1-асар, 14-саҳифа (1.14)
Орадан олти ой вақт ўтди. Курсантларнинг ҳар бир куни тобора қизиқарлироқ, шу билан бирга, оғирроқ кечарди. Улар гоҳ бир-бирларининг чўнтакларини шилиш, гоҳ муаллимлар ўргатганидек, одамнинг оғриқ нуқталарига зарба беришни ўрганишарди.
Мадали ҳам курс ҳаётига кўникди. Ҳар куни дарслардан кейинги сукут сақлашлар, деразадан ташқарига термилганча хаёл суришлар, зерикиб кетган вақтларида уйга мактуб битишлар бора-бора одатга айланди.
Мана, бугун ҳовлида ёз. Бу ерларда ҳам ҳар қалай қуёш бор экан. Бухорочалик қиздирмаса-да, кун анча иссиқ кечди. Айниқса, эрталабки ўн чақиримга югуриш чоғида баъзи курсантлар, иссиқ туфайлими, ҳаллослаб қолишди. Ким билсин? Мадали каби улар ҳам серқуёш ўлкада ўсиб-улғайишган. Аммо ҳар кимнинг мижози бўлак бўлса керак-да!
Мадали бу кеча Мавлудага илк бор шу ердан туриб мактуб ёзишга қарор қилди.
“Мавлудахон, соғлиғингиз яхшими ? Имтиҳонларни эсон-омон топшириб олгандирсиз ? Мендан сўрасангиз, жуда яхши юрибман. Бизни ҳарбий курсда ўқитишяпти. Лекин ким бўлиб етишишимизни ҳалиям айтишгани йўқ. Жуда оғир машқларни бажартиришяпти. Мен кўникиб кетганман. Қийинчилик йўқ.
Мавлудахон, илтимос қиламан, мени кутинг! Икки йил бирпасда ўтиб кетади. Биламан, дадангиз ҳам бизнинг муносабатимиздан хабардор. Хабардор бўлмаса, мени ҳар кўрганида бошини қашиб қўймаган бўларди (ҳазил).
Майли, ҳозирча хайрлашайлик. Фақат... жавобини ёзиб юрманг. Бизнинг курсга хат келишига рухсат этишмайди.
Сизни соғиниб қолувчи Мадали”.
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz