#назм
ПАНТОМИМА УЧУН СЮЖЕТ
Ишонмассан бу гапга, дўстим,
Гунгларда ҳам забон бўлади.
Тилим менинг – шу икки қўлим,
Улар йиғлар, улар кулади.
Ўхшамайсан ёмон одамга,
Яқинроқ кел, тишлаб олмайман.
Сиғмаяпман бугун оламга
Биласанми, севиб қолганман!
Мана, бундай унинг юзлари...
Мана, бундай унинг кўзлари...
Мана, бундай унинг лаблари...
Эргашаман сояси бўлиб,
Афсус, менга қиз қиё боқмас.
Жеркир, кетар устимдан кулиб,
Балким, унга гунглигим ёқмас.
Даврасига олгани замон
Мадҳиялар ўқиб ҳушторлар.
Бармоқларим додлайди:
–Ёлғон!
Алдар сени шакаргуфторлар.
Оламда бор шундай бир туйғу,
Тил билан ҳам бўлмайди айтиб.
Кошки шуни тушунсайди у,
Ёнгинамга келсайди қайтиб.
Қалбим билан аллалар эдим,
Эркаларди кўзларим секин.
Не ҳам дердим, нима ҳам дердим,
Зорим бор-у зўрим йўқ лекин.
Юраверсин майли у мағрур,
Мен томонга тушмай йўллари.
Балки, энди васфин бир умр
Куйлаб ўтар шўрлик қўлларим.
Балки, сийлар мени ҳам тақдир,
Бир кун номин айтарман дадил.
Жон чиқарда қайтармиш, ахир
Сўқирга кўз, соқовларга тил.
Шу тасодиф бўлмаса, у кун
Ўз “тилим”дан қилмасин жудо.
Сўнгги имо-ишора учун
Қўлларимга куч бергин, худо:
Мана, бундай унинг юзлари...
Мана, бундай унинг кўзлари...
Мана, бундай унинг лаблари...
Муҳаммад Раҳмон
http://t.me/online_journal_uz
ПАНТОМИМА УЧУН СЮЖЕТ
Ишонмассан бу гапга, дўстим,
Гунгларда ҳам забон бўлади.
Тилим менинг – шу икки қўлим,
Улар йиғлар, улар кулади.
Ўхшамайсан ёмон одамга,
Яқинроқ кел, тишлаб олмайман.
Сиғмаяпман бугун оламга
Биласанми, севиб қолганман!
Мана, бундай унинг юзлари...
Мана, бундай унинг кўзлари...
Мана, бундай унинг лаблари...
Эргашаман сояси бўлиб,
Афсус, менга қиз қиё боқмас.
Жеркир, кетар устимдан кулиб,
Балким, унга гунглигим ёқмас.
Даврасига олгани замон
Мадҳиялар ўқиб ҳушторлар.
Бармоқларим додлайди:
–Ёлғон!
Алдар сени шакаргуфторлар.
Оламда бор шундай бир туйғу,
Тил билан ҳам бўлмайди айтиб.
Кошки шуни тушунсайди у,
Ёнгинамга келсайди қайтиб.
Қалбим билан аллалар эдим,
Эркаларди кўзларим секин.
Не ҳам дердим, нима ҳам дердим,
Зорим бор-у зўрим йўқ лекин.
Юраверсин майли у мағрур,
Мен томонга тушмай йўллари.
Балки, энди васфин бир умр
Куйлаб ўтар шўрлик қўлларим.
Балки, сийлар мени ҳам тақдир,
Бир кун номин айтарман дадил.
Жон чиқарда қайтармиш, ахир
Сўқирга кўз, соқовларга тил.
Шу тасодиф бўлмаса, у кун
Ўз “тилим”дан қилмасин жудо.
Сўнгги имо-ишора учун
Қўлларимга куч бергин, худо:
Мана, бундай унинг юзлари...
Мана, бундай унинг кўзлари...
Мана, бундай унинг лаблари...
Муҳаммад Раҳмон
http://t.me/online_journal_uz