1-асар, 15-саҳифа (1.15)
Эртаси куни эрталаб жсмоний машқларни бажариб, нонуштадан қайтишгач, барча курсантларни мажлислар залини эслатувчи катта хонага йиғишди. Взвод командири негадир ҳаммани жой-жойларига ўтқазгач, хонадан чиқиб кетди. У чиқиб кетиши билан ичкарига биринчи кунлари майдонга тўплаб курс билан таништирган подполковник кириб келди.
- Азиз курсантлар, - деди у ўйчан оҳангда. - Мана, бугун сизларга бор ҳақиқатни айтиш фурсати етди. Чунки олдингизда ярим йиллик якунлари бўйича имтиҳон топшириш вазифаси турибди. Хўш, тайёрмисизлар?
- Худди шундай! - бараварига жавоб қилишди курсантлар.
- У ҳолда, эшитинг. Сизлар олти ой давомида ўқиб ўрганган курс жосуслик мактаби ҳисобланади. Жосус сўзининг маъносини тушунган бўлсангиз керак. Келгусида сизлар тобора томир отиб бораётган хавфли жиноятчиликка барҳам беришдек буюк ишда иштирок этишингиз керак бўлади. Бунинг учун ҳозирча ўқиш, ўқиш, ўқиш ва ўрганиш зарур. Бу бошланиши, холос. Эҳ-ҳе, ҳақиқий профессионал жосус бўлиб етишиш учун ҳали қанча-қанча қийинчиликлар, синовлар турибди. Майли, гапни қисқароқ қилайлик. Хуллас, имтиҳон шарти шундай. Бугун кечаси ҳаммангизни самолётга ўтқазиб, ўзингизга мутлақо нотаниш, кимсасиз манзилларга ташлаб кетишади. Ёнингизда овқат ҳам, пул ҳам, ҳужжат ҳам бўлмайди. Эгнингиздаги манови ҳарбийлар либоси ҳам фуқаро кийимига алмаштириб қўйилади. Икки ой давомида сиз ўзгаларга ўзингизни танитмасдан, кимлигингизни билдирмасдан яшай олишингиз керак. Ҳужжатни ҳам, овқатни ҳам, пулни ҳам ўзингиз учун ўзингиз топасиз. Огохлантириб қўяй, мабодо милиционер ёки шунга ўхшаш ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари қўлига тушиб қолсангиз-у, кимлигингизни, аниқроғи, ҳақиқий исм-шарифингизни, қандай курсда ўқишингизни билдириб қўйсангиз ёки бўлмаса, осонгина қўлга тушиб ишни бузсангиз, имтиҳондан ўтолмаган ҳисобланасиз. Бунга қўшимча, қилган жиноятингиз учун жазоланасиз. Сабаби, бизнинг ишда бу нарса хоинлик билан баробар. Хуллас, ҳақиқий жосусларга хос яшаш учун кураш синовининг илк босқичини бошингиздан кечирасиз. Гапларим тушунарлими?
- Худди шундай.
- Айтганча, сизлар ўн кишисиз. Аммо имтиҳон баҳолари икки ойдан сўнг эълон қилинганида, бу қадар озчилик эканингизга қараб ўтирилмайди. Бизга сон эмас, сифат керак. Қани, шунқорлар, олға!
Курсантлар гаплашиш мумкин эмаслигини билишгани учун ҳам битта-биттадан ташқарига йўл олишди.
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz