Ер участкалари реализациясида электрон аукционлардан мақбули йўқ
Охирги беш йил амалиёти кўрсатдики, давлат активлари, айниқса, харидоргир объектларни коррупциясиз, таниш-билишларсиз сотиш хусусийлаштириш жараёнларига ишончни мустаҳкамлашнинг асосий мезони саналади. Айниқса, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишда электрон аукционлар ўзининг нафақат шаффофлиги, балки иқтисодий фойдалилиги билан ҳам муқобили йўқ инструментлардан бирига айланди. Ер участкалари реализациясида охир-оқибат ҳокимлар иштироки амалиётига барҳам берилганининг сабаби ҳам шундан.
Электрон аукционларда активларни реализация қилиш одамларда, айниқса, иштирокчи-тадбиркорларда олди-бердига нисбатан шубҳага ўрин қолдирмаяпти, энг муҳими, бюджет ҳам бундан ютаяпти. Чунки ким кўп пул таклиф қилса, ўша ғалаба қозонаяпти. Кунда-кунора бошланғич нархидан бир неча баравар қиммат сотилаётган объектлар ҳақидаги хабарлар чиқаётгани бежизга эмас.
Тадбиркорлик учун ер участкалари, стратегик турдаги ва норуда фойдали қазилмаларни қазиш учун ер қаъри участкалари учун онлайн аукционлар қизғин курашлар остида кечаётгани ҳам фикримиз тасдиғидир.
Масалан, Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги бошланғич нархи 223 млн сўмлик Бўзгул кони учун ўтказилган савдоларда 10 нафар иштирокчи ўртасида кечган қизғин баҳс натижасида ушбу ер қаъри участкаси 5,7 млрд сўмга
сотилди.
Ёки Самарқанд вилояти, Ургут туманидаги бошланғич нархи 7,6 млн сўмлик 18 сотих тадбиркорлик учун ер участкасини олайлик. Ушбу актив савдосида 6 нафар иштирокчи қатнашиб, аукцион натижасида ушбу лот 188 млн сўмга
сотилди. Тенг имконият натижасида ер 24 баравар қимматроққа кетган.
Шунингдек, бошланғич нархи 8 млн сўмлик норуда қазилмаларни қазиш ҳуқуқлари ҳам бир неча баравар қимматроққа сотилган. Мисол учун, Жиззах вилоятида Қўйтош конининг 4-участкаси учун 121 млн сўм, Фарғона вилоятидаги Қурувчи-1 кони учун 104 млн сўм, Қорақалпоғистон Республикасидаги Жанубий Кекликтау кони учун 91 млн сўм нарх тасдиқланган.
Эътиборли тарафи, ташкилотчиларнинг айтишича, мазкур аукционлар ғолиблари объект учун тўловларни тўлиқ ва ўз муддатида амалга оширди. Иштирокчиларга кенг имконият ва рақобат муҳити яратилгани боис ер учун бир неча ўн баравар қиммат нарх тасдиқланмоқда. Ер участкаларини хусусийлаштириш жараёни кенгайиб борар экан, электрон аукционларнинг аҳамияти янада ортади. Зеро, муносабатларни бозорнинг ўзи тартибга солгани маъқул.