Наманганда буюк ватандошимиз Маҳмуд Замахшарийнинг 1121 йилда ёзилган тилшуносликка оид китоби топилди
Ахсикент археология парки таркибидаги Янги Ахси қўлёзмалар марказида бугунги кунда тўрт мингдан ортиқ нодир китоблар сақланмоқда. Уларнинг учдан бир қисми VII - XVIII асрларга оид ноёб қўлёзмалардир.
Бугун манбалар сони яна 40 ададга кўпайди. Марказга маҳаллий аҳоли томонидан тақдим этилган китоблар орасида энг қимматлиси луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, араб грамматикаси, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид элликдан ортиқ мукаммал асарларни яратган, дунё тан олган олим Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар Аз-Замахшарийнинг тилшуносликка оид асаридир.
- Жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк аллома ижодида араб тилшунослиги ва грамматикасининг турли томонларига оид асарлар салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, араб тили грамматикасига оид муфассал китоб «Ал-муфассал»нинг ҳар бир бўлимида морфологик ва синтаксис масалалари кўриб чиқилган. Асар фонетика бўлими билан якунланади. Ушбу асар араб тили наҳв ва сарфни ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган, - дейди марказ раҳбари Билолхон Рустамов.
Китоблар орасида 1870-1905 йилларда Қозон, Уфа ва Тошкентда тошбосма усулда чоп этилган Фаридуддин Атторнинг инсониятнинг 96 буюк сиймоларилари ҳаёти ва сийратлари акс этган «Тазкиратул авлиё», Абу Муъин Насафийнинг «Ақоиди Насафия» китобларининг шарҳлари каби нодир манбалар мавжуд.
Тарих, адабиёт, риёзиёт ва ҳандаса, мантиқ, фасоҳат ва балоғат илмига оид қолган қўлёзма асарлар ҳозирда тадқиқ этилмоқда.
Қатар миллий кутубхонаси ва Ахсикент археология парки ўртасидаги ҳамкорлик Янги Ахси қўлёзмалар марказидаги асарларни тадқиқ этиш ва рақамлаштиришни кўзда тутади.
Медиа Департамент