ҚАЙТИНГ
Уйга қайтинг...
Юракка қайтинг...
Агар қолган бўлса.... Севгингиз омон...
“Ниҳоят... Мен келдим!
Келдим!..” – деб айтинг...
Қолсангиз-да, зулмат ичида пинҳон...
Йўлга тушинг,
Тушинг ғурур отидан...
Бу ёғи Ёлғизлик – Руҳият йўли...
Чиқинг бу қафасдан...
Хасм ёдидан...
Чирмашиб тортса-да чирмовуқ қўли...
Дунёни қолдиринг...
Қолдиринг танни...
Илон терисини ечгандек... Ечинг!
Изланг... ичингизда кутган Ватанни...
Занжир Олтин бўлса-да... Кечинг!..
Онангизга боринг...
Тирик бўлса – У!
Кетган бўлса, агар... қабрига боринг.
Ёруғ дийдорини кўрмоқ бўлсангиз,
Кўксингизнинг ўртасин ...ёринг!
Бир пиёла чашма...
Бир оби ҳаёт...
Сизга берган кўз ёш –
томган томчи Нур!
Тирик томирингиз тупроқда токи...
Демак,
Руҳингизда Ҳақ этар зуҳур!
...қайтинг. Уйга қайтинг...
Лойсувоқ... девор...
Ўчмагансиз ҳали хотирасидан...
Бир дилни топасиз...
Румий ё Машраб...
Ва ёки Навоий чодирасидан!..
...агар унутмаган бўлсангиз йўлни,
Тиконлар қоплаган бўлса сўқмоқни...
Исодан...
Мусодан сўранг... Дуч қилсин
Расуллуллоҳ байт қилган тоғни!
...агар тош устида бўлса мусича,
Агар ғор оғзини тўсса ўргимчак...
Қайтинг!
Белингизда ҳали зуннор бор,
Ҳали ичингизда Бутлар бор... демак!
...жойнамозга йиғланг...
Кўкка очинг кафт...
Чўк тушинг...
Энг гўзал васлдир Сужуд!
“Ахир борлигингиз учун дунё бор,
Ахир ёрлигингиз учун Ишқ мавжуд!”
...ҳижоб – Сиз!
Девор – Сиз!..
Эшик – ўзингиз!..
Тақиллатинг уни!..
“Келдим!..” деб айтинг!
Сизни кутиб турган шу дийдор ҳаққи...
Парвардигор ҳаққи,
Асл Ёр ҳаққи...
Ичкарига киринг!..
Юракка қайтинг!
2020 йил 30 март
Зебо Мирзо, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
© Zebo Mirzo
@fikrnomaa