АЛМИСОҚДАН ҚОЛГАН ЯШИЛ МОСКВИЧТақир ҳовлимизга берган эди зеб.
Онам буғдой олиб чиқиб бир ҳовуч,
Устига сочганди, ирими шу деб.
Отам чамбаракка қўлларин ташлаб,
Олди ўриндиқда мағрур боқарди.
Мотор ўт олгувчи тонглардан бошлаб
Бизнинг уйимизда «коса оқарди».
Ука, қувончимиз эди бир жаҳон,
Отам ишдан кейин олиб ёнига
Бизга бошқарувни бериб, ногаҳон,
Улги берар эди, сўкиниб, тергаб.
Бола – тиниб ётган кўлдай ложувард,
Бенуқсон кўрсатар осмоннинг аксин.
Осон ўзлаштирдик, муюлишларда
Чамбарак бурашу чироқлар рақсин.
Оҳ, ўша дамларнинг ширин хотири
Юракни мотордай олдиради ўт.
Кекса ҳайдовчидай жиддий тортардик,
Темир пирларига борардик собит.
Айниқса, қуёшнинг ортидан пушти
Рангга бўялганда осмон жияги.
Ундан сўнг қишлоққа қоронғи тушиб,
Кўринмай қолганда йўлнинг суяги.
Оҳ, оҳ, олдимизда бир жуфт лайчадай
Югуриб борганда чироқлар нури.
Шамолни ҳовучлаб лаззатланарди
Ойнадан чиқариб олган ўнг қўлим.
Бу бахтни отаси велосипедда
Ёзу қиш мактабга қатнаган билар.
Бу бахтни отаси уйқу олдидан
Оёқ оғриғисиз ётмаган билар.
Бу бахтни онаси қорларни кечиб,
Ёмғирнинг остида қолганлар билар.
Бу бахтни онаси билан пиёда
Тоғаларин сўраб борганлар билар.
Ука, биз ўлгудай шумтака эдик,
Ичидан пишган ва писмиқ эдик биз.
Яшил москвични олиб қочардик,
Тупроқ кўчаларда қолдирганча из.
Қулоққа ёқарди мотор овози,
Липиллаб ўтарди қатор тераклар.
Чамбарак тутардик оғир ва босиқ,
Парашютдай шишиб кетар кўйлаклар.
Оғзимиз қулоққа етган кунларнинг
Икковлашиб кўрдик хотимасини.
Лаънати дарвоза девори қирди
Ўнг томон эшик ва ён ойнасини…
Мажақ-мажақ қилиб, қарс-қарс синдирди,
Камига муюлиш чироқчасининг
Липиллаган ҳаёт шамин сўндирди,
Эзиб қўйди эшик қулоқчасини.
Қилган ишимиздан бўлганча гаранг,
Моторни ўчириб, терга ботганча
Ҳовлига итариб келтирдик аранг,
«Ўрис ўлиги»ни икки тирранча.
Биз юрак ҳовучлаб кутдик, қайгадир
Меҳмон бўлиб кетган ота-онани.
Албатта, кечгача улар қайтади
Ва шўри қурийди икки боланинг...
Ука, сенинг борган жойинг-ку тайин...
Мен ҳамон чамбарак тутган боладек,
Ҳаёт уловини биламан ўйин,
Бир кўчаси равон, бир кўчаси берк,
Бир кўчаси эса ингичка бўйин,
Бир кўчаси ёлғон, бир кўчаси рост,
Бирида лат емай қайрилиш қийин,
Бир кўчаси келмас матлабимга мос.
Мен эса отасин автоуловин
Олиб қочган бола каби бебошман.
Мен бир тирранчаман, қилмишга шерик
Ука тирранчага жуда муҳтожман.
Бек АЛИ