Адабиётшунос олим Дилмурод Қуронов қўйган бир постда мана бу фикрлар ёзилибди:
“... беш-олти йиллар нарида эълон қилинган бир мақоламда мана бу гаплар бор экан
Шоир “кўнглимда неки бўлса барини ва борича ифодалайман!” дейишга ҳақли эмас, чунки у шунчаки бир “қудуқ”қа ва ё бўшлиққа гапираётгани йўқ – айтганлари минглаб қалбларга кириб боради. Яъни, агар ҳақ талашилса, шоирнинг бу даъвосига ўша мингларнинг ҳар бири “кўнглимни ихоталашга ҳақлиман!” даъвосини қарши қўйиши мумкин. Демак, шоир ниманики истаса ва ўзи хоҳлаган йўсинда эмас – ўқувчиларининг миллий, ахлоқий, эътиқодий қарашлари доирасида, уларнинг шаъни, ғурури, туйғуларини оринтирмайдиган тарзда ифодалшга бурчлидир. Яъни сўз эркинлиги шу доира ичидагина яратувчи куч, унинг чегараларини ёриб чиққан онидан бошлаб – ҳалокатлидир, чунки энди у миллий ўзлик, кўнгил софлиги, эътиқод собитлиги, имон бутунлигига дахл қила бошлайди.
... шунчаки варақлаб ўтириб кўзим тушиб қолди, ҳеч қандай ишора эмас.”Муаммо шундаки, ўқувчининг ғурури деганимиз, ғурурсизликдан тортиб, ўта мағрурликкача боради. Ягона, бир бутун “ўқувчилар” деган нарса йўқ. Ҳар бир ўқувчи фарқли, дидлар фарқли, нафақат турли замонлар ва маконлар ўқувчилари, балки бир жой, бир замон ўқувчилари ҳам фарқлидир. Ўқувчининг диди, қарашлари ҳар бир замонда ўзгариб боради. Шоир кимни мўлжал олиши керак, ўзига замондош ўқувчиларними? Ёки ватандош ўқувчиларними? Балки унинг шеърини замондош ўқувчи қабул қилмаса, келажак ўқувчилар қабул қилар? Қадриятлар ўзгаради, эътиқодлар, дидлар ўзгариб боради. Тарихда узоқ вақт ўтиб кашф қилинган, аммо замондошлари қабул қилмаган ижодкорлар камми? Шоир (ёки ёзувчи) ўз замони учун ёзсинми? Ёки келажакни ҳам ҳисобга олсинми? Балки ўзгариб борувчи ўқувчи кайфиятини бир четга суриб, борини ёзгани маъқулдир? Сиёсатга мослаб ёзса, замонасозлик қилди, маддоҳлик қилди деймиз. Ўқувчига мосласа, бу популизм дейилади, ёки бу ҳам бир замонасозлик. Агар мақсад китобни сотиш, фойда олиш бўлса, аудитория кайфиятига мослаб ижод қилишни тушуниш мумкин, аммо бу чинакам санъат эмас. “Кўнгилни ихоталаш”ни истовчилар эса доим топилади, бунга ҳақли ҳам.
Зўравонликка, қотилликка ундаш, бирор гуруҳга қарши нафрат қўзғашга уриниш каби ҳолатлар ҳам бор, аммо бу бошқа бир мезонга кўра баҳоланади, ўқувчининг диди, ғурурига мос келмасликдек ўзгарувчан ва бетайин мезон билан эмас.
Дилмурод Қуронов айтгандек ижод қиладиганлар маҳаллий шоир, маҳаллий ёзувчи бўлади, аммо асло инсониятнинг ижодкори бўла олмайди. Бокаччо “Декамерон”ни ёзганда замонасидаги бутун диний институтларни масхаралаган. Бугун бизнинг бирор ёзувчи шу ишни қилса, халқнинг диний туйғуларини ҳақоратлаган саналади, унинг ижоди бузғунчилик дея квалификация қилинади ва унга ўқувчини ҳурмат қилиш ҳақида танбеҳ берилади. Сал аввал инқилобга содиқлик, коммунистик ахлоқ, социал реализм, диалектик материализм мезон эди, ҳозир дин ва миллий менталитет мезон қилиняпти. Эртага яна нима мезон қилинади?
Келинг, миллий қобиқдан чиқиб ўйлайлик. Муаллифи эсимга келмаяпти, бир файласуфнинг гапи бор эди: “Мен халқим биланман, аммо халқимникигина бўлиб қолишни истамайман, мен шу замонда яшайман, аммо шу замонникигина бўлиб қолишни истамайман”.
@khurshidyuldosh