ГИРДИБОД
Апрелнинг йигирма еттинчи куни
Ўз йўлида давом этарди ҳаёт,
Айни намозшомда жанубий-ғарбдан
Босиб келди мавҳум, номсиз гирдибод.
Фалак қоқ иккига бўлинган мисол
Оламни ваҳима ўради, ҳайҳот
Қасирғалар тутди осмон бағрини
Аждардай чанг солди ерга гирдибод.
Қўпорди юз йиллик боботутларни
Улкан кранларни қилди ерпарчин,
Томларни учирди бир кафт қоғоздай
Само ёнган каби ойдин бўлди тун
Ҳандалакдай музлар тешди деворни
Болидми, комета ёки метеор,
Ҳарқалай, нимадир портлади кўкда
Ўз йўлидан чиқди бу чархи даввор.
Гўё Нуҳ тўфони бўлгандай такрор
Етти иқлимни сув босган мисоли,
Жазавага тушди барча иблислар
Лаҳзада танг бўлди одамзод ҳоли.
Тонг отиши қийин кечди ўша тун
Ёмғирнинг остида пинак қилди кўз,
Офат, талофатни таърифламоққа
Ожизлик қиларди жамийки бор сўз.
Эртаси Юртбоши келди Олотга
Штаблар тузилди, бошланди ишлар,
Президент айтган жонпарвар сўздан
Гўё камайгандай бўлди ташвишлар.
Мамлакат ёрдамга отланди дарҳол,
Олот, Қоракўлга елди вагонлар,
Оға-инисидай қайғуга ботиб
Етиб келди шу кун минглаб инсонлар...
Мен бугун ўйлайман фаромушхаёл
Боқиб томсиз қолган иморатимга:
Бу оламда не бор боқий,безавол
Қусур етганмиди ибодатимга?
Қайси бир айбимни айтайин ошкор
Тан олайин қай бир гуноҳларимни,
Яратган олдида не ҳуқуқим бор
Қай манзилдан излай гувоҳларимни?
Одамзот неки ўз фалак буржида
Зарранинг мингдан бир бўлагидай гап...
Самовотнинг қай бир олис бурчида
Ердай сайёралар айланар саф-саф.
Қайси кунимизга гердайдик бунча
Иморатлар қурдик тик,олийнишон,
Бобил минораси каби узайди
Заволидан ғофил минг қасру айвон.
Мана, улкан девнинг бир пуфлашига
Дош беролмай учган кулбалар мисол,
Тупроққа қоришди шаъну шавкатлар
Гирдибод мавҳ этди барини алҳол.
Ўйлар чулғаётир хаёлотимни
Фикрлар айланар солганича дод,
Бу кун ўзгартирди тинч ҳаётимни
Ташвишлар бошимда, мисли гирдибод.
Одамлар шошилар турфа ниятда
Арининг инидай Қоракўл, Олот,
Вакиллар кенгашар ҳокимиятда
Режалар айланар гўё гирдибод.
Кўзимни юмаман, нигоҳларимда
Бош-кетин йўқотган безовта ҳаёт,
Атрофимда эса чаппар уради
Турфа қиёфали юзлаб гирдибод.
Дунёнинг равиши шумасми асли
Олам гирдибоддир, умр гирдибод,
Кўзингга, руҳингга фароғат берган
Ҳар ёғду, ҳар шуъла, ҳар нур гирдибод.
Нурнинг бағрида ҳам тўфон яширин
Бўрон қавмидандир бир арзимас бод,
Ёнғинни эслатар заррадай учқун
Демак, гирдибоддир бутун коинот.
Юрак гирдибоддан озурда бугун
Рўбарў турибди жон билан ҳалқум,
Ғайрати гирдибод мисоли жўшқин
Минг ташаккур сенга, онажон халқим!
Каналга уланинг👇👇👇👇
@abdunabihamro