Қор аралаш увлади шамол.
Ҳилпиради ҳаво. Юлинди.
Қисмат бу дам — соғинчинг аро —
Минг айланиб — қишга урилди.
Жонни совуқ айлади қамал —
Бўри довул ўради — ёвуз.
Сенсиз қишда қолдим беамал —
Изилладим соғинчда ёлғиз.
Мен чақирдим: — Кел, етди завол!
Мен қичқирдим — кимга? — эланиб!..
Саросима увлади шамол —
Тилка-пора қорга беланиб…
Кел! Борлигинг кетмоқда йироқ,
Кўмилмоқда армонлар изи —
Печкаларнинг тафтидан мудроқ
Уйда совуқ қотган азизим.
Усмон Азим.
@hayrat_book 📚