ШОИРУ ҳам ҳамма каби оддий бир одам,
Бировдан кам эмас, бировдан ортиқ.
Дунёга келганда, Яратган Эгам
Лек шоир юрагин айлаган тортиқ.
Шунданми суратда сокиндир ҳар он,
Сийратида исён, тўфон яширин.
Турмуш зардобини сипқориб пинҳон,
Муносиб қаршилар масъуд онларин.
Уни ўйлантирар турфа мулоқот,
Гўё Гулханийнинг “Зарбулмасал”и.
Ҳар ён нафс домига ботган махлуқот,
Ғамзада кўнглида умид – тасалли.
Ҳаёт бу – оқ-қора, қайғу ва ханда,
Росту ёлғон демак, бундан ким тонар?
Кўплар ҳақиқат деб лаққа тушганда,
У-чи алданишин билиб алданар.
Осмонларга бўйлар руҳи равони,
Бедард давраларнинг гули бўлмайди.
Муҳаббат йўлига бахш этар жонин,
Аммо муҳаббатнинг қули бўлмайди.
Тумонат дўсту ёр қуршовида ҳам,
Ёлғизлик заҳмидан чок-чок сўкилар.
Макон ва замонни унутиб ҳар дам,
Ризвон олмасидай дувва тўкилар.
Орзиқиб яшар у,
Интиқиб яшар -
Одамзод қалбида ниш отсин чечак.
Шоир юрагига санчилиб ништар,
Заминни чулғасин оҳанглар чак-чак...
✍Сирожиддин РАУФ
https://t.me/ishtixon_allomalari