Дунёда
билмадиму, Ўзбекистонда эгизаклар туғилиши кўпаймоқда. Уч эгизак туғилгани ҳақидаги хабарлардан ҳайратланмай қўйдик, чунки бизда тўрт эгизак туғилиши ҳам камёб ҳолат бўлмай қолди. Cтатистика қўмитасидан эгизаклар статистикасини сўрагандим, улар берган маълумотга кўра, 2022 йилда Жиззах ва Қашқадарёда ҳатто 5 эгизаклар туғилган экан, фақат чақалоқлар яшаб кетмагани учун алоҳида хабар берилмаган шекилли.
Йиллар кесимида тирик туғилган 3 нафар эгизак болалар сони
қуйидагича:
2010 йилда – 103 нафар;
2011 йилда – 106 нафар;
2012 йилда – 166 нафар;
2013 йилда – 143 нафар;
2014 йилда – 177 нафар;
2015 йилда – 206 нафар;
2016 йилда – 244 нафар;
2017 йилда – 263 нафар;
2018 йилда – 346 нафар;
2019 йилда – 381 нафар;
2020 йилда – 430 нафар.
Масалан, 2022 йилнинг ўзида 5 ноябрга қадар ОАВда тўрт эгизаклар туғилиши билан боғлиқ камида 5 та ҳолатни ўқидим — тўрттаси
Тошкентда ва биттаси Самарқандда. Статистика қўмитаси маълумотига кўра, Хоразмда ҳам битта шундай ҳолат қайд этилган.
Самарқандда туғилган 4 эгизак ҳақидаги
хабарда туғруқ оғир кечгани, кесарча усули қўллангани ва аёлдаги бир даста касалликлар айтиб ўтилган: “Преэклампсиянинг оғир даражаси. Сурункали пиелонефритнинг хуруж даври. Резус манфий қон. Кўп сувлилик. Анемиянинг оғир даражаси”
Қон босими, буйрак билан боғлиқ касалликлар кўпчилик ҳомиладорларда кузатилади. Лекин анемияни оғир даражагача етказиш жуда ёмон ҳолат. Анемиянинг оғир даражасида гемоглабин 70 г/л дан паст бўлади. Бу эса ҳомилага кислород кам етиб боради, ривожланиши, айниқса мия ривожланиши суст кечади, дегани. Муддатидан олдин туғруқ бошланиши ҳам мумкин.
Анемиянинг оғир даражасида табиий туғруқ ҳам, кесарча усули ҳам аёл ҳаёти учун хавфли. Хуллас, ҳомиладор аёлда оғир даражадаги камқонлик бўлса, она ва болаларнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Тиббиёт ходимлари яна бошқа кўплаб асоратларни санаши мумкин. Менинг билганларим шулар. Вазият қанчалик мураккаб эканини яхшироқ тушуниш учун майдалаб ёзишга ҳаракат қилдим.
Бу ҳали бола туғилгунича бўлган ҳолат. Камқон она уйга чиққандан кейин тўрт чақалоққа қараши, тўйдириши керак. Она сути етмаслиги аниқ. Эгизак чақалоқларнинг вазни кам бўлади. Уларга кам вазнли чақалоқларга мўлжалланган махсус озуқа олиш керак. Бунақаси анчагина қиммат. Ҳали олдинда аёлнинг тикланиши учун дори-дармон, яхши парвариш, болалар учун таглик ва яна бошқа зарур нарсалар бор.
Шуларни ўйладиму, майли, икки эмас, уч ёки тўрт нафар эгизаклар учун қандайдир алоҳида имтиёз бормикан, деб қонунчиликни роса титдим. Ҳеч нарса тополмадим (агар Сиз билсангиз, кўрсатинг).
3-4 нафар эгизак туғилиши оила учун фавқулодда ҳолат. Масалан, оила тўртинчи ё бешинчи фарзандини режалаштириб дунёга келтиради. Қандайдир ҳисоб-китоб бўлади. Лекин уйга бирваракайига тўрт чақалоқ келишини УТТ текширувидагина билади. Бу инсон ихтиёридан ташқаридаги ҳолат.
Уч ёки тўрт нафар эгизаклар туғилишини ижтимоий ҳимоя тизимига алоҳида банд қилиб киритиш вақти етгандир, балки. Исмига ёки шов-шувига қараб кимгадир мошина берилиши эмас, кафолатланган доимий ёрдам бўлиши керак бу.
Масалан, ҳомиладор аёл 12 ҳафталиккача яшаш жойидаги поликлиника ҳисобига киритилиши керак. Бу вақтда ҳомилалар сони аниқ билинади. Ижтимоий ҳимоя шу ердан бошланса — керакли витамин-дорилари текин берилса, балки зарур озиқ-овқатларгагина ўтадиган талон-карта ҳам берилиши мақсадга мувофиқдир. Токи анемия оғир даражагача етиб бормасин. Болалар туғилгандан кейин эса озуқа текин берилса ёки нафақа ажратилса — номига эмас, дўкондаги нарх-навога мос равишда. Шу карталар қайсидир раҳбарнинг қариндошларига тегишли дўконларгагина ўтса ҳам майли.
Уч ёки тўрт нафар эгизаклар учун бюджетдан алоҳида пул ажратилиши давлатимизни қашшоқлаштириб қўймаса керак.
Тушунаман, ҳамма чақалоқлар учун шундай имтиёз имкони йўқдир, аммо алоҳида ҳолат бўлган — уч ёки тўрт нафар эгизакларга бу ёрдам жудаям муҳим, менимча. Буни самарқандлик тўрт эгизак туққан аёл билан учрашувда ўзини “ҳамма ўзбекистонлик аёлларнинг опаси”
дея таништирган Сенатимиз раиси Танзила опа бошлиқ қонун ижодкорларимиз ўйлаб кўришса ёмон бўлмасди.
@dilrozabrayeva