# ГЛОССАРИЙ
АМАЛИЁТЧИ ПСИХОЛОГ – психологик амалий масалаларни ечиш билан шуғулланувчи (илмий тадқиқотчи ёки психологияни дарс сифатида олиб борувчи эмас), олий психологик билимга эга мутахассис. Амалиётчи психологнинг асосий иши тест ўтказиш, психологик масалаҳат бериш, тренинг ва психокоррекцион машғулотларини ўтказиш, инсонларга ҳар хил шаклдаги касбий ёрдам бериш.
АГРЕССИВЛИК – етарли сабабсиз ёки вазиятга мос бўлмаган даражада атрофдаги кишиларга нисбатан қаҳр-ғазаб, душманлик муносабатида бўлиш, шахснинг бошқа кишига жисмоний ёки психологик зарар келтиришга турғун интилишидир.
АНГЛАШ – психик мазмунни онгсизликдан актив белги шаклига кўчиришдан иборат психик жараён бўлиб, бу мазмунни бошқа кишиларга етказиб бериш имконини беради. Англамоқ ўзига хабар бермоқ, ўз тажрибаси ҳиссиёти, эҳтиёжи, қизиқиши ва бошқалар тўғрисида ўзига тушунтириш демакдир. Англаш, демак, нимадир тўғрисида ўз-ўзига ҳисоб беришдир. Субъектив ҳолда у ёки бу вазият, кечинма ва бошқаларни аниқ-равшан ва назорат қилинадиган инъикосидир.
АКЦЕНТУАЦИЯ – бошқа хислатлар ва сифатлар орасида қандайдир бир психологик сифат ва ҳодисаларнинг аниқ ажралиб туриши.
АҚЛ ЁШИ – инсоннинг ақлий ривожланиши даражасига мос келадиган жисмоний ёш.
АДАШИШ – вазиятнинг тўғрилигига мос келмайдиган нотўғри фикр, хато, низоли нуқтаи назар.
АПАТИЯ – эмоционал қизиқишларсиз психологик ҳолат, бепарволик, инсоннинг ўзига ва атрофдагиларга қизиқишининг бўлмаслиги.
АСТЕНИК ЭМОЦИЯЛАР – организмнинг тонусини ёки ҳолатини, унинг жадал ва ишга яроқлилигини пасайтирадиган сезги ҳолатлари, масалан, қайғу ташвишлар, пушаймонлик, умидсизлик, хафагарчиликлар ва ҳ.к.
АУТОГЕН МАШҚ (аутотренинг) – умумий хулқ-атвор ва ўз организмининг аҳволини ўзини мустақил бошқариш қобилиятини ўргатиш учун қаратилган жисмоний ва руҳий машқларнинг мажмуи.
АУТОДЕСТРУКТИВ АХЛОҚ – ўз организми ва шахсини барбод қилиш, ўзига зарар етказиш билан боғлиқ ахлоқ.
АФФЕКТ – (латинча affectus – руҳий ҳаяжонланиш, қизиқиш) қисқа муддатда ва шиддат билан содир бўладиган ҳиссий, ҳаяжонли жараён: хулқ-атвор, хатти-ҳаракат устидан назоратнинг сусайиши туфайли рўй берадиган кучли ҳис-туйғу (ғазабланиш, қўрқиш, нафратланиш, шодланиш). Мутахассислар нормал ва патологик аффектлар борлигини, шунингдек, аффектив реакцияларга озроқ ёки кўпроқ мойил бўладиган шахслар ҳам бўлишини таъкидлашади. Ўзида аффектив реакцияга нисбатан ҳисларга эрк бермаслик инсондаги нормал психик ҳолат ҳисобланади. Аффектлар таъсирига берилувчи кишилар одатда оломон орасида саросималик уйғотишга мойил бўладилар.
АХЛОҚ – шахснинг ички фаоллик ва кўпинча ташқи ҳаракат ва қилиқлар шаклига эга бўлган индивидуал хусусиятлари воситасида муҳит билан ўзаро ҳаракати жараёни. Инсоний ахлоқ тузилмасига қуйидагилар киради: мотивация ва мақсад қўйиш, ҳиссий жараёнлар, ўз-ўзини бошқариш, ахборотга когнитив ишлов бериш, нутқ, вегетосоматик кўриниш, ҳаракат ва фаолият. Ахлоқнинг асосий шакллари: вербал ва новербал, англанган ва англанмаган, ихтиёрий ва беихтиёр.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази расмий каналига уланиш 👇👇👇
t.me/tashxismarkazi