АННА АХМАТОВА
*
Сен хоинсан: яшил боғларга
Ўз юртингни алмашдинг, сотдинг.
Қарағайни - кўл ёнлаб ўсган -
Куйларни ҳам кўксингдан отдинг.
Айт, ақлингни йўқотдинг наҳот,
Эй юраксиз, золим жайдари,
Баланд уйлар ҳамда малласоч -
Гўзалларга боқдинг сарсари.
Хоҳ даҳрий бўл, хоҳ бўл кибрли,
Иста - ростгўй қалбингни ўлдир.
Ул шоҳона пойтахтда қол ва
Озодлик-ла кўксингни тўлдир.
Айт, не учун келарсан яна,
Остонамда турарсан нолон?
Денгизда ҳам чўкмассан - мана,
Жанглардан ҳам чиқарсан омон.
Эътиқоддан кечганлар учун
Бу балолар хавфли эмасдир.
Ҳар ибодат чоғида сенга
Мен омонлик сўрайман ахир.
*
Бирдан чўкди хонага сукун
Ва тўкилди сўнгги қизғалдоқ.
Тунни кутдим хорғин ва беун,
Вужудимни элади титроқ.
Дарвозалар ёпилган маҳкам,
Кеча қора, шамоллар ҳам жим.
Қани шодлик, қайдадир елканг,
Қайлардасан, меҳрибон ёрим?
Кўп кунларни яшадим маҳтал,
Топилмади ҳикматли узук.
Бир бенаво асири билан
Кўксимда жон берди бир қўшиқ.
Шоҳинур Усмонова таржимаси
t.me/shohinur_usmonova