Осмонга етса ҳам ақлу расоинг,
Пойидан ўзга жой эмасдир жойинг
Қулоққа айлансин ҳар бир аъзоинг,
Онанг сўзламоққа чоғланган маҳал!
Бу суҳбат чоғинда ғуборларни еч,
Ҳар қандоқ чиройли балоғатдан кеч!
Осмон ҳам жим турар, сезганмисан ҳеч,
Онанг сўзламоққа чоғланган маҳал?!
Зинҳор туриб олма ўтирган бўлсанг,
Чўкка туш мабодо тик турган бўлсанг,
Ҳатто ичингда ҳам жоизмас кулсанг,
Онанг сўзламоққа чоғланган маҳал!
Ризолиқ истасанг кўнглига бойлан,
Ҳар бир хизматига юракдан шайлан!
Жим бўлгин, муваққат соқовга айлан,
Онанг сўзламоққа чоғланган маҳал!
Хайрулло, берилма фоний ўйинга,
Меҳр қўй волиданг ётган уйингга,
Калом ўқимоқни қолдир кейинга,
Онанг сўзламоққа чоғланган маҳал!
@xayrulla_hamidov