Zarif g‘ussalar


Гео и язык канала: не указан, не указан
Категория: не указана


📝 Nurmuhammad AZIZ ijodi
🔧01.02.2020
📞Fikr-mulohazalar uchun:
@N_A_1990

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
не указан, не указан
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций


***
Ёвга терс қараган мусулмон эмас.
Шавкат Раҳмон.

Эътиқоди сулув сафсата
Даҳрий – икки оёқли илон.
Сен ҳақ йўлдан тойган лаҳзада
Нағмалари латиф, сержило.

Кундан кунга турланар малъун
Қўллари қон, кўзлари-да қон.
Иймонинг суст кетса, хаёлинг
Сеҳрлайди ўткинчи виқор.

Кўнгли исқирт, кўнглинг жавоҳир
Ўйлар ниҳон, разолат ниҳон.
Мингта йўлнинг ортида оҳир
Сенга интиқ битта йўл – “жиҳод”.

Синовдир бу – даҳшатли, оғир
Илдизин кес – ўлсанг ҳузурлан.
Ёвларга терс қараган кофир,
Ёвларга тик боққан мусулмон!!!
Ёвларга тик боққан мусулмон!!!

✏️ Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


***

Намозшомнинг қаро зулфидан -
зулматидан қўрқма, паризод.
Олдиндадир соҳир субҳидам,
субҳидамдай сафоли висол.

Хуррам хатлар элтар (ўн, юз, минг)
оқар сувлар - гарчи бўтана.
Ҳошиясин безаган исминг
жировлардай куйлаб ўтаман.

Шеър бўлурсан - бўйлари ҳулво,
Асрларни енгар-ку ёзув.
Аҳир сўздан Регистон қурмоқ
Ғарибингга болалик орзу.

Сўзларимнинг гуҳари ўзинг,
Таърифингда шоҳбайтлар қосир.
Душман босган ўлкадай тўзир
ҳусни таълил, ташбеҳ, таносуб...

Кел, шомлардан қўрқма, паризод,
Наҳот зарра марҳаматинг йўқ.
Чўкиб борар ғурурим - Ҳисор,
Бир шоирнинг уволидан қўрқ.

✏️ Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


Шеърият.

Сатрларга тўкилса ҳислар,
Ўтарми вақт чиғириғидан?
Саҳаргача қофия излаб,
Аламимни олдим йиғидан.
Йиғладим,
ҳўл бўлди ёстиғим,
Хаёлларинг қонимни ичар.
Ёғиймисан?
Кирдинг бостириб,
кўзларимнинг илдизигача.
Куз кўнглимга баҳор келтириб,
Титраганда нозик ғунчалар.
Қирқта қизни севиб, севдириб,
Оғриқ кўрмагандим бунчалар...
Сен бир оташ,
муқаддас исён,
Мангу андуҳ, ҳаловат - орзу.
Йўлларингда изтироб бисёр,
Жинни бўлиб қоламан ҳозир!
Одимлайман,
олдинда жарлик,
Ортга йўл йўқ, умр - сазойи.
Бунча аччиқ тириклик - ғўрлик,
Бунча ширин сўзлар азоби!

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


Ўқитувчи.

1.
Йўл - чўкирлик, ҳақиқат авло
Чўнг китоблар безабон овунч.
Ёниб турса навқирон авлод
Навоийга етакламоқ бурч.

Тун қоронғу...
Илинчи нурли,
Юрак уйғоқ, ёруғ кечинма.
Болаларни уйғотмоқ — ҳурлик,
Хиёнатни Худо кечирмас!!!

Руҳ бахш этар мунаввар ўйи
Байтуллоҳга етган кишидай...
Ухлаб қолди ўтирган кўйи,
Пайғамбарни кўрди тушида.

2.
У ҳеч нарса қилмади — беайб,
Тонгда чиқиб, қайтди намозгар.
Яшайверди шиддат, руҳ бермай
Ичидаги сокин овозга.

У ҳеч нарса қилмади, тамом
Не йилларни енгди, йиқилмай.
Буюк авлод бор эди, авом,
У ўлдирди, ҳеч нарса қилмай.

Сўроғим бор - мунгли қўшиқдай,
Сўроқ - ўкинч, чандиғи улкан...
Ухлаб қолди юмшоқ тўшакда
ва туш кўрди — бесарҳад гулхан.

3.
Хиёнатни Худо кечирмас!!!

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


ОТАНИНГ СЎНГГИ КУНЛАРИ.
(Реализм)

Нигоҳ узмай нурайди ота,
Гувалак уй, ёриқ тўсиндан.
Вужудини кемириб ётар,
Ногоҳ ўсган ўжар ўсимта.

Қўлларида қалтирар тасбеҳ,
Юрагига ютар ҳасратин.
Зорланади бир ҳовли - пастак,
“Соҳибимни Ўзинг асрагин”...

Оқшомда бир қалқиди осмон,
Булутларга беркинди қамар.
Кўтарилди уввос, ғалаён,
Петербургга кетди шумҳабар.

Орзулари бўғзидан бўғиб,
Вақт ўтмади, шошгани сайин.
Жанозага келмади ўғил,
Кўзларини юммади майит.

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


***
Қўштепанинг боғларида куз,
Видо айтар яшил япроқлар.
Одимлайди изғирин томон
Декабрни соғинган боғлар.

Қўштепанинг боғларида куз,
Йўллар ухлар хазон ёпиниб.
Шитир-шитир варақлар шамол
Туннинг сокин куллиётини.

Қўштепанинг боғларида куз,
Кўлмакдаги ойга мўлтираб
Юлдузлари сержилва само
Меҳваримда ғамгин ўлтирар.

Қўштепанинг боғларида куз,
Ғарибгина суради хаёл.
Ғарибгина, йўл пойлар ҳамон
Шоир туғиб адашган Аёл.

Қўштепанинг боғларида куз...

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


Рио-2016 олимпиадасидан сўнг.
Рафиқамга

Туркона зарб девни йиқитар,
Сиз Алпомиш — юртига қайтган.
Ал-Беруний кашф этган қитьа
Талмовсираб қолди ҳайратда.

Қувончли шеър, самимий изҳор
Бу маддоҳлик эмас — тасанно.
Ич-ичимда исмсиз ҳислар
Шаҳобиддин, Шаҳрам, Ҳасанбой.

Руҳим асов, ғайратим ошар,
Ғалабалар нақадар шонли.
Аҳли дунё, мана томоша
Бу болалар ЎЗБЕКИСТОНЛИК...

Юрагим сел...
Қорасочим кел,
Эркалайман тунлар уйғотиб.
Тожмаҳаллар қуриб берай, сен
Фазлиддинлар туғиб бер хотин!!!
Бектемирлар туғиб бер хотин!!!
Муроджонлар туғиб бер хотин!!!

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


***
Сенга атаб шеър ёздим,
Юрагимни ҳовучлаб.
Бўғзимга келди бот-бот
О, муаттар соғинчлар.

Сенга атаб шеър ёздим,
Ҳар имлоси меҳрдан.
Бу хаёлий муножот,
Эй, кўзлари сеҳргар.

Сенга атаб шеър ёздим,
Руҳим сарҳуш саросар.
Сен Тангримдан мукофот,
Сен Тангримдан жазосан.

Сенга атаб шеър ёздим,
Куйи кўнглимдай ҳазин.
Мени эслатиб бот-бот
Қизчаларинг ёдласин.

Сенга атаб шеър ёздим...

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


***
Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз
Қўнғироқ жиринглар асабий.
Самога сочилар, самога
Тутунга ўралиб ғазабим.

Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз
Кўнглимда не ўйлар кечганин.
Юрагим – қип-қизил дарёда
Титроқлар қирғоқдай кўчганин.

Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз
На шоир, на Мажнун одамни.
Бўсалар юбориб ҳаводан
Сиз кўрган тушларда борманми?

Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз
Ярим ой бўзариб тўлганин.
Сиз ором олган тинч дунёда
Тонггача нималар бўлганим.

Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз.

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


***
Оппоқ кўйлак, гулли бўйинбоғ,
Қора туфли, ялтироқ соат.
Шу келбатга тасаддуқ рўмол
Бостирмада говмушни соғар.

Тор саҳнда қишлоқи шамол,
Тўзонидан жирканар туфли.
Одимлайди машина томон,
Масофадан очганча қулфни.

Мошин жўнар...
Эшик очилиб,
Ўтмишимни солиб ёдимга
Буғдойзорга кетар шошилиб
Ямоқ камзул, йиртиқ ботинка.

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1




Она.

Ўғлинг шоир бўлса,
нақшинкор бўлмайди уйинг пештоқи,
на пахсанг ғишт бўлар,
на кўчанг асфалт.

Ўғлинг шоир бўлса,
йўқсилликда ўсар набираларинг,
юборолмас қиммат рўмоллар,
юборолмас балки Ҳажга ҳам.

Сен эса,
барини билсанг ҳам,
Қўлларингда “Китоб дунёси” -
Ўғлингнинг сурати,
шеъри босилган,
Мақтаниб юрасан кўчама кўча
болам ШОИР деб!

Ортингдан масхара қилишар,
Сезасан...
Шунда ҳам этасан давом.
Босиб ўтмоқ учун истеҳзоларни
Одам тоғ бўлиши керак камида.
Ўғлинг шоир бўлса...

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


Тарих.

Масҳарабоз – довюрак жинни,
Чеҳраларда ёниқ қаҳқаҳа.
Лутф ортида аччиқ кесатиқ,
Аъёнларнинг нигоҳи заҳар.

Киноялар – илдизи кураш,
Қилмишлар фош, подшоҳ ғазабнок,
Жабрдийда одамлар – ювош,
Ич-ичида айтар тасанно.

Қонсираган барзанги жаллод,
Ҳукм янграр: “Tилларини қирқ...”
Масҳарабоз безабон, аммо
Юзларида мазахли қилиқ.
Масҳарабоз – довюрак жинни!

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


Онамга.

Сен даладан чиқмадинг, она,
Кузак чиқди, белларинг чиқди.
Далалардан юз бурган шаҳар
Газетида шеърларим чиқди.

Сен даладан чиқмадинг, она,
Хонатласнинг хиллари чиқди.
Киссам қуруқ, қилиб масҳара
Калишингни тиллари чиқди.

Сен даладан чиқмадинг, она,
Хуфтонларда этак ямадинг.
Дил бир тараф, дунё бир тараф,
Худбин чиқди Нурмуҳаммадинг.

Сен даладан чиқмадинг, она,
Омонатим, ўлмасим менинг.
Ўша мовий қирларга қараб
Жоним чиқса бўлмасми менинг?!

Сен даладан чиқмадинг, она.

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


***
Хат юбординг, роҳат юбординг,
Ҳижжаладим ҳовлиқиб, яйраб.
Яноғингдан (эсингда бордир)
ўпич олган кунимдек — байрам.
Чексизликдан чексизми титроқ?
Иштибоҳлар — хазон, янчилар.
Қорахатнинг чандиғи битмай
ўзи кириб келган жангчидай
тасаввурга сиғмас қувончнинг
лабларимда ўйнар жаранги.
Сўзларингда ёсуман сочинг-
нинг муаттар ифори анқир.
Чор тарафга боқдим — жовидон,
Замин кафтдек, қанотсиз учдим.
Шу бир парча мактуб олдида
Менинг бари ёзганим пучдир.
Хат юбординг, роҳат юбординг,
Ҳижжаладим ҳовлиқиб, яйраб.
Яноғингдан (эсингда бордир)
ўпич олган кунимдек — байрам.

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


***
Мен —
Жаннатдан қувилган одам,
Бир лаҳзага сеҳрланган қул.
Шундан оғриқ бўғзимга ботар
Кўзларимдан покланиб чиқур.

Дайдиман,
йўлкўрсаткич Зухро,
Ҳар заррамда тавба-тазарру.
Идрок ожиз...
аввалим тупроқ,
Якунимга гулхан ёзарми???...

Сен-ку Лайли —
энг оловли шеър,
Алангага айланган юрак.
Майли...
фақат ҳадсиз жунун бер
дўзахда ҳам мақтаниб юрай.

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


Шеър.

Шеър — муаттар бўйли хотира,
Тунга қумдай сочилар шоир.
Момақаймоқ сўзлар ортида
Исён бордир, изтироб бордир.

Шеър — кўксингдан томчилаган қон —
Сиёҳдан гул ясамоқ завқи.
Алангалаб гурлаган гулхан-
да сув қўмсаб яшамоқ завқи.

Шеър — жайдари, бежилов ҳислар,
Неки оғриқ бўлса, ўшадир.
Болаликда синфдош қиздан
Олинмаган қайноқ бўсадир.

Шоирни маҳв этар Азроил,
Шеър — мангулик, поклик, жозиба.
Оҳ, қанийди, битта ШЕЪР ёзиб
Ҳайратидан ўлсам...
Розиман!

📝 Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


Сиёсат.

Жадид боболар хотирасига.

Уйқу ҳаром, уйғонганда сўз,
Уйқу ҳаром, топталганда шаън.
О, сиёсат - мил тортилган кўз,
Озодликни ҳушламас кишан.

Туғилдингми, яшамак жафо,
Ё қулсан, ё ашаддий ёвсан.
Жонсираган қизил аждаҳо,
Қонсираган бўри - сиёсат.

Найранглари ошкора, сирли,
Тўғон бўлар исёнкор йўлга.
Тиригида хўрлар шоирни,
Подшони ўлгач.

✏️ Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


***
Мен шеър дедим,
“Tелбалик” - дединг,
Бахт йўли бу, сўзимга ишон.
“Ҳаёт - баланд тепалик” - дединг,
“Ғўр шеърларинг оёққа тушов”.

Кечаларда кечарди умрим,
Сўз ахтариб, сени ахтармай.
Ишонмасдим, шеърим туғилиб
Бизни айро қилса бахтлардан.

Мен шеър дедим, сўзлари кескир,
Ўз лафзидан сесканса таним.
Сездим, алам қилганин сездим
Шеърни сендан кўпроқ севганим.

Мен билардим, шеърият – ҳузур,
Ҳузурингга элтмади бу йўл.
Ўғиллар туғ.
Ва сўнгги сўзим
Шеърларимга бошқоронғи бўл.

✏️ Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1


***
Ақтўбе фожеасида вафот этган 52 ўзбек хотирасига

Даҳшат асли надир...
Уйқунг буздими?
Ажалнинг хуфёна таъқиби — даҳшат.
Учиб боролмаса мўмин бузругинг,
Ўртадаги чексиз чақирим — даҳшат.

Самандар қушларим, танти қушларим,
Бу туш деб, ёқамни қаттиқ ушладим.
Нолалар, жолалар даҳшатли, тағин
Водийдан ўрлаган бақириқ — даҳшат.

Мана шеър дафтарим — қора кундалик,
Энг даҳшатли шиғир бўлди ундаги.
Эллик икки ўзбек ёнган кундаги
Бўғзимга тиқилган ҳайқириқ — даҳшат.

✏️ Нурмуҳаммад АЗИЗ

https://t.me/zarif_gussa/1

Показано 20 последних публикаций.

83

подписчиков
Статистика канала