Mahfuza IMOMOVA ijodi


Гео и язык канала: не указан, не указан
Категория: не указана


Mazkur kanal shoira Mahfuza IMOMOVA ijodi targ‘iboti uchun adabiyot ixlosmandlari tashabbusi bilan ochildi.

Связанные каналы

Гео и язык канала
не указан, не указан
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций




Маҳфуза ИМОМОВА шеърлари
"Хуршид Даврон кутубхонаси"да


Ўқиш учун 👇👇👇
https://kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/yoshlar/mahfuza-imomova-sherlar.html

Kanalimiz: 👉@Mahfuza_IMOMOVA_ijodi


* * *
Мен бахт билан ҳазиллашаман
Гоҳ ухлайман унга суяниб.
Онамдай кўп тоқати билан
Сочларимни тараб қўяди.
Қувлашмачоқ ўйнайверамиз
Эрка гуллар арзандасидек
Енгил-енгил қадам босаман
Жуда узоқ қувламасин деб
Туртинаман тошларга атай
Дарахтларга бўламан кулги.
Жилмаяман у келмаганда
Келмагандай гўёки ўлгим.
Жаҳли чиқар билиб қолса гар
Сездирмайман йиғиларимни
У билади – энг жасур аёл
Кечириб юборгай ғанимни.
Ҳазилларим унут бўлар, сўнг
Тошлар аро сокин гуллайман.
Гар қоқилсам тутиб қолар Кўк,
Қуласам, осмонга қулайман.

© Маҳфуза ИМОМОВА 07.05.2019

Kanalimiz: 👉 @Mahfuza_IMOMOVA_ijodi




* * *
Келдим,
Келмасидан тонг саболари,
Қуёш найзаларин санчмасдан келдим.
Елкамда йўлларнинг иддаолари,
Йиллар истибдодин янчмасдан келдим.

Келдим,
ҳар япроққа сўйламай келдим,
Ҳаддимдан баландга бўйламай келдим.
На-да бир тадорик, на шубҳа, гумон,
Ҳаттоки бир бора ўйламай келдим.

Мен шундай мард келдим,
сержуръат келдим,
Келмасам бўлмасди, келсам бўлмасди.
Кўзлар ҳам тўлар-ку, нечун тўлмасдил?
Мен шундай дард келдим, ложувард келдим.

Келдим,
остонангда турибман кутиб,
Шошма, эшикни тез очиб юборма.
О, донишманд зот,
Мўйсафид Ҳаёт –
Сен мени ҳавога сочиб юборма.

Ер қаттиқ, кўк баланд, умр сарсари,
Юракда кўз очсин бари шодликлар.
Гўзаллик, муҳаббат, бахтдан ташқари,
Сен мени айирма паришонликдан.
Келдим...

©Маҳфуза Имомова

Kanalimiz: 👉 @Mahfuza_IMOMOVA_ijodi


ОЛТИН БАЛИҚ ЎЙЛАРИ

1
Бир денгиз тубинда хаёл сурарман
Туртиниб турфа хил тошларга, гулга.
Ёдингдан мубарро ҳаёт сўрарман
Ва кескин бурилиб чиқарман йўлга.
Бир илинж бўлмагай бормоқларимдан
Ўзимни осгали қармоқларингга...
Узуклар ялтирар бармоқларимда,
Узуклар ялтирар бармоқларингда.

2
Кўп тилак тилайсан, бажаролмайман,
Надир истарингни шархлай олмайсан.
Кўнглимнинг тубинда қумга беланган
Асл олмосларни фарқлай олмайсан.
Тилло тангаларим қолмасин занглаб,
Сузарман ҳушимга келган ёқларга.
Келарлар ортимдан изғиб наҳанглар,
Мен маржон элтаман чиғаноқларга...

3
Шўр денгиз тубинда ҳокимдир ғафлат,
Шўр денгиз тубинда нималар йўқдир?
Нафрат бор, алдов бор ва бунда фақат
Елканлари қизил кемалар йўқдир.
Қароқчи кемалар кўнгил талашар
Олиб кетмоқ истаб соҳилга томон.
Мен шундай жонзотман – на сувда яшар,
На-да қуруқликда қолурман омон.

4
Кўксингга қадалган кўзларим – тугма,
Эслатиб тургувчи тағин кимлигим.
Мен учун бирорта сўзингни тўкма,
Ҳаммага ёқмоқда, ахир, жимлигим.
Бедорлик бошимга муборак бўлсин,
Балиқлар кўз юмиб ухламас, бегим.
Шўр денгиз тубинда ўлади, ўлса,
Балиқлар ҳеч қачон йиғламас, бегим!

Балиқлар ҳеч қачон йиғламас, бегим...

© Маҳфуза ИМОМОВА

Kanalimiz: 👉 @Mahfuza_IMOMOVA_ijodi


ҚАЙТА ТУҒИЛИШ

Ўзингга қайтасан,
Оғриқларингга
Дуолар ўқийсан ижобат тилаб.
Бир финжон қаҳвани қўйиб олдига
Тўйиб гаплашасан виждонинг билан.

Сўнг кино бошланар
Уруш ҳақида
(На кўргинг келади, на бўлар ухлаб!)
Титрайсан, гўёки экран ортидан
Чиқиб келётгандай адашган ўқлар.

Ҳайдалган ит каби увиллар шамол
Кетиб ҳам бўлмайди,
Совуқ ташқари.
Измингга соласан ўзингни дарҳол,
Сўнг ҳузур топасан дилни бошқариб.

Деразанг ортидан боқар мусича
Булутлар тарқалар тўзғиган пардек.
Тонг отар, уйқусиз кечади кечанг,
Қонингда югурар ватанпарварлик.

Атрофга боқасан табассум билан,
Сезасан манзиллар аён эканин.
Қўрқмайсан,
ортингга қайтмайсан сира
Энди чўчитолмас Аёл эканинг!

© Маҳфуза ИМОМОВА

Kanalimiz: 👉 @Mahfuza_IMOMOVA_ijodi


* * *
Бугун сизни соғинч эзади
Хотиралар қийнаши тайин.
Кўнглингизни гумон безади
Ташқарида қор ёғар, майин.

Бодом гуллаб бўлди Сурхонда
Сулув қиздек ясанди қирлар.
Юрагингиз ёнар гумондан
Ташқарида ёғар ёмғирлар.

Тағин сизни ҳижрон эзади,
Хонангизда кезади гумон.
Сочингизни қиров безади,
Ташқарида гуллар саратон.

Энди сизни армон эзади,
Ўйларингиз абадий мубҳам.
Умрингизни гумон безади,
Оқламадим ўзимни мен ҳам.

© Маҳфуза ИМОМОВА

Kanalimiz: 👉 @Mahfuza_IMOMOVA_ijodi


* * *
Келма деб неча бор сендан ўтиндим,
О қайғу, мен энди бахтлаб кетарман.
Хотирам – қуршаган бир боғ ўтиндир
Уни йўл четига тахлаб кетарман.

Шафақ шуъласидай олланди юрак,
Шоҳ эди, қул бўлиб ёлланди юрак,
Бир кунда неча минг қонланди юрак,
Ишқнинг оловида яхлаб кетарман.

Туйғулар тирикдир, туйғулар табиий,
Кўзимга сиғмаган уйқулар табиий,
Юз бора ҳайдалган мусофир каби
Кўнгул эшигингдан ҳатлаб кетарман.

Гул қолиб, ҳас ташиб юрар одамлар,
Жонимга қасдлашиб юрар одамлар,
Шу қадар пастлашиб юрар одамлар
Ўзимни баридан асраб кетарман.

Товоним ўйилсин – Ҳаққа бормасам,
Шарқда туғилсаму, шарққа бормасам
Боримни ортмалаб халққа бормасам
Ғанимнинг ёнига дастлаб кетарман.

Ота, елкангизга бошимни қўйсам,
Бир муддат енгиллик тотини туйсам,
Юрагим ташнадир, кўзларим тўйса,
Меҳрдан бир нафас ростлаб кетарман.

Дунёнинг отини билмадим нечун,
Наслини, зотини билмадим нечун,
Ҳали қараб туринг, бир кунмас бир кун
Муаззам дунёлар бошлаб кетарман.

© Маҳфуза ИМОМОВА

Показано 9 последних публикаций.

3

подписчиков
Статистика канала