ОДАМ БЎЛ, ДЕБ КУЙИНМАНГ...
Англолмайман ўзимни гоҳо,
Бўғзим ичра ёнар нимадир.
Чегарасиз юрак кўкида
Қалдирғочлар учар қайгадир...
Тупроқларга бераман бағир,
Капалаклар кетмас қошимдан.
Одамзотга ётдайман,
Балки
Бойчечакка қариндошдирман?
Балки тоғлар менинг оғамдир,
Синглиммикан атиргул – гулгун.
Суярманми мунглиғ чинорни
Отамдай бўп қолгани учун?..
Ҳар гиёҳда, ҳар баргда – ўзим,
Замин узра кетдим сочилиб.
Одам бўл, деб куйинманг, Она,
Қайга ҳам борардим шошилиб!
Табиатнинг ҳар қисми – тилсим,
Худо кўринар ҳар қадамда...
Одам бўлиб нима топдим мен –
Худо борми ҳар бир одамда?!
Англолмадим неча йил, мана –
Кўксимдаги муштдай оламни.
...Она,
Худо кечирармикин
Гул бўлгиси келган одамни?..
КУЗ ПОРТРЕТЛАРИ
1
Кўзларимда хира тортади осмон,
Анҳоридан кўнгли совийди сувнинг.
Нигоҳи бағримни юборар тилиб
Боққа кириб олган сариқсоч мунгнинг.
Совуқ хайрлашар ёз билан шамол,
Саратонни осон унутар қуёш.
Атиргул титраниб таслим этар жон
Қаттиқ жўякларга қўйганича бош...
Хафаҳол борлиққа тикилиб маъюс
Худонинг ҳукмига этади сабр –
Ёзни севиб қолган қўрс дунё билан
Келишиб яшашга маҳкум сентябр.
2
Қўлидаги сўнгги япроқни
Ерга отиб юборар терак.
Тирнаб ўтар кўксимни шамол,
Ич-этимни ғижимлар юрак.
Оғироёқ қирларга боқиб
Сарғаяди безовта осмон.
...Юзига лой сачраган гулнинг
Энди тозармоғи даргумон.
Сийрак сочли бошини эгиб
Мажнунтол тин олади оғир.
Нафасини ютган дарёга
Чўмилгани келмоқда ёмғир...
3
Изғиринга қилмайди тоқат –
Жонин олиб қочади қушлар.
Хушрўй кузги гуллар
Чорасиз
Қарғаларнинг кўнглини хушлар.
Сертаъна,
Серзарда дунёдан
Совиб борар қуёшнинг кўнгли.
Ўчоқларда олар аланга
Дарахтларнинг кесилган қўли...
Совуқ тунда
Йўлин йўқотиб,
Кўлмакларни кечиб юрар ой.
Манзилини тополмайди бахт –
Бунда ҳамма остоналар лой...
4
Ўчиб қолди осмоннинг шами,
Япроқ сўнгги шеърин тамомлар.
Қизларини солди бозорга
Бели букик, қари ишкомлар.
Не қиларин билмайди шамол
Кўриб кўкси очиқ гулларни...
Кунботарга кетмоқда қушлар,
Раббим,
Ўзинг асра уларни!
Хазонлардан тутар дарддаста
Кетаётиб
Заъфарон бахтлар.
Хайрлашар кўзи жовдираб
Мен белини қучган дарахтлар...
Худо,
Оғир бўларми шунча
Кечирмоқлик видо фаслини?
Унутолмай яшайман энди
Борлиқнинг шу қиёфасини...
Дилфуза КОМИЛ
Англолмайман ўзимни гоҳо,
Бўғзим ичра ёнар нимадир.
Чегарасиз юрак кўкида
Қалдирғочлар учар қайгадир...
Тупроқларга бераман бағир,
Капалаклар кетмас қошимдан.
Одамзотга ётдайман,
Балки
Бойчечакка қариндошдирман?
Балки тоғлар менинг оғамдир,
Синглиммикан атиргул – гулгун.
Суярманми мунглиғ чинорни
Отамдай бўп қолгани учун?..
Ҳар гиёҳда, ҳар баргда – ўзим,
Замин узра кетдим сочилиб.
Одам бўл, деб куйинманг, Она,
Қайга ҳам борардим шошилиб!
Табиатнинг ҳар қисми – тилсим,
Худо кўринар ҳар қадамда...
Одам бўлиб нима топдим мен –
Худо борми ҳар бир одамда?!
Англолмадим неча йил, мана –
Кўксимдаги муштдай оламни.
...Она,
Худо кечирармикин
Гул бўлгиси келган одамни?..
КУЗ ПОРТРЕТЛАРИ
1
Кўзларимда хира тортади осмон,
Анҳоридан кўнгли совийди сувнинг.
Нигоҳи бағримни юборар тилиб
Боққа кириб олган сариқсоч мунгнинг.
Совуқ хайрлашар ёз билан шамол,
Саратонни осон унутар қуёш.
Атиргул титраниб таслим этар жон
Қаттиқ жўякларга қўйганича бош...
Хафаҳол борлиққа тикилиб маъюс
Худонинг ҳукмига этади сабр –
Ёзни севиб қолган қўрс дунё билан
Келишиб яшашга маҳкум сентябр.
2
Қўлидаги сўнгги япроқни
Ерга отиб юборар терак.
Тирнаб ўтар кўксимни шамол,
Ич-этимни ғижимлар юрак.
Оғироёқ қирларга боқиб
Сарғаяди безовта осмон.
...Юзига лой сачраган гулнинг
Энди тозармоғи даргумон.
Сийрак сочли бошини эгиб
Мажнунтол тин олади оғир.
Нафасини ютган дарёга
Чўмилгани келмоқда ёмғир...
3
Изғиринга қилмайди тоқат –
Жонин олиб қочади қушлар.
Хушрўй кузги гуллар
Чорасиз
Қарғаларнинг кўнглини хушлар.
Сертаъна,
Серзарда дунёдан
Совиб борар қуёшнинг кўнгли.
Ўчоқларда олар аланга
Дарахтларнинг кесилган қўли...
Совуқ тунда
Йўлин йўқотиб,
Кўлмакларни кечиб юрар ой.
Манзилини тополмайди бахт –
Бунда ҳамма остоналар лой...
4
Ўчиб қолди осмоннинг шами,
Япроқ сўнгги шеърин тамомлар.
Қизларини солди бозорга
Бели букик, қари ишкомлар.
Не қиларин билмайди шамол
Кўриб кўкси очиқ гулларни...
Кунботарга кетмоқда қушлар,
Раббим,
Ўзинг асра уларни!
Хазонлардан тутар дарддаста
Кетаётиб
Заъфарон бахтлар.
Хайрлашар кўзи жовдираб
Мен белини қучган дарахтлар...
Худо,
Оғир бўларми шунча
Кечирмоқлик видо фаслини?
Унутолмай яшайман энди
Борлиқнинг шу қиёфасини...
Дилфуза КОМИЛ