию шоирлар, хуллас китобга тегишли ҳамма қатори канал юритишни ният қилиб юрган эдим. Чунки, XXI асрда интернетсиз бир қадам ҳам олдинга силжишнинг имкони йўқ экан. Газеталар эса бугунги давр талабига жавоб бермайди. Чунки, Интернет – автомобилга, газеталар – от ёки эшак аравага ўхшаб қолди. Тезлик биринчи ўринга чиқди.
Бу канални очишдан мақсад кўп. Агар кимдир одамлар китоб ўқимай қўйди, интернетга муккасидан кетди деб нолиётган бўлса, адашади. Китоб ҳеч қачон енгилмайди, эскирмайди. Керак бўлса шу интернет орқали китоб ўқишни ҳам қайтариш, интернет ёрдамида уни тарғиб қилиш мумкин. Муҳими, ният ва ҳаракат. Барча китоб блогерлари, ноширлар ва ижодкорлар билан бу борада ҳамфикр ва ниятдошмиз.
Мазкур каналда фақат китоб мавзуси билан чекланмаймиз. Китобдан ташқари кино, мусиқа, тасвирий санъат, спорт, тарих ҳамда фалсафа, хуллас, Китоб эстетикаси нимани кашф этган бўлса, шу мавзуларда ўртоқлашамиз.
Айтганча, канал ичида турли танловлар, статистик маълумотлар, асарлардан парчалар, турли хил карикатуралар, кайфиятни кўтарувчи иллюстрациялар, электрон китоблар ва қизиқарли видеолавҳаларни ҳам бериб борамиз.
Каналимизга хуш келибсиз.