Бизда қамоққа олиш тахминларга асосланилгани учун ҳам осонЧамамизда терговчи, прокурор ва судьяларимиз ЖПК нинг 242-моддасидаги “Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш Жиноят кодексида уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир ҳамда эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қўлланилади.”, - деган жойини гўё-ки императив норма, яъни, мажбурий талаб сифатида талқин қиладилар шекилли.
Чунки, эҳтиёт чорасини танлаш амалиёти шундай “қолип” шаклида кетмоқда-ки, айнан қамоқни танлаш учун, айблов илгари сурилаётган модданинг санкциясинигина етарли бўлиб қолмоқда.
Яъни, агар илгари сурилаётган айблов моддаси унча оғир бўлмаган, ёки оғир, ёҳуд ўта оғир турдаги жиноят ҳақида бўлса, тамом. Шахс гўё-ки, албатта қамалиши шарт.
Кечирасиз-ку, лекин худди шу Кодекснинг 236-моддасида “Айбланувчи, судланувчи содир этган, Жиноят кодекси 15-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган жиноятнинг хавфлилиги туфайли у суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан яшириниши мумкин деган ўринли тахмин ҳам қамоқда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асос бўлиши мумкин.”, - дейилган.
Эътибор беринг! Қонун мажбурият юкламаяпти, “мумкин” демоқда. Энди, эътиборингизни модда матнидаги “ўринли тахмин” деган жойига қаратмоқчимиз.
Ўринли тахминимизча, айримлар Қонуннинг айнан шу жойини деярли тушунмасалар ҳам керак. Ёки ҳатто билмайдилар ҳам, бу нимани англатишини. Ё балки ўринли тахмин қилиш билан ўринсиз, асоссиз тахминларни фарқлай олмайдилар. Шунчаки, "Мен яшириниши мумкин, деб ўйлаяпман", дейишнинг ўзи тахминингизни ўринли деб ҳисоблаш учун етарли эмас.
Бизнингча эса, эҳтиёт чораси масаласини кўриб чиқишда ҳуқуқни қўлловчи, шахснинг айнан тергов ёки суддан яшириниши борасидаги тахмини ўринли эканини ўз қарорида келтириб, асослаб бериши шарт бўлади. Мана бу энди, бу норманинг императив характердаги қисми ва бу айнан ҳуқуқни қўлловчига, айбланувчи ёки судланувчига эмас, айнан эҳтиёт чорани қўловчига муайян бир мажбуриятни юкламоқда. У бундай тахмини ўринли эканини асослаб беришга мажбур. Агар асослай олмаса, демак тахмини ноўрин ва бу шунчаки унинг шахсий фикригина холос. Шахсий фикрлар, ўй-хаёлларгагина таяниб, шахсни конституцион эркинлигидан маълум муддатга махрум қилиш ёки чеклашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ҳурматли ҳуқуқни қўлловчи! Билиб қўйинг!
Қонун сизга, жиноятнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиш билан бир қаторда, айнан қамоқдан бошқа эҳтиёт чорасини қўллаш мақсадга номувофиқ эканига аввало судьяни, қолаверса, бошқа иштирокчиларни, шу жумладан, ҳимоя томонни ҳам ишонттириш мажбуриятини юклаган.
Ҳаққингиз йўқ, шахсий тахминларингизгагина таяниб, иш кўришга ва марҳамат қилиб, тахминингиз ўринли эканига ўз важларингизни келтириб қўйинг!
Афсус-ки, санкция беришда судьялар ҳам ўша гўёки “ўринли” тахминларга кўр-кўрона ишониб қўяқолишмоқда.
https://t.me/huquqiydust