Польша: мусулмонлар раҳбари муҳожирларга ёрдам бермоқда
Польшанинг шарқий қисмидаги Бохоники қишлоғидаги маҳаллий мусулмонлар жамияти раиси Шеснович ҳолдан тойган, оч қолган, ердан қўзиқорин териб, олма беришса, уруғи билан еб кетаётган муҳожирларни кўриб: «Мени хафа қиладиган жиҳати уларнинг азоб чекаётган овозини эшитиш, энг ёмони эса, болаларнинг йиғиси ва қичқириғидир»,- дейди.
Шу ҳафта Полша чегарасида кўп сонли муҳожирлар пайдо бўлиб, Европа Иттифоқи ва Беларус ўртасидаги сиёсий қарама-қаршиликни кучайтирди. Чегарада қуролли кучларнинг кўпайиши билан Шеснович, шунингдек, мамлакатни ҳимоя қилаётган аскарлар ва бошқа хизматчиларга ҳам турли озиқ-овқат билан кўмак бермоқда.
Минглаб муҳожирлар Ғарбий Европага йўл олиш умидида бир неча ойлардан бери Беларусдан Полшанинг шарқий чегарасидан ўтишга уринмоқда.
Польша ва Европа Иттифоқи сиёсатчилари назарида кўпчилиги Яқин Шарқлик мусулмонлар бўлган муҳожирларнинг келиши тўхтатиш лозим бўлган муаммо сифатида қаралмоқда.
Аммо одамларнинг ёрдам қўлига муҳтожлигини кўрган ва уларга ёрдам бериш йўлларини излаётган жуда кўп поляклар бор. Тиббиёт ходимлари тиббий ёрдам кўрсатиш учун ўрмонга боришмоқда. Муҳожирларнинг аксарияти касал ёки жароҳатланган. Айни пайтда, бутун мамлакат бўйлаб одамлар ўрмонлардаги муҳожирларга озиқ-овқат ва бошқа ёрдам олиб келадиган ташкилотларга пул хайрия қилишмоқда.
Полякларнинг аксарияти католик бўлсада, Шеснович Бохоникидаги мусулмон жамиятини бошқаради, у ерда ҳали ҳам 600 йил аввал бу ҳудудга келиб қолган мусулмон татарлар авлодлари яшайди.
«Биз Польша ҳудудига кирган барчага ёрдам беришимиз керак, чунки улар ҳам инсондир», дейди у.
Минтақадаги вазият ҳалокатли бўлиши мумкин: ҳозирги вақтда тўққизта ўлим қайд этилган, шу жумладан, шанба куни ёш сурияликнинг ўлими хабар қилинган. Қиш яқинлашган сайин хавф кучаяди.
Шеснович қишда ўлим кўпроқ бўлишидан қўрқмоқда.
@azonuz