Ўқиш бошлаганимизга ҳам бир йил бўлибди. Тома-тома кўл бўлар экан-да.
Ишидан, ўқишидан, бола-чақасидан, минг хил ташвишларидан ортиниб, тил ўрганмоқчи бўлганларга ҳавасим келади. Уларнинг савоби фақат илм олиш билангина машғул бўлганларникидан кам бўлмаса керак, деб ўйлайман. Гоҳида дарс топшираётган ўқувчининг қўлидаги чақалоқнинг йиғиси ҳам эшитилиб қолади. Бу ҳолат менга бир қаҳрамонликдек туюлади.
Шунинг учун бўлса керак, маза қилиб, завқ-шавқ билан дарс бераман. Кечагина икки ҳарфни бир-бирига базўр боғлаётган ўқувчининг бир енгилроқ иборани бемалол ўқиб, таржима қилаётганини, қийналмасдан грамматик таҳлил қилаётганини кўрсам, яйраб кетаман.
Қуйида ўқувчиларимдан бири ёзган илиқ гапларни эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул кўрдим.
***
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу. Саломатмисиз устоз.
Мана бугун курсимиз бошланганига роппа-роса 1 йил бўлибди. Алҳамдулиллаҳ. Лойиқ бўлмасакда Аллоҳ бизни ҳам ўқувчингиз бўлиш бахтига муяссар қилди. Ўзига ҳамд!
Маҳмудийлар оиласини курс бошланишидан анча олдин ютубеда кузатар эдим. Ўша вақтларда бир ўқ билан икки қуённи ураман деб овқатланаётганда бирор манфаатли нарса кўришга одатлангандим. Кейин бирор нарса кўрмасам овқатланолмайдиган даражага келдим. Маҳмудийлар оиласида видеолар қолмагач, янгиси чиққунига қадар олдингиларини қайта кўрар эдим. Жуда кўп манфаатлар олдим ва олиб келяпман Алҳамдулиллаҳ. Ютубе орқали телеграм каналга ўтдим ва бироз вақт ўтгач, сизнинг курсингиз эълонини кўриб қолдим. Дарҳол админга мурожаат қилдим. Кун санаб 14-декабрни кутар эдим. Ишонгим келмасди, наҳотки мен ютубеда кўрадиган олим инсоннинг қўлида таҳсил олсам дея. Аллоҳга ҳамд!
Ўқишга кирган йилим охирги курсда араб тилини ўрганаман деб ният қилгандим. Лекин қатъий эмасдим. Бу курсни сиз ўтмаганингизда катта эҳтимол билан тилни ўрганишни кейинга суриб юрган бўлар эдим.
Мен Қуръонни ўқиб тўғридан тўғри маъносини тушунишни истайман дердим доим. Тилни биладиган жияним бу осон эмас, унинг учун балоғат, ва ҳоказоларни билиш керак деган эди. Ҳай бир кун ўрганарман деб қўйган эдим.
Яқинда Қуръон эшитиб уни тушунаётганимни сезиб қолдим. Ўзим билган луғатлар қатнашган оятларни. Роҳат...
Бундай буюк неъмат билан мени сийлаган ва бунда сизни сабабчи қилган Роббимга чексиз ҳамд бўлсин!
Аллоҳ сиз ва аҳлингиздан рози бўлсин, устоз!
@mahmudiylar