Тилларига занжир осган итбалиқлар
“...юлдузлар йироқлигидан, ой ойдинлигидан, офтоб оташлигидан, ер юмшоқлигидан, тош қаттиқлигидан, сув суюқлигидан, тун қоронғилигидан, йўл узунлигидан норози қичқирмоқда. Одамлар жим, одамлар жим, одамлар жим!”
Темурпўлат Тиллаевнинг “Ўлим ўпқони”
асарини кеча ўқиб тугатдим - ҳақиқий триллер! Мистика, фантастика аралаш ўта реалистик тасвир. Даҳшатли воқеалар шу қадар тиниқ. серранг ва реал тасвирланганки... Айниқса етти кун ёққан ёмғир фонида содир бўлаётган фалокатларни дераза ортида ростанам ёмғир ёғиб турганда ўқиш... даҳшат босди мени. Мана сўзнинг қудрати! Бир ухлаб туриб, бозорга бориб, концертга тушиб келдим ҳамки таассуротлар хиралашмаяпти, эҳтирослар босилмаяпти. Балки ёзсам тинчланарман.
Тасаввур қилинг, нотаниш асарни ўқий бошладингиз. Ровий сюжетни баён қиляпти: дўсти унга ўзининг дўстининг сирли ўлими ҳақида ҳикоя қиляпти ва шу аснода у марҳумнинг кундалигини ўқиб беряпти. Асосий воқеалар ўзи шу кундаликда ёзилган, аммо унгача ўқувчи нечта ҳикоя ичидаги ҳикоялардан ўтиб бориши, қанча даҳшатларни бошдан кечириши керак. Дафтарни ҳар бир ҳикоячи ўқийди ва эси оғиб қолаверади. Охирида ўша дафтарга етиб борган ўқувчини ҳам даҳшат босади - мен ҳам эсдан оғаманми энди деб. Композиция шунақа - квест, лабиринт!
Сюжетга жойланган фикр эса ундан ҳам даҳшат - қаҳрамон ҳақиқат қидиради, топади, топган ҳақиқатини ичда сақласа, эсдан оғиб ўлади, бировга айтса, ўлдиришади. Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам... Тилларига занжир осган итбалиқлар дейди қаҳрамон жим юрганларни.
Ёшлигимда қўрқинчли фильм кўрсам, қўрқсам ҳам охиригача борардим - бу менга қўрқувларимни енгиш учун тренировка бўларди. Фильм охиригача жорий қўрқувни енгиб боришни эплаш осон, аммо фильмни кўриб бўлгач давом этадиган қўрқувнинг узун думини кесиб ташлаш қийин бўларди: неча кунгача кечаси ҳовлига елғиз чиқишга қўрқиб юрардим. Ўша ҳолатдаман, хуллас.
Адреналин иштиёқмандлари учун зўр асар, эсдан оғдирай дейди. Ҳажми ҳам катта эмас: 60-70 бетлар. Икки соатда ўқиб чиқдим. Лекин бир умр унутмасам керак шу икки соатни.
@shahnozxon